18:06 / 07.05.2024
4708

“Ўзбекистонга ҳаво ифлосланиши бўйича илмий тадқиқотлар керак” — америкалик олим

Ўзбекистон ҳавосини айнан нималар ифлослантиряпти, ҳар битта омилнинг умумий ифлосланишдаги улуши қанча – бу саволларга илмий тадқиқотлар асосида жавоб берилиши керак. Шунда кўриладиган чоралар иқтисодий жиҳатдан самарали бўлади, ажратилган маблағлар беҳуда кетмайди, дейди Вашингтон университети профессори Жей Тёрнер.

Профессор Жей Тёрнер АҚШнинг Сент-Луисдаги Вашингтон университетида энергия, атроф-муҳит ва кимё муҳандислигидан дарс беради. У ҳаво сифатини аниқлаш ва бошқаришга қаратилган техник таҳлиллар, намуна олиш ва мониторинг фаолиятини баҳолашга оид тадқиқотлар олиб борган. Ҳозирда айрим минтақаларда мавзуга оид илмий ўрганишларини давом эттирмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини мониторинг қилувчи қурилмалар ўрнатиш лойиҳаси доирасида Тошкентга келган америкалик тадқиқотчини Kun.uz суҳбатга таклиф этди.

– Хайрли кеч, профессор. Аввало интервюга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Ҳаво сифати мавзусини муҳокама қилганимизда PM2,5, PM1 ёки PM10 атамалари пайдо бўлади. Дастлаб шуни тушунтириб берсангиз, аслида PM нима дегани ва ундаги 2,5, 1 ёки 10 нималарни англатади?

– Албатта, бажонидил. Хўп, биз PM деганда ҳаводаги заррачаларни назарда тутамиз. Ҳаво заррачаси жуда майда бўлгани учун уларни кўришимиз қийин, лекин заррачалар гуруҳи бир жойга тўпланган бўлса, узоқ масофаларни кўришимиз қийинлашади. Заррачалар қаттиқ бўлиши ёки суюқ томчи кўринишида учраши мумкин.

PM билан қўшилиб келадиган PM1, PM2,5 ва PM10га келсак, у заррачаларнинг ўлчамини англатади. PM10 10 микрометрдан кичик бўлган барча заррачаларни қамраб олади. Солиштириш учун айтиб ўтсам, инсон соч толасининг диаметри 60 микрометр бўлса, 6 та PM10 заррачасининг бир занжирга терилгани шу соч толасига тенг бўлади. Биз кўпинча тилга оладиган PM2,5 заррачалари эса 25 микрометрдан кичиклари ҳисобланади. Хўп, бу вазиятда биз соч толасини 60 микрометр деб олган бўлсак, 2,5 заррачаларнинг 24 тасини бир занжирга теришимизга тўғри келади. Бу фақат микроскоп орқали кўриш мумкин бўлган майда заррачалар ҳисобланади. Улар ўпкамизга кириши, эриши ва танамиз бўйлаб ҳаракатланиши мумкин.

Шунинг учун индекс ишлаб чиқилган. Унинг мақсади шундаки, кўплаб мамлакатларда, жумладан, ҳозир Ўзбекистонда ҳам бир вақтнинг ўзида кўплаб ифлослантирувчи моддалар ўлчаб келинмоқда. Жамоатчиликка ягона қиймат ҳақида ҳисобот бериб бориш учун индекс ишлаб чиқилган. Бу ўлчовлар ёрдамида биз ҳар бир ҳавони ифлослантирувчи моддаларни, уларнинг концентрациясини белгилаймиз. Бошқа ўлчовлар қўлланса, бир бирикманинг миқдори бошқача бўлиши мумкин, лекин биз уларни шкалага қўйиб, ифлослантирувчи моддалар бўйича энг кўп сонни танлаймиз ва жамоатчиликка ҳисобот берамиз.

Шундай қилиб, ҳаво сифати индексидан мақсад – ҳисоботларни соддалаштириш. Аммо кўп ҳолларда концентрация ҳақида хабар берган яхшироқ. Кўпинча уларнинг иккаласидан ҳам фойдаланилади.

