Ўзбекистон | 12:02 / 30.10.2020
19518
3 дақиқада ўқилади

ДТМ тест синовлари учун харид қилинган кепкалар юзасидан изоҳ берди

Фото : KUN.UZ /архив

Бугун, 30 октябрь куни, АОКАда “2020/2021 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун ўтказилган тест синови якунлари, таҳлил ва хулосалар” мавзусида Давлат тест маркази раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов ДТМ томонидан тест имтиҳонлари кунида тарқатилиши керак бўлган кепкалар юзасидан изоҳ берди.

“Давлат комиссиясининг 2020 йил 19 июлдаги 1-сон баёни билан Давлат тест маркази коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирларидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили қабулида тест синовларида абитуриентларни тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, ичимлик сувлари, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштириши белгиланган.

Шунингдек, Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 августдаги 3-сон баёни билан Давлат тест маркази 2020/2021 ўқув йили қабулида кириш тест синовлари очиқ стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши муносабати билан қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида, абитуриентларни бош кийим (кепка) билан таъминлаш учун ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган.

“Бобурхон бн Нодирхон” корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан, корхона 1 млн дона бош кийим (кепка)ни 6 174 сўмдан 6 174 000 000 сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 100 100 000 сўмга етказиб бериши керак бўлган.

Лекин корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 6 174 сўмдан жами 69 506 дона бош кийимни 429 130 044 сўмга, 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 499 550,60 сўмга етказиб берган”, – деди Ражабов.

Қўшимча қилинишича, ДТМ кепка етказиб бериш бўйича 7 та корхона билан шартнома тузган. Улардан бири юқорида номи келтирилган корхона ҳисобланади. ДТМ томонидан жами 198 мингта кепка харид қилинган ва пул тўланган. ДТМга кепкаларни харид қилишда маҳаллий ҳокимликлар ҳам ёрдам берди. Улар жойлардаги корхоналар билан шартнома тузиб ДТМга юборишган. ДТМ эса уларнинг пулини тўлаб берган. Харид қилинган 198 мингта кепка барча ҳудудларга жўнатилган, лекин етарли бўлмаган.

Кепкаларни харид қилиш учун маблағ Давлат тест марказини ривожлантириш жамғармасидан ажратилган. Бу жамғарма абитуриентларнинг тест синовлари учун тўловлари ҳисобидан шакллантирилади.

Мавзуга оид