Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Исроилни Ливандаги қароргоҳига яна бир ҳужумда айблади
Исроил танклари Ливан жанубидаги тинчликпарвар кучлар базаси дарвозасини бузиб кирган.
Фото: Getty Images
Исроил танклари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги муваққат кучлари (UNIFIL)нинг мамлакат жанубидаги базаси дарвозасини бузиб ташлаб, унинг ичкарисига кирди, дея хабар берди БМТ.
UNIFIL баёнотида айтилишича, ҳодиса 13 октябр куни эрта тонгда тинчликпарвар кучларнинг Рамиядаги позициясида содир бўлган. Маҳаллий вақт билан тахминан соат 04:30 атрофида, тинчликпарвар контингент ҳарбийлари бошпаналарида эканида, Исроилнинг «Меркава» русумли иккита танки «позициядаги асосий дарвозани бузиб ташлаб, зўравонлик билан объект ичкарисига кириб келган». Кейин исроиллик ҳарбийлар «бир неча марта база ҳудудида токни ўчиришни талаб қилган».
Баёнотда айтилишича, танклар тинчликпарвар кучлар бу ҳолат ўзларининг ҳаётига хавф туғдиришини айтиб, эътироз билдирганидан тахминан 45 дақиқа ўтгач, ҳудудни тарк этишган.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 06:40 ларда шу позицияда турган тинчликпарвар кучлар 100 метр шимолда ўт очилгани, у ердан тутун келгани ҳақида хабар берган.
«Лагерга тутун кириб келганидан кейин ўн беш нафар ҳарбий хизматчи турли даражада жабрланди, хусусан, тери кўчиши ва ошқозон-ичак фаолиятида бузилишлар кузатилган. Улар даволанишда», — дейилган баёнотда.
ЦАҲАЛ эса бу воқеанинг бошқача талқинини келтириб, ўз танклари UNIFIL базасига аввалроқ танкка қарши ракеталар портлаши оқибатида жароҳатланган аскарларини эвакуация қилиш учун кирганини билдирган.
«Ярадорларни эвакуация қилиш учун иккита танк орқа томони билан кирди, UNIFIL позициялари яқинида ўт очилаётгани туфайли бошқача ҳаракат қилишнинг иложи йўқ эди», — дейилган Исроил армияси баёнотида.
Шунингдек, ЦАҲАЛ эвакуацияни осонлаштириш мақсадида бир марта ўқ узгани ва UNIFIL билан «узлуксиз алоқада бўлиб турилгани»ни маълум қилган. ЦАҲАЛ фаолияти натижасида UNIFIL ҳарбий хизматчиларига ҳеч қандай таҳдид бўлмади, дея қайд этилган баёнотда.
Бундан бир неча соат олдин Бинямин Нетаняҳу яна бир марта БМТ кучларини чегара ҳудудлардан олиб кетишга чақирганди.
«UNIFIL „Ҳизбуллоҳ“ таянч пунктлари ва ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқиш вақти келди», — дейилади Нетаняҳунинг БМТ бош котиби Антониу Гутерриш манзилига йўлланган видеомурожаатида.
Бунгача ҳам ЦАҲАЛ бир неча марта бу ҳақда сўраган ва ҳар сафар рад жавобини олган. Исроиллик ҳарбийларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» жангарилари тинчликпарвар кучларнинг позицияларига ёнма-ён жойлашиб, улардан «жонли қалқон» сифатида фойдаланмоқда, гуруҳ бу айбловларни рад этган.
Reuters агентлиги танишган ҳужжатларга кўра, деярли икки ҳафта олдин исроиллик ҳарбийлар БМТ тинчликпарвар кучларидан ўзини хавф остида қолдирмаслик учун чегарадан 5 км масофадаги позицияларга кўчиб ўтишга тайёрланишни сўраган.
Пайшанба куни БМТ тинчликпарвар кучлари раҳбари Жан-Пиер Лакруа Хавфсизлик кенгашида «тинчликпарвар кучлар хавфсизлиги тобора хавф остида қолаётгани»ни айтди. Улар ўз позицияларида қолмоқда, аммо 23 сентябрдан бошлаб оператив фаолиятини амалда тўхтатган ва тинчликпарвар кучлар аскарлари базаларида қолмоқда. Уч юз киши вақтинча йирикроқ базаларга кўчирилган.
UNIFIL вакили пайшанба куни кузатув миноралари, камералар, алоқа ва ёритиш воситаларига қилинган ҳужумлар тинчликпарвар кучларнинг вазиятни кузатиш имкониятини чеклаб қўйганини маълум қилганди. БМТдаги манбалар исроилликларнинг ҳужумлари халқаро ҳуқуқ бузилишини кузатишни имконсиз қилиб қўйишидан хавотир билдирган.
Сўнгги кунларда тинчликпарвар кучларнинг позицияларига йўлланган давомли зарбалар оқибатида беш нафар аскар яраланган, бу ҳолатларнинг аксарида Исроил кучлари айбланган.
Италия бош вазири, одатда Исроилни қўлловчи Жоржия Мелони якшанба куни Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот қилган ва Исроил ҳужумларини қоралаган.
UNIFIL’нинг 10 минг кишилик контингенти таркибида мингдан ошиқ италянлар хизмат қилади. Контингент таркибида 700 нафардан одами бўлган Франция ва Испания ҳам Исроилнинг ҳаракатларини қоралаган.
UNIFIL 1978 йилда Ливаннинг жанубий қисмини мониторинг қилиш учун ташкил этилган. Бу ҳудудда бир неча бор қуролли можаролар рўй берган: Исроил 1982 йилда мамлакатга бостириб кириб, Жанубий Ливанни 2000 йилга қадар оккупация қилиб турган, шунингдек 2006 йилда «Ҳизбуллоҳ»га қарши беш ҳафта давом этган кенг кўламли уруш олиб борган.
Мавзуга оид
11:37 / 07.01.2026
Исроил ва Сурия АҚШ ёрдамида алоқа канали яратмоқда
13:19 / 03.01.2026
БМТ Исроилни гуманитар ташкилотлар лицензияларини бекор қилмасликка чақирди
22:54 / 01.01.2026
Исроил ўнлаб нотижорат нодавлат ташкилотларига Ғазода ишлашни тақиқлади
21:51 / 26.12.2025