– Сиз атмосферани ифлослантирувчи манбаларни ва унинг одамларга таъсирини ўргангансиз. Бу бўйича тадқиқотларингиз, кузатувларингиз бор. Шулар ҳақида гапириб берсангиз.

Дунё давлатларида ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларини нимада кўрасиз? Бу борада Марказий Осиё мамлакатларидаги муаммолар нима билан боғлиқ, сизнингча?

– Глобал миқёсда ҳаво ифлосланишининг энг асосий омили бу – ёниш, аниқроғи, турли хил манбаларнинг ёқилиши билан боғлиқ. Бу – автомобиллар, иссиқлик электр станцияларидан чиқадиган заҳарли ташланмалар бўлиши мумкин. Масалан, Ҳиндистондаги каби печлар. Ёки агар одамлар исиниш учун печларни ишлатишса, бу ҳам ҳавони ифлослантирувчи омил бўла олади. Қаттиқ ёқилғининг бу тарзда ёндириб фойдаланилиши бутун дунё бўйлаб ҳаво заррачаларини ифлослантирувчи энг катта манба ҳисобланади.

Айни пайтда бу борада Марказий Осиё давлатлари бир-биридан фарқланади. Ҳозирда бизнинг энг яхши ўрганишларимиз Қирғизистон ва шунда ҳам унинг пойтахти Бишкек ҳиссасига тўғри келади. Бишкекда ҳавонинг ифлосланишига энг катта ҳисса қўшувчи манба сифатида одамларнинг қиш мавсумида иситиш учун ўз уйларида кўмир ёқаётганини айтиш керак. Ҳаво ифлосланишини камайтириш йўлидаги кейинги қадам шу йўналишга қаратилган бўлиши лозим. Яъни ифлослантирувчи манбалар ва уларнинг турларини, қайсиларига қанча фоиздан тўғри келаётганини яхшироқ аниқлаш керак.

– Ўзбекистон Экология вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимизда ҳаво ифлосланиши кузатиладиган вақт асосан куз-қиш мавсумига тўғри келади.

Яъни айнан совуқ вақтда иссиқлик учун кўмир ёқилгани айтилганди. Нима деб ўйлайсиз, кўмир станцияларига ўрнатиладиган филтрлар ҳавога заҳарли ташланмалар ташланишининг қанчалик олдини олади?

– Ўзбекистондаги электр станциялари, жумладан, Тошкентдаги асосий электр станцияси ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Умуман олганда, кўриниши сумкага ўхшагани учун “сумка уйлар” деб аталадиган бу филтрлар тўғри ишлаб чиқилган, ўрнатилган ва таъминланган бўлса, заррачаларни ушлаб қолишда жуда самарали ҳисобланади.

Энди иссиқлик электр станциялари масаласи ҳам қизиқ, чунки юқорида айтганингиздек, ҳаво ифлосланишининг аксарият қисми қишда кўпроқ юзага келади. Чунки бу станциялар жуда баланд заҳарли ташланмалар ташловчи устунларга эга. Шунинг учун кўпинча шаҳарларда, масалан, Бишкекда, иссиқлик электр станцияси ягона энг катта эмиссия манбаи бўлиши мумкин. Аммо бу қиш мавсумида ер юзидаги ҳаво ифлосланишига таъсир қилувчи энг катта омил эмас. Чунки устунлар жуда баланд бўлади ва у маҳаллий жойга тушишдан кўра узоққа, осмонга кўтарилиб кетади.

– Энг яхши филтрлар ҳам ҳаво ифлосланишини неча фоизга қисқартира олади? Филтрларни ўрнатиш мамлакатлар учун қанчага тушади, битта филтрнинг ўртача нархи қанча?

