Экспериментдан кейинги Тошкент: Автотураргоҳ ўрнида бизнес марказ, маҳалла гузари ўрнида кўпқават уйлар
2018 йил октябр ойидан эътиборан Тошкентда ҳуқуқий эксперимент бошланган: шаҳар ҳудудидан ер ажратиш бўйича ҳокимга карт-бланш берилган эди.
Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида болалар майдончаси, маҳалла гузари, хусусий боғча, автотураргоҳ ва бошқа ижтимоий мақсадлар учун ажратилган ерларда кўп қаватли уйлар, бизнес марказлар ёки шунга ўхшаш иншоотлар пайдо бўлмоқда.
Ачинарлиси, бу ҳолатга жавобгар бўлган ташкилотлар икки қўлини чўнтагига солганча, жим кузатишдан нарига ўтмаяпти.
“Сеҳргарлар”
Kurbanoff.net Теlegram-канали муаллифи Шуҳрат Қурбоновнинг ёзишича, Шимолий вокзал қаршисидаги собиқ трамвай депоси ҳудудида, автотураргоҳ қуриш учун ажратилган жойда бизнес марказ пайдо бўлиб қолган.
“Кўп қаватли автотураргоҳ қуриш баҳонаси билан ер олинади, кейин ярим автотураргоҳ ва ярим супермаркет қурилади. Сўнг эса бизнес марказ пайдо бўлиб қолади! Сеҳргарлар”, – дея муносабат билдирган блогер.
“Ҳар бир қарор лупа билан қайтадан текшириб чиқилиши керак”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, юқоридаги каби “инвестициявий” лойиҳаларни Тошкентнинг деярли барча ҳудудларида кўриш мумкин.
“Шахсан ўзим Чилонзор 9-кварталда бир қаватли гузар ва “участковой” учун ажратилган ер майдонида, бузилган гаражлар ўрнида икки қаватли боғча учун ажратилган майдонларда бўй чўзган кўп қаватли уйлар қурилганига гувоҳман. Пойтахтда бирон бир квартал ё маҳалла йўқки, шундай бузғунчиликка дуч келмаган бўлса”, дейди у.
Бакировга кўра, бу қурилишлар Тошкент шаҳрида 2018 йил октябрдан 2021 йил августгача ўтказилган ҳуқуқий эксперимент билан боғлиқ. Бу эксперимент “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан жорий этилган эди.
“Исталган ҳудудда исталган формулировка билан ер ажратиб олиш, уни исталган вақтда мазмуни ва мақсадини ўзгартириш мумкин бўлган. Масалан, 2018 йилда 1 қаватли гузар учун ажратилган ерда 9 қаватли бизнес марказ пайдо бўлган бўлса, аввалбошдаги қарорни топиш керак бўлади, агар буни орқа сана билан қайтадан ясаб қўйишмаган бўлса. Фирмаларга ажратилган ер майдонлари бўйича таъсисчиларни ўзгартириш орқали ер сотишларнинг, қўлдан қўлга ўтишларнинг эса саноғи йўқ.
Лекин бу кўз юмиш, ўтган иш ўтди, қозонлар ёпилди, дегани эмас. Менинг ишончим комил, бир кун келиб, 2018 йил октябрдан 2021 йил августга қадар ер ажратиш билан ва қурилиш ишларига оид ҳар бир қарор лупа билан қайтадан текшириб чиқилади. Аввало бирламчи ҳужжатларга, инвестиция талаблари ва мажбуриятларига қайтиш керак (сохталаштирилмаган бўлса, сохталаштирилган бўлса – бу жиноий иш).
Агар инвесторнинг хатоси бўлса, у катта жарима тўлаши лозим. Қайсидир амалдор шартли гузарни шартли бизнес марказга айлантиришга коррупцион йўл билан кўмак берган бўлса, биринчи навбатда амалдор, кейин инвестор жазоланиши зарур.
Йиғилган жарималар энг аввало шикаст етган пойтахт инфратузилмасини тиклашга йўналтирилиши керак. Кейин ижтимоий неъматлар (жамоат транспорти, жамоат майдонлари, пиёдалар инфратузилмаси) яратиш учун.
Бу жазо муқаррарлигини қайд этиш, истиқболда бу каби бузғунчиликлар қайта такрорланмаслиги учун шарт ва зарур”, дейди Бакиров.
Маълумот учун, Тошкентда қарийб 3 йил давом этган ҳуқуқий эксперимент якунлари ва ундан олинган хулосалар бўйича айни пайтга қадар расмий маълумот берилмади. Расмий доираларда, парламент йиғилишларида бу масала савол остига ҳам олинаётгани йўқ.
“Тезроқ инвестициялар киритилиши, эгилувчан тизим бўлиши учун бу қилинган эди. Энди тугади, тамом. Буёғига аукцион бўлиши шарт”, – дея қисқа изоҳ берганди адлия вазири Русланбек Давлетов ўтган йилги матбуот анжуманида.
Келишилган инвестиция мажбуриятлари бажарилганми ўзи?
Davletovuz Теlegram-канали муаллифи Қобил Хидиров инвестиция ва тадбиркорлик лойиҳаларини, айниқса Тошкент шаҳрида қайта кўриб чиқиш шарт деб ҳисоблайди.
“Биринчидан, муайян юридик ёки жисмоний шахсларга ажратилган давлат активлари, ер участкаларининг қанча фоизи ҳали ҳам ўша шахслар томонидан тасарруф этилмоқда? Қанчаси бошқаларга сотиб юборилган (ҳозирда ер участкаси пуллашнинг энг оммавий усули)? Бунинг ортида келишилган инвестиция мажбуриятлари бажарилганми?
Иккинчидан, бошида муайян мақсад, дейлик, хусусий боғча, маҳалла гузари ва бошқа ижтимоий мақсадлар учун ажратилган ер участкалари ўрни бирламчи лойиҳадаги каби турибдими? Ёки кўп қаватли уйлар, бизнес марказлар пайдо бўлдими?
Учинчидан, сервис ва бошқа тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган ер участкаларида тақдимотларда келтирилган объектлар қад ростладими ёки маҳалла, гузарда коммунал тизимига ортиқча юк бўлаётган, табиат ва бўш маконларнинг аёвсиз ўзлаштирилишига сабаб бўлган кўп квартирали уйлар ва бошқа объектлар қад ростладими?
Тўртинчидан, коворкинг маркази, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш предлоги билан ажратилган ер участкалари, давлат объектлари пировард мақсадига хизмат қиляптими? Халқ ва давлатнинг хотираси қисқа дея унутиб юборилганми?
Бешинчидан, дастлабки лойиҳада икки, тўрт ёки олти этажли объект қурилиши мўлжалланган, аммо кейинчалик энига ҳам, бўйига ҳам ўсган объектлар қанча? Яъни лойиҳаси бир неча марта ўзгартирилган иншоотлар таҳлили борми?
Ва ниҳоят, энг муҳими, бундай кўламдаги умуммиллий ўзлаштиришлар келажакда такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида бирор иш қилиняптими? Чунки амалдорларимиз бошқа инвестиция лойиҳаларини қайта кўриб чиқишни кайфиятига қараб шундоқ ҳам қилишмоқда”, дея бир қанча саволларни ўртага ташлаган блогер.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024