Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қадимги дунёдан янги давргача: ҳал бўлмаган 5 та тарихий жумбоқ
Замонавий илмий усуллар ўтмишни ўрганишни тубдан ўзгартирди: тадқиқотчилар қадимги суяклардан ДНК ажратиб олишни, зич жунгли қопламаси остида кўмилган шаҳарларни аниқлашни ва муҳрланган артефактларни очмасдан туриб уларнинг ичига “қараш”ни ўрганди. Шунга қарамай, бир қатор тарихий сирлар ҳали ҳам ҳал этилмаган ҳолда қолмоқда.
Қуйида сўз борадиган беш сир афсона ёки гумонларга асосланмаган. Уларнинг ҳар бири ишончли манбалар тасдиқлаган реал воқеалар билан боғлиқ бўлиб, одамзод қанча уринмасин, тарих ҳар доим ҳам ўз сирларини очавермаслигини эслатади.
Клеопатра ва Македониялик Александрнинг қабрлари


Кўп асрлик қидирувларга қарамай, антик даврнинг энг машҳур икки ҳукмдори — Миср қироличаси Клеопатра VII ва Македониялик Александрнинг дафн қилинган жойи ҳануз номаълум. Қадимги манбалар Клеопатра Марк Антоний билан бирга Искандария яқинидаги қироллик мақбарасида кўмилганини айтади. Бироқ зилзилалар, ернинг чўкиши ва Ўрта Ер денгизида сув сатҳининг кўтарилиши қадимги шаҳар қиёфасини кескин ўзгартириб юборган.
Милоддан аввалги 323 йилда вафот этган Македониялик Александрнинг жасади замондошлар гувоҳлигига кўра Мисрга олиб кетилган ва Искандарияда дафн этилган, гўёки унинг қабрини Рим императорлари ҳам зиёрат қилган. Кечки антик давр охирига бориб, бу қабр ҳақидаги эслатмалар бутунлай йўқолади.
Искандария ва унинг атрофидаги жойларда — масалан, Тапосирис-Магна ҳудудида олиб борилган археологик ишлар умидли, аммо якуний бўлмаган топилмалар берган. Шаҳар қурилиши, талон-торожликлар ва муҳит ўзгаришлари, эҳтимол, мақбараларни йўқ қилган ёки шу қадар чуқур яширганки, бугун уларнинг аниқ жойини тиклаш жуда қийин. Тарихчилар ҳали ҳам бу қабрлар сақланиб қолганми ёки абадий йўқолганми — ишонч билан айта олмайди.
Роанокнинг йўқолган колонияси — Америка

Ҳозирги Шимолий Каролина соҳиллари яқинидаги Роанок оролида 1587 йилда асос солинган бу колония Англиянинг Шимолий Америкада доимий аҳоли пункти барпо этиш йўлидаги илк жиддий уриниши бўлган. Губернатор Жон Уайт уч йилдан кейин Англиядан озиқ-овқат ва захиралар билан қайтганида, колония бутунлай ташлаб кетилган бўлиб чиққан. Ҳеч қандай жасадлар топилмаган, зўравонлик излари ҳам йўқ эди.
Ягона “илинж” — устунда ўйиб ёзилган CROATOAN сўзи бўлган. Бу қўшни орол номи бўлиб, у ерда маҳаллий туб аҳоли яшаган. Археологик далиллар колониячилар озиқ-овқат танқислиги, касалликлар ёки қўшнилар билан кескин муносабатлар сабаб тарқалиб кетгани ва қисман маҳаллий аҳоли орасида ассимиляция бўлгани мумкинлигини кўрсатади.
Бироқ ҳеч бир версия мавжуд барча фактларни тўлиқ изоҳлаб беролмайди, колониячиларнинг тасдиқланган қолдиқлари эса ҳанузгача топилмаган. Роанок тарихи — эрта колония лойиҳаларининг қанчалик заиф бўлгани ва тарихий реконструкция имкониятларининг чекланганлигини яққол намоён қилади.
Амазониянинг йўқолган шаҳарлари ва Инд дарёси водийси цивилизацияси инқирози
XX асрнинг катта қисми давомида олимлар Амазония жунглилари йирик ва мураккаб жамиятларни ушлаб тура олмаган, деб ҳисоблаган. Бу тасаввур лидаp (LIDAR) ва археологик тадқиқотлар орқали рад этилди: ўрмон қирралари остида йўллар, майдонлар ва мустаҳкамланган аҳоли манзилгоҳларидан иборат тармоқлар аниқланди.
Бу кашфиётлар европаликлар келгунига қадар бу ерларда миллионлаб одамлар яшаган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Аммо бу жамиятларнинг нега йўқолиб кетгани — касалликларми, экологик ўзгаришларми ёки ижтимоий силкинишларми — ҳануз номаълум.
Шунга ўхшаш сир Инд водийси цивилизацияси билан ҳам боғлиқ: дунёдаги энг қадимги шаҳар маданиятларидан бири милоддан аввалги тахминан 1900-йилларда инқирозга учраган. Катта шаҳарлар ташлаб кетилган, аммо вайрон қилинмаган. Геологик маълумотлар дарё ўзанларининг ўзгариши ва узоқ давом этган қурғоқчиликка ишора қилади, бироқ бу цивилизация ёзувининг ўқилмагани унинг сиёсий ва ижтимоий жараёнларини тушунишни жиддий чеклайди. Иккала ҳолатда ҳам ривожланган жамиятлар ёзма гувоҳлик қолдирмаган, археология эса тарихни парчалардан тиклашга мажбур.
Наска чизиқлари — Перу