– Бундай тизимларнинг самарадорлигига кўплаб омиллар таъсир қилади. Филтрларнинг самарадорлик даражаси 90 фоиздан ошишига ишонаман. Бу заррачаларнинг ўлчамига ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, чўктиргичлар деб аталадиган эмиссия назоратининг бошқа турлари ҳам бор ва улар 97 фоиздан юқори самарага эга бўлиши мумкин. Аммо бу яна заррачаларнинг ўлчамларига ва филтрларнинг уларни ушлаб қолиш даражасига боғлиқ.

Энди иқтисодий жиҳати билан боғлиқ савол мураккаброқ. Чунки бу, албатта, станциянинг ўзига хос дизайни, ҳажми, қувватига боғлиқ. Шунинг учун бу борада аниқ гап айтиш қийин. Мен аниқ биладиганим: яқинда Қирғизистон ҳукумати Жаҳон банкидан атмосфера ҳавосининг ифлосланишини назорат қилиш учун 50 миллион доллар фоизсиз кредит олди ва уларнинг чора-тадбирларидан бири марказий иссиқлик электр станциясини назорат қилишни яхшилаш эди.

– Бу борада Ўзбекистондаги вазиятни ҳам ўргандингизми, кузатувларингиз билан бўлиша оласизми?

– Ҳозирча биз батафсил тадқиқотлар ўтказмадик, айниқса қиш вақтида. Юқорида айтиб ўтганингиздек, ифлосланиш жуда мавсумий таъсирга эга ва ҳақиқатан ҳам доминант манбалар мавсумга қараб ўзгариши мумкин. Агар иситиш асосий манба бўлса, у фақат қишда бўлади. Худди шундай, ифлосланишда чангнинг ҳиссаси ҳам анча мавсумий характерга эга. Биз биламизки, ёз ва кузда чанг зарралари PM2,5 га ўртача 30 фоиз ҳисса қўшади. Қолган 70 фоизи эса ҳали аниқ эмас ва қишдагисини ҳам ҳали билмаймиз. Назорат режаларини ишлаб чиқиш учун кейинги бажарилиши керак бўлган ишлар ҳам ана шуларни аниқлашдан иборат бўлиши зарур.

– Тошкент ҳавоси рекорд ифлосланган вақтда Экология вазирлиги асосий манба сифатида автомобилларни кўрсатди. Бу борада фикрингиз қандай, PM2,5 нинг қанча қисми автомобиллар ҳиссасига тўғри келади? Ўзи ростдан ҳам дунё миқёсида асосий манба сифатида автомобиллар кўрсатиляптими?

– Ҳозирча мен бу борада Тошкентдаги фоиз ҳиссасини билмайман ва тахмин қила олмайман. Бишкекда ўрганишлар ўтказганимизда, у ерда аввалига автомобиллар аввалига қишда ҳам асосий ифлослантирувчи манба деб тахмин қилинганди, лекин ундай бўлиб чиқмади. Ўзбекистонда эса бунга аниқлик киритиш мураккаброқ, чунки бу ердаги кўплаб автомобиллар ва юк машиналари табиий газда юради, бу нисбатан тоза, камида PM заррачалар учун тозароқ. Лекин шу нарса ҳам аниқки, сизларда ҳали-ҳамон бензин ва дизел ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситалари бор, лекин мен улардан қандай фойдаланилаётгани, қайси турдаги ёқилғи ишлатилаётгани, қолаверса, ёқилғининг ҳаво сифатига таъсир даражасини билмайман.

Глобал миқёсда транспорт воситалари кўплаб шаҳарларда ҳавони ифлослантирувчи энг муҳим манбалар қаторига киради, лекин бу борада ҳам шаҳардан шаҳарга катта тафовутлар бор. Масалан, Непалнинг жуда ифлосланган шаҳарларидан бири бўлган Катмандуда транспорт воситаларининг ифлосланишдаги ҳиссаси катта, лекин асосий зарар автомобиллар ва юк машиналаридан ҳам кўра кўпроқ икки тактли двигателлар, хусусан мотоцикллар ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, глобал миқёсда ҳаво ифлосланишида автомобилларнинг ўрни ҳақиқатан ҳам катта, лекин айнан Ўзбекистондаги вазиятга баҳо бериш аниқ ўрганишларни талаб қилади.

