Ўзбекистон | 20:15 / 30.10.2020
7879
2 дақиқада ўқилади

ДТМ абитуриентлардан йиғилган пуллар нималарга сарфланаётгани ҳақида маълумот берди

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов 31 октябрь кунги матбуот анжуманида журналистлар саволига жавобан ДТМ фондидаги маблағлар қайси мақсадларда сарфланиши ҳақида гапириб ўтди.

Унга кўра, ҳар йилги тест синовларидан кейин айрим қурилмалар, хусусан сканерлаш аппаратларини алмаштиришга тўғри келади.

«Масалан, биз бу йил тест китобчалари ва сканерлаш аппаратлари сотиб олмадик. Фақат ушбу техникалар учун қўшимча эҳтиёт қисмлар сотиб олдик.

Бу нега олинади? Чунки тест жавобларини кўриб чиқиш давомида типографиямизда тўхтовсиз иш давом этади. Масалан, 1 млн 300 мингта тест саволларини текшириб чиққандан кейин сканерлаш аппаратларимиз тўлиқ ишдан чиқади. Биз бу қурилмаларни ҳар йили алмаштиришга мажбурмиз. Биз айтган харидлар эса шунинг учун бўлади.

Бундан ташқари, скантрон деган аппаратда ҳам худди шундай. Ҳар йили тест жараёнлари ўтгандан кейин биз мутахассис чақирамиз ва унинг эҳтиёт қисмлари алмашади», – деди Ражабов.

ДТМ расмийсига кўра, ҳозирда марказ фондидаги пулларнинг сезиларли қисми тест жараёнларини ташкил этишдан ташқари, марказнинг республикадаги барча 14 та худудида қуриладиган биноларига ҳам сарфланади.

«Яъни бу бинолар қурилишини молиялаштириш Давлат тест маркази фондидан амалга ошириляпти. Масалан, ҳозир Бухоро вилоятида шундай қурилиш амалга ошириляпти. Бундай бинолар келгусида барча ҳудудларда қурилади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 646-сонли қарори ҳам қабул қилинган. Унга кўра, бизда миллий сертификат жорий қилинади. Бу сертификат тестларини ўтказиш ишларининг барчаси ҳам шу биноларда, шу маблағлар билан амалга оширилади», – деди Сардор Ражабов.

Унинг жавобидан кейин журналистлар томонидан ДТМ фондида йиғилган пуллар ва уларнинг сарфи бўйича смета маълумотлари жамоатчиликка тўлиқ ошкор қилиниши кераклиги борасида савол берилди.

Ражабов эса харажатлар сметаси бўйича тўлиқ маълумот келаси ҳафта жамоатчиликка етказилишини айтди.

Мавзуга оид