Ўзбекистон | 14:53 / 26.03.2024
15479
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда тиланчилар томонидан фойдаланиб келинган болалар тегишли марказга жойлаштирилди

Учтепа туманида ўтказилган рейдда таълим доирасидан чиқиб кетиб тиланчиликка жалб этилган ўқувчилар ва онаси томонидан бошқа аёлларга тиланчилик қуроли сифатида фойдаланиш учун ижарага берилган гўдаклар аниқланиб, тегишли муассасага жойлаштирилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тиланчиликни ўзига касб қилиб олган аёллар пул ишлаш мақсадида бошқаларнинг фарзандларини ижарага олгани маълум бўлди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очиловнинг сўзларига кўра, тумандаги масжидлар атрофи ва чорраҳаларда ўтказилган тезкор тадбирда тиланчилик билан шуғулланиб юрган 26 нафар аёл аниқланган. Уларнинг 13 нафар фарзанди таълим доирасидан чиқиб кетиб шу иш билан шуғулланиб юргани сабабли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, 3 ёшга тўлмаган, 1,5 ёшлар атрофидаги 3 нафар бола ўзининг онаси бўлмаган бошқа аёллар томонидан тиланчилик қуроли сифатида фойдаланилаётгани маълум бўлган. Болаларни ўрнатилган тартибда гўдаклар уйига жойлаштириш чоралари кўрилди, деди Очилов.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддасига кўра, тиланчилик билан шуғулланиш 1–3 БҲМ (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) маъмурий жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Тиланчилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс бу қилмишни такроран содир этса, Жиноят кодексига асосан 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, маъмурий ва жиноий жавобгарлик кодексларида болаларни, қарияларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқаларни тиланчилик қилишга жалб этганлик учун 5–10 БҲМ маъмурий жарима ёки 3 йил озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазолар кўзда тутилган.

Мавзуга оид