– У ёки бу минтақадаги давлатлар учун стандартлар бир хил бўладими ёки ҳар бир мамлакат ўзининг алоҳида миллий стандартини ишлаб чиқиши керакми?

– Бу борада қатъий фикрларим бор. Мен минтақа бўйича ягона стандарт бўлишини истардим. Бунинг кўплаб фойдали томонлари бор. Шунингдек, бу стратегияларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Айтиб ўтганимдек, мамлакатлар турли ҳаво сифати ва уни ифлослантирувчи турли манбаларга эга бўлса-да, улар ўртасида алмашиш мумкин бўлган жуда кўп билимлар бор. Мақсадларнинг муштараклиги мувофиқлаштириш ва билим алмашишга ҳам кўмаклашади.

Мен ҳам турли минтақаларнинг стандартлари ҳам ҳар хил бўлиши керак деган гапни эшитганман ва бу жараёнда асосий аргумент сифатида айрим мамлакатлар чўл ҳудудларида жойлашгани, уни назорат қилиб бўлмаслигини айтишади. Бу борада мен бошқача фикрдаман. Америка Қўшма Штатлари, Европа ва Шарқий Осиёнинг баъзи бошқа мамлакатларидаги тажрибасига кўра, соғлиқни сақлаш учун тегишли стандарт белгиланади. Агар назорат қилиб бўлмайдиган ҳавони ифлослантирувчи манбалар бўлса, ифлосланиш даражасини ўлчаймиз, ундан назорат қилиб бўлмайдиган манба концентрация даражасини айириб ташлаймиз. Шунда назорат қилиш мумкин бўлган миқдор келиб чиқади. Шу асосда стандарт ишлаб чиқилади.

 

– Сиз 2022 йилда ҳам Ўзбекистонга келгансиз. Ўша вақт ва ҳозирги яшиллик даражасини қандай баҳолайсиз? Охирги вақтларда бу вазиятимиз ёмонлашгандек, шу жиҳатдан ҳам макро ва микро иқлимлар яратилиши кераклиги, яшилликни қайтариш ҳақида гапиришади. Ўзи аслида макро ва микро иқлимларни шакллантириш ҳаво тозалигида қанчалик самарали?

– Бу мавзуда мен АҚШда тадқиқот қилганман. Ҳар бир инсон экологик жиҳатдан ҳам ва шаҳарсозлик жиҳатдан ҳам яшиллик қанча кўп бўлса, шунча яхши деган фикрга қўшилади. Айниқса, иқлим ўзгариши билан боғлиқ вазиятда яшилликнинг жуда кўп фойдаси бор, шаҳардаги иссиқлик ороли эффекти, яъни бир ҳудуд шаҳарлар атрофидаги жойларга қараганда иссиқроқ бўлса, шаҳарни иложи борича кўкаламзорлаштириш талаб этилади.

Шу билан бирга, яшиллик даражасини ошириш ҳаво ифлосланиш даражасини пасайтиришига оид кучли далиллар ҳали ҳам мавжуд эмас. Тўғри, бу ҳавонинг баъзи заррачалар билан ифлосланишини бартараф этади, аммо кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бунинг натижасидаги ҳаво сифати яхшиланиши сезиларсиз даражада бўлади. Шунинг учун биз кўкаламзорлаштиришни ҳаво ифлосланишининг олдини олишдаги стратегия сифатида қабул қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак, менимча. Аммо нима бўлганда ҳам шаҳарларни кўкаламзорлаштириш тўғри иш.

Мен икки йил давомида Тошкентдаги яшиллик фарқни сезмадим, чунки АҚШ Давлат департаменти сафарларим давомида мени жуда банд қилиб қўяди. Аммо кўп шаҳарларда қурилиш туфайли дарахтлар ва бошқа ўсимликларни кесиб ташлашмоқда, бу иссиқлик ороли юзага келиши каби салбий оқибатларни юзага келтиради, деган хавотир борлигини биламан. Шаҳрингиз қанчалик иссиқ бўлса, унда яшаш қулайлиги камайиб боради. Ҳаво сифатига таъсирини эса кўриб чиқиш лозим.