Перу жанубидаги қуруқ текисликларда милоддан аввалги тахминан 500 йилдан милодий 500 йилгача бўлган даврда Наска чизиқлари — юзлаб улкан геоглифлар яратилган. Улар ҳайвонлар, ўсимликлар, геометрик шакллар ва километрлаб чўзилган тўғри чизиқлардан иборат. Улар ҳаводан энг яхши кўринади, шунинг учун улар қандай ва нима мақсадда яратилгани ҳақида кўп саволлар туғилган.
Археологик тадқиқотлар геоглифлар ер юзасидаги қоронғироқ тошларни олиб ташлаб, тагидаги қатламни очиш йўли билан бажарилганини кўрсатади. Қуруқ иқлим сабаб тасвирлар асрлар давомида яхши сақланиб қолган. Асосий талқинлар геоглифларни маросим амалиётлари, сув ресурсларини бошқариш ёки мавсумий цикллар билан боғлиқ тантанали йўл-йўриқлар сифатида кўради.
Айрим чизиқлар астрономик ҳодисаларга мос йўналтирилган, аммо ҳеч бир назария шакллар хилма-хиллигини тўлиқ тушунтириб беролмайди. Наска маданиятидан ёзма манбалар қолмагани учун, уларнинг ҳақиқий вазифаси Жанубий Американинг энг катта археологик сирларидан бири бўлиб қолмоқда.
Роопкунд кўли ёнидаги скелетлар — Ҳиндистон

Ҳинд Ҳимолойларида, музлик кўли — Роопкунд соҳилида юзлаб одамларнинг қолдиқлари топилган, улар қирғоқ бўйлаб сочилиб ётган. Радиоуглерод таҳлили ва генетик тадқиқотлар бу одамлар битта воқеа натижасида ҳалок бўлмаганини кўрсатган. Улар турли гуруҳлар ва турли даврларга мансуб бўлиб, баъзан орадан қарийб минг йил ўтган бўлган.
Гуруҳлардан бири, кўринишича, милодий IX аср атрофида ҳалок бўлган — эҳтимол, кескин ва ғайриоддий об-ҳаво ҳодисаси оқибатида. Олимлар ўлим сабаби бошга оғир жароҳат етказган йирик дўл бўлиши мумкин, деб тахмин қилади: бу гипотеза бош суякларидаги шикастларга мос келади.
Кейинги даврлардаги гуруҳлар зиёратчилар ёки сайёҳлар бўлган бўлиши мумкин, уларнинг тақдири бошқача кечган. Замонавий усуллар бу сирнинг айрим жиҳатларини ойдинлаштирган бўлса-да, ҳануз саволлар кўп: нега одамлар қайта-қайта бундай қийин бориладиган баланд тоғли жойга йўл олган, нега у ерда фожиали воқеалар бир неча бор такрорланган?