Light | 17:49 / 19.01.2019
37294
3 дақиқада ўқилади

Ҳа ёки йўқ: товуқ гўштини тайёрлашдан аввал ювиш керакми? 

Товуқ ва курка гўштини ювиш – уй ошпазлари назардан қочирмайдиган қадам. Бироқ аниқланишича, товуқни «чўмилтириш» ошқозон билан боғлиқ касалликлар келиб чиқиш эҳтимолига сабаб бўлиши мумкин экан. Демак, ювиш керакми ёки йўқ? Айнан ҳозир шу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Фото: Shutterstock

Йўқ, товуқ гўштини ювишингиз керак эмас.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, истеъмолчилар мева ва сабзавотларни сувда чайиб олишлари керак, бироқ гўшт ёки товуқ, тухум билан бундай қилмасликлари керак. «Бу ҳақда айтганимизда одамлар ҳали ҳам ҳайрон бўлишади, - дейди озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича мутахассис Марианна Грейвли (Marianne Gravely)The New York Times’га берган интервьюсида. – Бироқ ҳайратланарли жиҳати, буни 1990-йилдан бери таъкидлаб келамиз».

«Товуқ гўштини ювиш кўп бактерияларни йўқ қилмайди, - дея ҳамкасбининг фикрини қўллаб-қувватлайди Шимолий Каролина университетидан Бенжамин Чапмен. - Бироқ бу микробларни қўллар, ишланаётган юза, кийимлар, яқин орада турган идиш ва овқатларга тарқатиши мумкин».

Салмонелла ва кампилобактер каби патогенларни йўқ қилишнинг ягона усули – таомни тайёрлаш. Уй паррандаси учун минимал хавфсиз ҳарорат 165 даража, қийма учун – 160 даража, стейк, балиқ ва моллюскалар учун – 145 даражадан иборат.

Қандай қилиб ўзимизни қўшимча тарзда ҳимоя қилишимиз мумкин?

Озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз қайта ишлашдаги яна бошқа икки қадам – ажратиш ва тозалаш ҳам ифлосланишнинг олдини олишда ёрдам беради. Гап хом гўштни бошқа маҳсулотлардан алоҳида сақлаш, шунингдек тайёрлаш вақтида турли тахтакачлардан фойдаланиш ҳақида кетмоқда.

Тозалашга келсак, мутахассислар тозалашда қўлланиладиган барча нарсаларни кўпикли сувда ювишни тавсия этадилар. Қўллар ҳақида унутмаслик керак. Уларни совун билан 20 сония давомида овқат тайёрлашдан олдин ва ундан кейин ювишни унутманг. Бу нима учун муҳим? Мавзуга оид тадқиқотлар одамлар хом гўштдаги бактерияларни музлаткич тутқичлари ва ҳатто салатларга ҳам тарқатишини кўрсатди.

Ва ниҳоят, озиқ-овқат маҳсулотларини тозалашда тозалаш воситаларини қўлламанг, чунки у таъмга таъсир кўрсатиши мумкин.

Мавзуга оид