Ҳайит намози ўрнига Зуҳо намози. У қандай адо этилади?
2021 йил 16 июл куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, Қурбон ҳайитини нишонлашга доир фатвосини эълон қилди. Унга кўра, Қурбон ҳайити намози бекор қилинди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилди.
Зуҳо намози қандай намоз ва у қай йўсинда адо этилади?
Зуҳо намози манбаларда турли номлар билан зикр қилинган бўлиб, кўпроқ “Ишроқ намози”, “Шуруқ намози”, “Аввобийн намози” ва “Чошгоҳ намози” деб юритилади.
Ҳукми: Зуҳо намозини адо этиш нафл амал саналади. Нафл деб, кишини ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда бажарадиган амалига айтилади. Яъни, Зуҳо намози – бир кунда беш маҳал адо этилиши мажбурий бўлган фарз намозларини тўлдирувчи, ихтиёрий суратда адо этилса, улкан савоб бўладиган намоз ҳисобланади.
Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, яъни қуёш чиққандан тахминан 20 дақиқа кейин бошланади.
Охирги вақти эса кун тиккага келган вақтдан бир соат аввалги вақтгача ҳисобланади. Ушбу икки вақт оралиғида Зуҳо намозини адо этиш мумкин.
Неча ракатдан иборат?
Зуҳо намозини икки ракатдан саккиз ракатгача ўқиш мумкин. Энг афзали тўрт ракат ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракат ўқиганлари Оиша разияллоҳу анҳодан нақл қилинган. Зуҳо намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Ушбу намоз овоз чиқармасдан махфий, ёлғиз ҳолатда ўқилади.
Ушбу намознинг фазилати
Зуҳо намозининг фазилатига доир кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то зуҳо намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зуҳо намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бир аъзонгизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (Субҳаналлоҳ) – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз (Аллоҳу акбар) – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намозини ўқишингиз кифоядир”, - дедилар (Имом Муслим ривоятлари)
Зуҳо намозини ўқиш тартиби
Намозга киришиш:
- Намозни бошлашдан аввал қуйидагича ният қилинади: “Тўрт ракат зуҳо намозини холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”.
- Кейин икки қўлни қулоқнинг юмшоқ жойига олиб бориб, “Аллоҳу акбар” деб намозга кирилади.
- Кейин қўллар туширилиб, киндик остида боғланади.
Биринчи ракат:
- Қўллар боғлангандан кейин қуйидаги “Сано” дуосини ўқийди: “Субҳаанакаллоҳумма вабиҳамдика ватабааро касмука ватаъаалаа жаддука валаа илааҳа ғойрук”.
- Сўнг “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, “Фотиҳа” сурасини ўқийди.
- Кейин “омийн” дейди.
- Сўнгра ўзи яхши билган бир сурани замсура сифатида ўқийди.
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб, руку қилади.
- Рукуда уч марта “Субҳаана роббиял ъазим”, дейилади.
- Сўнгра “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деб бошини рукудан кўтариб, яна тик турилади.
- Кейин “Роббанаа лакал ҳамд”, деб бироз тик туради
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб саждага боради. Саждада уч марта “Субҳана роббиял аълаа”, дейди.
- Саждадан “Аллоҳу акбар” деб қайтиб, хотиржам ҳолатда, қўлларини сони устига қўйиб ўтиради
- Кейин яна “Аллоҳу акбар” деб яна бир марта сажда қилади. Унда ҳам уч марта “Субҳана роббиял аълаа”ни айтади.
Кейин “Аллоҳу акбар” деб иккинчи ракатга туради.
Иккинчи ракат:
- Иккинчи ракат ҳам биринчиси каби бўлади. Фақатгина иккинчи ракатда “Сано” ўқилмайди, “Аъузу” айтилмайди.
- Намозхон иккинчи ракатда икки марта сажда қилиб бўлгандан кейин ўтиради ва “Аттаҳийят” дуосини ўқийди.
- Кейин “Аллоҳу акбар” деб учинчи ракатга туради.
Учинчи ракат:
- Учинчи ракатда иккинчи ракатда нима қилган бўлса шуни бажаради.
- Учинчи ракатнинг икки марта саждасидан кейин ўтирмасдан тўртинчи ракатга туради.
Тўртинчи ракат:
- Тўртинчи ракатда учинчи ракатда нима қилган бўлса, шуни қилади.
- Тўртинчи ракатнинг икки саждасини бажаргандан кейин ўтиради ва “Аттаҳийят” дуосини ўқийди.
- Кейин “Аллоҳумма соли ъало...” ва “Аллоҳумма борик ъало...” салавотларини ўқийди.
- Мазкур икки салавотдан кейин “Аллоҳумма мағфирли...” ёки “Роббанаа аатинаа фид дуня...” дуоларидан бирини ўқийди.
- Кейин аввал ўнг елкасига қараб, “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деб салом беради.
- Кейин чап елкасига қараб “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом беради.
Шу билан тўрт ракатли зуҳо намози адо этилган ҳисобланади.
2021 йил 20 июл - Қурбон ҳайити кунидаги Зуҳо намозини ўқиш вақти
Қурбон ҳайитининг биринчи куни 2021 йил 20 июл, сешанба кунига тўғри келиши ҳақида хабар қилинган эди. Шунга кўра, 2021 йил 20 июл куни Зуҳо намози Тошкент вақти билан соат 05-26 дан қуёш тиккага келишидан 1 соат олдинги вақтгача, яъни соат 11-30 гача давом этади.
Бошқа ҳудудлардаги Зуҳо намози Тошкент вақти билан тафовут инобатга олинган ҳолда адо этилади.
Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити кунида адо этилажак Зуҳо намозини барчамиздан қабул айлаб, шу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Коронавирус билан боғлиқ пандемия сайёрамиздан тезроқ даф бўлишини насиб этсин!
Зуҳо намозининг вилоятларда ўқиладиган вақтлари
Эслатма: Ушбу жадвалда кўрсатилган вақтлар қуёш чиққанидан кейин 20 дақиқалик фарқни инобатга олиб белгиланди.
Ушбу мақола Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган.
Мавзуга оид
19:34 / 19.07.2021
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
23:26 / 16.07.2021
Ҳайит намози ўқилмайдиган бўлди. Ўрнига уйда Зуҳо намози ўқиш тавсия этилди
19:41 / 13.07.2021
Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 20 июль куни нишонланади
14:27 / 13.07.2021