– Айрим мамлакатларда PM2,5 нинг кўпайиб бораётгани факт. Хўш, вақт ўтгани сайин унинг ортиб бориши табиат ва одамга таъсири қандай бўлади? Келажакда қандай оқибатлар юзага келиши мумкин? Бу борада изланишлар борми?

– Биринчи навбатда айтиш керак, бизда яхши хабарлар бор. Глобал миқёсда, PM2,5 ўзининг максимал қийматига етган ва ҳозирда пасайишни бошлаганга ўхшайди. Бу янгилик асосан Хитойда жуда самарали бўлган ажойиб эмиссия назорати билан боғлиқ. Жараён жуда мураккаб, объектив илмий ёндашувлар асосида тўпланган маълумотлар бор. Бу жараёнда мамлакат ёлғон рақамларни тақдим эта олмайди, чунки ахборотлар сунъий йўлдош маълумотларига асосланган ва анча ишончли.

Энди маҳаллий ёки минтақавий миқёсда айтадиган бўлсак, вазият бироз бошқача. Баъзи жойлар тозаланишда давом этяпти, тез ўсиб бораётган баъзи жойлар эса янада ифлосланишда давом этяпти.

Демак, глобал ўртача ҳисобда бу максимал даражага етган бўлиши мумкин, лекин Африка, Марказий Осиё каби жадал ўсиб бораётган ҳудудларда ҳаво сифати ҳали ҳам муаммо бўлиб қоляпти. Дунёдаги энг катта муаммолардан бири бу – урбанизация тезлигидир. Дунёнинг исталган нуқтасида қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб ўтаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу эса шаҳарлардаги ҳавонинг ифлосланиши ва бошқа экологик муаммоларни яратади. Биз Мўғулистон, Улан-Батор каби жойларда иқлимий миграция ҳақиқатан ҳам кўпаётганига гувоҳ бўлдик.

Хитойликлар анча йиллар олдин ҳақиқатан ҳам катта иқтисодий портлашни бошдан кечиришди. Ўша пайтда улар ўзлари фойдаланаётган барча янги иссиқлик электр станцияларига самарали бошқарув мосламаларини ўрнатишди, лекин ўшанда мамлакат бу ускуналардан тўғри фойдаланилишини таъминлаш учун кучли ҳуқуқий дастурга эга эмас эди. Ҳозирга келиб Хитой тозалаш ускуналарининг тўғри ишлатилишини таъминлаш учун ҳуқуқий асослар ва ижро механизмларини ишлаб чиққан ва бу фойдали бўлмоқда.

Улар, шунингдек, янги автомобилларда эмиссияни жуда қаттиқ назорат қилишди, автомобилларнинг аксарияти янгиланди. Шу сабабли биз бунинг натижасидаги катта ижобий ўзгаришларни кўриб турибмиз.

– Ўзбекистон ҳукуматига экологияни сақлаб қолиш ва ҳаво сифатини яхшилаш борасида қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Яқинда Экология вазирлиги ва илмий-тадқиқот институтларидан бири билан вақт ўтказдим, бундан жуда хурсанд бўлдим. Улар ҳавонинг ифлосланиши муаммоси, бу муаммонинг одамлар ва экотизимларга таъсирини тушуниш учун олиб бораётган тадқиқотларидан жуда ҳайратландим. Жуда катта иш қилинмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, кейинги асосий қадам бу энг ифлосланган даврда ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар нима эканини аниқлаш учун илмий тадқиқотлар олиб боришдир. Чунки назорат иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши керак. Ахир ажратилган маблағлар беҳуда сарфланишини хоҳламаймиз. Маблағлар ҳақиқатан ҳам ҳаво сифатини яхшилаши ва бунда энг катта самара берадиган жойга сарфланиши зарур. Ҳаво сифатини илмий асосланган ҳолда бошқариш кейинги қадам бўлиши лозим.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Top