“Инсоният энг яхшисини болаларга беришга мажбур” – Халқаро болалар куни нега нишонланади?
“Бола – инсон, унинг ҳуқуқлари – асосий инсон ҳуқуқларидир. Унга худди шундай муносабатда бўлиш шарт”. Расман эълон қилингани ва муҳим сана сифатида нишонланаётганига ярим асрдан ошган Халқаро болалар куни дунёда қандай нишонланади? Унинг тарихи қандай? Нега дунё ҳамжамияти бу кунни муҳим ҳисоблайди? Kun.uz'нинг санага бағишланган мақоласида шулар ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Халқаро болалар куни дунёда турлича саналарда нишонланади. Аксарият ғарб мамлакатларида бу кун 20 ноябрга тўғри келса, барча постсовет ҳамда баъзи дунё давлатларида 1 июн Халқаро болалар куни сифатида байрам қилинади. Маълумотларга кўра, айни вақтда 145 дан ортиқ давлат бу кунни байрам қилади, айнан 1 июнни нишонловчи давлатлар сони 49 тани ташкил қилади.
Бу кунда жамики болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш масалалари кўтарилади, муаммоларга бағишлаб тадбирлар ўтказилади, болалар иштирокида кўнгилочар шоулар уюштирилади.
Куннинг қисқача тарихи
Дунё мамлакатларининг Халқаро болалар кунини нишонлаш таклифи берилиши бир нечта саналар билан боғланади. Баъзи манбаларда бу сана 1920 йил Туркияда пайдо бўлгани ҳақида маълумот келтирилса, яна баъзиларида 1950 йилда бошлангани айтилади.
Лекин ахборотларнинг деярли барчасида 1 июн 1954 йилда БМТ резолюцияси билан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнатига чек қўйиш ва таълим олиш имкониятини кафолатлаш мақсадида “Халқаро болалар куни” сифатида таъсис этилгани қайд этилади.
Умумжаҳон болаларни ҳимоя қилиш жамияти сана ҳақида гапирар экан, болаларга нисбатан қараш, муносабатни ўзгартириш ҳамда болалар фаровонлигини ошириш зарурлигини айтади. Яъни “бола – инсон, унинг ҳуқуқлари – асосий инсон ҳуқуқларидир. У худди шундай муносабатда бўлишга ҳақли ва махсус кунда шу масалалар эсланиши лозим”.
“Инсоният энг яхшисини болаларга беришга мажбур”
1925 йилда болалар фаровонлиги бўйича ўтказилган бутунжаҳон конференциясида 1 июн “Дунё эътиборини болалар билан боғлиқ муаммоларга қаратиш” куни деб эълон қилинган. Унда қатнашган мамлакатлар “инсоният энг яхшисини болаларга беришга мажбур” эканини англаб етган. Шу сабаб конференцияда “Бола ҳуқуқлари бўйича Женева декларацияси” қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, 5 та устувор вазифалар илгари сурилган.
Яъни:
1. Болага моддий ва маънавий жиҳатдан нормал ривожланиши учун зарур бўлган воситалар берилиши;
2. Oч қолган бола овқатлантирилиши, касали даволаниши, қолоғига ёрдам берилиши, ҳуқуқбузари ўнгланиши, етим ва гўдак бўлгани эса бошпана ва ёрдам берилиши керак;
3. Қийин вазиятларда биринчи навбатда болага ёрдам берилиши;
4. Боланинг яшаши учун шароит яратилиши ва ҳар қандай эксплуатациядан ҳимояланиши;
Бола ўз иқтидорини яқинларининг хизмати учун сафарбар этиши мумкинлигини уқтирган ҳолда тарбияланиши лозим.
Таъкидланишича, 1959 йилда БМТ юқорида эслатилган Женева декларациясига асосланган “Бола ҳуқуқлари декларацияси”ни қабул қилди ва “инсоният энг яхшисини болаларга беришга мажбур” эканини яна бир бор расман тасдиқлади.
Бу янги декларация болаларни туғилишдан олдин ҳам, туғилгандан кейин ҳам ҳимоя қилишнинг 10 та тамойилини ўзида акс этган. Шундан сўнг 1989 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича тарихдаги энг тез ва кенг ратификация қилинган халқаро шартнома айнан “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” бўлди, юқоридаги декларациялар шу конвенциянинг қабул қилинишига асос бўлиб хизмат қилди.
Дунёда болаларга қандай ёрдам қилинади?
