Жамият | 18:47 / 12.08.2020
35913
7 дақиқада ўқилади

Мувозанат. Карантин чекловлари бекор қилиниши масъулиятни ўз зиммамизга ўтказади

Ўзбекистонда карантин чоралари 15 август кунидан босқичма-босқич юмшатиб бориладиган бўлди. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча бор таъкидлади, умуман, жойларда аввалроқ карантин тақиқлари юмшай бошлаганди.

Аммо бу юмшатиш айтайлик, май ойидаги ҳолат билан фарқ қилади. Четдан қараганда, ўша шароитга кириб бораётган бўлсак-да, камида аҳолининг пандемияга бўлган муносабати ўзгарган бўлиши керак. Умуман, сўнгги тўрт ойда халқимиз коронавирусга нисбатан тўрт хил позицияга эга бўлди.

  1. Апрель: Ваҳима.
  2. Май — июнь: Нописандлик.
  3. Июль: Қўрқув.
  4. Август: Кўникма.

Мана шу босқичларнинг ҳар бирини табиий равишда босиб ўтган давлат ҳам, халқ ҳам, бугунги шароит ва жараёнларга энг рационал қарашни намойиш қилиши керак бўлади.

Айтайлик, эндиги юмшатиш билан май ойидагини солиштириб бўлмайди — ҳозир худдики карантин тақиқлари олиб ташланаётган бўлса ҳам, касалланишлар тингани йўқ, ўша тезликда, ўша нисбатда давом этяпти. Хўш, у ҳолда юмшатиш нима учун керак бўлиб қолди?

Бир томондан қараганда, карантин қоидаларининг юмшатилиши одамларни сақлаб қолиш билан иқтисодиётни сақлаб қолиш ўртасидаги икки ечимдан бирини танлашга ўхшаса-да, аслида ундай эмас. Касаллик кўп бўлиб турса ҳам, карантиндан қисман воз кечиш инсонларнинг ҳаётини иқтисодиёт учун қурбон қилиш, деган маънони бермаслиги керак.

Чунки карантин иқтисодиётни ўлдиради, деган хулоса қисқа вақтдаги ечимлар учун тўғри, холос.

Масалан, юз йил олдин Испанияда тарқалган ўлат даврида баъзи давлатлар қатъий карантинга кириб, баъзилари иқтисодиётни сақлаб қолиш умидида бунга эътибор қаратмаган. Ўша палла ўтиб, бир неча йиллик истиқболда қаралганда эса, аксинча, карантинга амал қилган давлатларда иқтисодий ўсиш кўпроқ кузатилган. Сабаби — карантин ёрдамида соғлиқни сақлаш тизимини барқарорлаштириб олган мамлакатлар аста-секинлик билан эски ҳаёт тарзига қайтиш оқибатида, иқтисодиётда кескин ўсиш кузатила бошланган.

Аксинча, вирусга эътибор қаратмай, ҳаёт тарзини ўзгартирмаган давлатларда касаллик бадтар авж олиб, соғлиқни сақлаш тизими издан чиққан, касаллар ва ўлимлар кескин ошиб кетганидан иқтисодиётни тиклаш имкони бўлмай қолган.

Ҳа, карантинда ўтирган одам камроқ пул сарфлайди, чойхонага бормайди, бозор қилишни кейинга суради, тўй қилмайди ва шу орқали иқтисодиётдаги товар айланмасига ҳисса қўшмайди. Аммо агар иқтисодиётни устун кўриб, барчасига рухсат бериб юборилиб, касаллик, ваҳима, ўлим кучайиб кетса, одамлар табиий равишда уйга қамалиб оладилар, қўрқа бошлайдилар. Чойхона, бозор, тўй уларни қизиқтирмай қўяди. Бунда соғлиқни сақлаш тизими ҳам, бу билан бирга иқтисодиёт ҳам издан чиқиб кетади.

Бугунги ҳолат, яъни аввал карантин, кейин юмшатиб борилиши, вирусга қарамай баъзи соҳаларга рухсат берилиши аслида, иложсизликдан йўл ахтариш, режасизлик, аввалги тақиқларнинг нотўғри бўлиб чиққани оқибатида эмас, юқорида тилга олинган мувозанатни сақлаш, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги ўрталиқни белгилаб олиш орқали юзага келяпти, деб ишонгимиз келади. Бунинг учун эса, баъзи қарорларда, баъзи қоидаларда узвийлик, устуворлик ишлаши талаб этилади.

