Гўшт оқсил, темир, витамин Б12 ва бошқа зарурий моддаларга бой, мазали озуқа сифатида рационимиздаги асосий егуликлардан бири бўлиб қолган. Лекин шунча фойдасига қарамай гўшт, айниқса, товуқ ва балиқ гўштлари ўзида турли патогенлар — бактерия ва вирусларни олиб юргани туфайли овқатдан заҳарланишга сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун гўшт хавф юқори бўлган озиқ-овқатлар турига киради.

Дунёдаги кўплаб таом пишириш анъаналарига кўра, гўштни ювиб ишлатиш ошхонада тозаликка риоя қилишнинг зарурий шарти сифатида кўрилади. Уни ювишда лимон шарбати ёки оқ сирка кабилардан ҳам фойдаланилади.
Гўшт қандай ювилади?
Одатда, гўшт бўлаги бутун ёки тўғралган ҳолатда оқар сувда ювилади ва шу тарзда ундаги ортиқча ёғ, тери ёки бошқа нокерак жисмлар олиб ташланиб, тозаланади.
Баъзида гўштни оқар сувда ювишдан олдин турли аралашмалар билан ишлов бериш мумкин. Сўнг у ювилиб, музлатилади ё пиширилади.
Баъзи ҳудудларда янги сўйилган ҳайвон гўштлари сотиладиган бозорлар ёки танланган ҳайвонлар махсус сўйиб бериладиган қассобхоналар бўлади. Бундай пайтда сўйиш амалиёти тугагач гўштдаги турли суяк ва агар бўлса, қон қолдиқларини ювиш одатий ҳолатдир.
Хом гўштда овқатдан заҳарланишга сабаб бўлувчи турли бактерия ва вируслар бўлиши мумкин. Озиқ-овқатдан келиб чиқадиган одатий патогенлар орасида салмонелла, листериа, кампилобактерия каби бактериялар мавжуд.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) гўштни ювиш ошхонада раковина, стол усти ва бошқа юзаларда микроблар тарқалишига сабаб бўлиши хавфидан огоҳлантирган.
Гўшт ювилганда ундаги бактериялар тарқалиб, хом тарзда истеъмол қилинадиган мева ва салатларга юқиб қолиши хавфи бор. Шунинг учун бу жараён одамларга қўшимча зарар бериши, кучли эҳтиёт чораларини кўришни талаб этиши мумкин.
Хом гўшт ювилиши натижасида раковинага тарқалган бактерияларни шунчаки кўпикли сув билан ювиб тозалаб бўлмайди. Улар бошқа нарсаларга "илакишиб" қолади.
Шунинг учун ҳам тўғри ечим — гўштни ювмаслик.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) гўштни ювиш орқали бошқа маҳсулотларни қандай қилиб зарарлаш мумкинлигига оид видеотушунтириш эълон қилган.
