Дунё бўйлаб 600 млн нафар бола ўта қашшоқликда яшайди. Ҳар куни уларнинг 22 мингтаси шундан вафот этади. Болаларнинг оилалари кунига 1,25 доллардан кам пул топиб, шу билан яшашга ҳаракат қилади. Бундай болалар кўпинча дори-дармон, таълим ва бошпанадан маҳрум. Кўпчилиги тоза сувсиз яшайди.
Қашшоқликда туғилган кўплаб болалар учун ҳаётнинг биринчи куни ҳам охиргиси ҳисобланади. Уларнинг кўпи беш ёшга тўлмасдан ҳаётдан кўз юмиши аниқланган. Ҳимоясиз ва чарчаган, меҳр, имкониятдан мосуво бўлган болаларнинг бундай тангликдан чиқмаслиги қашшоқликнинг авлоддан-авлодга ўтишига сабаб бўлади.
Маълумотларга кўра, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганидан бери дунёда беш ёшгача бўлган болалар ўлими икки баробарга камайган. Жаҳон ҳамжамияти томонидан болаларга турли кўринишларда ёрдамлар қилинади. Қайд этилишича, амалий ҳаракатлар сабаб ҳар бир боланинг имкониятларини яхшиланади, касаллик, тўйиб овқатланмаслик каби муаммолар минималлаштирилади. Буларнинг ҳаммаси маҳаллий ҳомийликлар ва халқаро донорлар ёрдамида амалга оширилади.
Халқаро болалар кунини қандай нишонлаш мумкин?
Байрам куни баҳонасида болаларга унутилмас дақиқаларни, умуман олганда бахтли болаликни ҳадя қилиш мумкин. Бу вазифа эса катталарнинг, асосан ота-оналарнинг зиммасида туради.
1 июнни, албатта, ҳашаматли ўтказиш шарт эмас. Уни қандай кўринишда ўтказишдан қатъи назар, оила билан биргаликда ташкил этиш муҳим. Қуйида кунни қандай ўтказиш бўйича айрим фойдали тавсиялар билан бўлишамиз:
1. Махсус тадбирлар
Болалар куни бу - болалар учун алоҳида кун. Бу уларнинг туғилган кунлари, ёки бошқа байрамларнинг комбинациясига ўхшайди. Қизиқарли кунни нишонлаш учун кўпгина савдо марказлари, боғлар ва дўконларда барча ёшдаги болалар учун ажойиб тадбирлар режалаштирилади, шуларда иштирок этиш мумкин.
2. Пикниклар
Махсус кунни болаларингиз билан боғда яхши эски услубдаги пикник, жумладан, болалар учун севимли маҳсулот ва машғулотлар билан нишонлаш имконияти бор. (Эслатма: бундай пикниклар атроф-муҳитни ифлослашга хизмат қилиши керак эмас, аск ҳолда бу фарзандга ҳам нотўғри “мессаге” беради)
3.Табиатда ҳордиқ олиш
Бу кунда оила билан узоқроқ масофаларга кетиб, табиат қўйнида дам олиш, имконият бўлса, тунаб қолиш мумкин. Ҳозирги экология билан боғлиқ вазиятда вақтни тоза ҳаво ва яшиллик қўйнида ўтказиш болаларнинг мия фаолияти ҳамда кайфиятига ижобий таъсир ўтказади.
4.Кино
Иссиқ ва тирбандлик юзага келиши мумкин бўлган кунда уйда попкорн, турли ширинлик ва ичимликлар билан филм томоша қилишингиз мумкин.
5.Биргаликда таом пишириш
Баъзида тайёргарликнинг бир қисми бўлиш асосий воқеа каби алоҳида аҳамиятга эга. Дастурхонга тортиладиган, болалар иштирок этиши мумкин бўлган жараёнларда таомларни биргаликда пишириш мумкин. Бу машғулот болаларда креативлик ва ижодкорликни оширади.
Бундан ташқари, ҳайвонот боғига бориш, ёши улуғ инсонлар билан дийдорлашиш, турли ўйин тадбирларини уюштириш ҳам режага қўшиш мумкин бўлган машғулотлар сирасига киради. Нима бўлса ҳам кунингизни болалар билан унумли ташкил қилинг.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
12:18 / 02.06.2024
Ашхобод боғи директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғи 15 суткага қамалди
10:00 / 02.06.2024
Татимаган текин музқаймоқ, Ашхободдаги жанжал ва ноодатий мега тирбандлик, – 1 июн Тошкентда қандай ўтди?
19:27 / 01.06.2024
Теннис ўйнаган Турсунов, боғча очган Азимов ҳамда уй топширган Умрзоқов – ҳокимлар болалар кунини қандай ўтказди?
18:26 / 01.06.2022