“Рулда судя бўлганини кўрганлар бор” – Деновда ЙТҲда ҳалок бўлган адвокатнинг яқинлари
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси Камолиддин Муродовнинг ваколатлари у адвокат таниши билан ЙТҲга учраши ортидан ўтказилган хизмат текшируви натижалари бўйича муддатидан олдин тугатилди. Унинг Судялар олий кенгашига ёзган шикоят аризаси эса рад этилди. Ҳалок бўлган адвокатнинг яқинларига кўра, ЙТҲ содир бўлган пайтида машина бошқарувида судя бўлганлигини кўрган гувоҳлар бор.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида суд раиси ва адвокат ЙТҲга учради. Бунинг оқибатида адвокат оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.
Марҳумнинг яқинлари таҳририятга мурожаат қилиб, ЙТҲга учраган Lacetti машинаси рулида суд раиси бўлганлигини, буни ҳодисага гувоҳ бўлган шахслар кўрганлигини билдиришди.
“Камолиддин Муродов ва укам бир-бирлари билан яхши таниш эди. Воқеа содир бўлган куни суд раиси ўз хизмат машинасида укамнинг уйига келган. Кейин улар укамга тегишли Lacetti машинасида қаергадир чиқиб кетишган.
Ортга қайтишда машина йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга урилган. Бунинг оқибатида укам ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, ЙТҲ пайтида машина рулида судя бўлган, адвокат укам эса олд йўловчи ўриндиғи томондан ташқарига отилиб чиқиб кетган. Албатта, рулда ким бўлганлиги тергов жараёнида аниқланади. Биз ҳақиқат қарор топиши тарафдоримиз. Сабаби, укамнинг тўрт фарзанди етим қолди”, дейди марҳум адвокатнинг опаси.
Адвокат яқинларининг қўшимча қилишича, суд раиси Камолиддин Муродов бўлиб ўтган воқеалардан сўнг марҳумнинг яқинларидан хабар олмаган, таъзия билдириб, узр сўрамаган.
Камолиддин Муродов ЙТҲдан сўнг 2024 йил 11 март кунидан 22 март кунига қадар “Евро-Мед” соғломлаштириш маскани травматология бўлимида даволаниб чиққан.
Аввалроқ эълон қилинган хабарда Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Kun.uz сўровига жавобан мазкур воқелик шу йилнинг 9 март (дам олиш куни) куни содир бўлганлигини, у бўйича Кенгаш томонидан хизмат текшируви ўтказилганлигини, ЙТҲ кимнинг айби билан содир этилгани, машина бошқарувида ким бўлганига тергов йўли билан аниқлик киритилишини билдирганди.
Ўтказилган хизмат текшируви натижалари Сурхондарё вилоят судлари судялари малака ҳайъатида муҳокама қилиниб, жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раисининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Мазкур қарорга нисбатан суд раисининг Судялар олий кенгашига киритган шикояти эса рад қилинган.
Мавзуга оид
14:40 / 22.08.2024
Мактабга эмас, қамоққа: Деновда 9-синф ўқувчиси қамоққа олинди
12:04 / 26.07.2024
Адолатсиз қарор чиқарган судя 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:30 / 25.07.2024
Сурхондарё вилоят суди судяси пора билан қўлга тушгани айтилмоқда
13:41 / 22.06.2024