Бу нима дегани?

Устуворлик, яъни юмшатилган ва сақлаб қолинган карантин қоидалардаги тартибга эътибор қаратиш, масалан, қоидаларнинг юмшатилиши иқтисодий асосларга эга бўлса, аввало, ишлаб чиқариш, савдо соҳаларига эътибор берилади, ўзаро ахборот алмашиш, ҳисоботлар эса, масофадан амалга оширилади, кўнгилочар тадбирлар чекланади. Бир ишлаб чиқариш корхонаси ёки овқатланиш масканини карантин баҳона чеклаб туриб, ўттиз кишилик тўйларни тақиқлаб, буёқда юз кишилик мажлисбозликка урғу берилса, тақиқлардан ҳеч қандай маъно қолмайди.

Узвийлик эса, чекловлар ва уларга амал қилишда мантиқий асосларнинг ҳам бўлишидир. Бир фуқаронинг кўчада ниқобсиз юрганини телевизорда сазойи қилиб, орқасидан, масалан, ҳокимликлар томонидан юзлаб инсонларни йиғиб, юриш тадбирлари, байрамлар ташкил қилинса, моҳият йўқолади.

Ўз навбатида аҳоли ҳам вазиятни чуқур англаши талаб этилади. Давлат карантин шартларини енгиллата бошлаганини тўғри англашимиз керак. Бу қарорлар давлат соғлиқни сақлаш тизими юмшатишдан кейин бўлиши мумкин бўлган босимни енга олишига ишонаётганидан дарак, холос. Ҳеч ким ҳаётингизга кафолат бермаяпти, ҳеч ким сизни вирус юқтирмаслигингиздан, касалликнинг оғир кечишидан асрай олишига ваъда бермаяпти, буни англаб олинг.

Бу вирус осмонга чиқиб, юртимизни тарк этаётганини ёки одамларнинг иммунитети ошиб, касал бўлмаслигини англатмайди. Шунчаки, давлат баъзи жабҳаларда вирус билан курашишни ўз масъулиятимизга юкламоқда — энди давлат ишлашни тақиқламаяпти, бироқ энди ишга борганда эҳтиёт бўлишимиз, ҳимояланишимиз ўз қўлимизда, давлат машинада юришга рухсат беряпти, аммо энди баъзи нарсаларни ўзимиз учун тақиқлаш ўз зиммамизда турибди.

Шахсан сиз учун ўша машина билан кўчага чиқиш тақиқланган биринчи кунда хавф қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, карантин қоидалари оғирлашишни бошлаган илк кунларда касаллар сони бармоқ билан санарли бўлган, ҳозир ўттиз мингдан ошди.

Шу пайтгача давлат биздан талаб қилган — фалон пайтда кўчага чиқмаслик, ёши катталарни асраш, гигиенага эътиборни энди биз ўзимиз тушунган ҳолатда амалга оширишимиз керак бўлади. Кўнгилочар масканлар, чойхоналар, туризм соҳалари ишлаб турган тақдирда ҳам, вазиятга эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз, зарур бўлмаган пайтларда ўзимизни чеклашимиз, айниқса, ёши катталар истиқомат қиладиган оила вакиллари янада ҳушёрроқ бўлиши талаб этилади.

Ҳар бир оила пандемия билан курашда ўз стратегиясини ишлаб чиқиши ва тартиб билан бунга амал қилиши лозим бўлади. Масалан, оиладан бир киши ишга бориб келади, бозор қилади — бошқалар имкон қадар уйдан чиқмаслиги ўша оилада касаллик рискини камайтиради. «Ишга бориб келяпманку барибир», деб чойхонага ҳам кетиб қолиш ҳам нотўғри — вирус эҳтимоллар назарияси бўйича ишлайди — ишхонада ўн киши билан кўришсангиз, чойхонада яна ўн киши билан мулоқот қиласиз, демак шунинг ўзи вирусни ўзингизга, сиз орқали оилангизга юқишини икки баробарга оширади.

Тақиқлар масъулиятни камайтиради. Тақиқнинг олиниши — энди танлов имкониятимизнинг ўзимизга ҳавола этилишидир. Яъни масъулият ўз зиммамизга ўтди, шу холос. Фақат ўзингизнинг эмас, оилангиз, ота-она ва болаларингиз учун масъулият.

Қаҳрамон Асланов,

журналист.

Мавзуга оид