Жаҳон | 12:50 / 16.05.2024
9979
7 дақиқада ўқилади

Рафаҳга кираётган танклар, Словакия бош вазирига суиқасд ва Тожикистонда дабдабага тақиқ — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеа ва ҳодисалар шарҳи билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил танклари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига бостириб киришда давом этмоқда. Секторнинг шимолий қисмидан бу шаҳарга кўчирилган фаластинликлар яна қочиб жон сақлашга мажбур бўлишмоқда, деб ёзади Reuters.

Исроил танклари миллиондан ортиқ мажбурий кўчирилган инсонлар жон сақлаётган Рафаҳнинг шарқий қисмида янада илгарилаган.

Мажбуран кўчирилган фаластинликлар чўлли зоналар, жумладан, Исроил томонидан ҳуманитар зона деб эълон қилинган соҳил бўйидаги Ал-Маваси қумликларига кўчишмоқда. Ёрдам кўрсатиш агентликлари бу зоналарда санитария ва бошқа шарт-шароитлар йўқлигидан огоҳлантирмоқда.

Қатар бош вазири шайх Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний Исроилнинг Рафаҳдаги операциялари Қатар ва Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда эришилган барча келишувларни чиппакка чиқаришини таъкидлаган.

Исроил Рафаҳга ҳужумни иттифоқчиларининг ёрдамисиз ҳам давом эттиришини, бу операциядан кўзланган мақсад шаҳарга ўрнашиб олган ҲАМАСнинг тўрт баталйонини йўқ қилиш учун зарурлигини таъкидлаган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, 2,3 миллион аҳоли зич яшайдиган анклавнинг шимолида ҳам, жанубида ҳам Исроил оккупацион қўшинлари ва фаластинлик жангчилар ўртасида сўнгги ойлар ичидаги энг қақшаткич отишмалар юз бермоқда.

Словакия бош вазирига суиқасд

Словакия бош вазири Роберт Фицо билан учрашиш учун йиғилиб турган одамлар орасидан 3-4 марта ўқ узилган. Россия президенти Владимир Путинни қўлловчи сиёсатчи сифатида донг таратган Фицо Гандлова шаҳрида мамлакат ҳукумати аъзолари йиғилишидан чиқиб келаётган бўлган.

Фицо ҳукумат йиғилишидан кейин маҳаллий аҳоли вакиллари билан кўришган, улардан бири эса унга қарата ўт очган. Натижада бош вазир ерга йиқилган, унинг кўкрак соҳаси, қорин қисми, қўл ва оёқларига жароҳат етказилгани айтилмоқда.

Кейинроқ бош вазир Роберт Фицога 71 ёшли ёзувчи эркак ўқ узгани ойдинлашди. Юрай Цинтула Левица шаҳрида яшайди ва адабиёт клубига асос солган. Унинг нима учун сиёсатчига суиқасд қилгани номаълум. Ёзувчи полиция томонидан воқеа жойида қўлга олинган.

Цинтула 71 ёшда, у Левица шаҳрида яшайди ва адабиёт клубига асос солган. 2015 йилдан Словакия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, учта шеърий тўплами ва иккита насрий китоби нашр этилган.

Сўнгги хабарларга кўра Роберт Фицонинг аҳволи ўта оғир ва у сунъий комага туширилган. Аввалроқ Фицо муваффақиятли операция қилингани, ҳолати барқарор экани тўғрисида хабарлар чиққан эди. Лекин бу хабарлар тасдиқланмаган. Словакия бош вазирининг қорин соҳасидан кўп қон кетган, ички органларига зарар етган.

Украинага ёрдам

Америка Киевга яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизимини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри ўз манбасига таяниб.

Таъкидланишича, бу масала АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятида Россия Федерациясининг шиддатли ҳужумларига учраган Украина ҳаво мудофаасини яхшилаш зарурати фонида муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, айни пайтда Украинанинг Европадаги иттифоқчилари томонидан ўз захираларидан Киевга қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини ўтказиш имконияти таҳлил қилинмоқда, дейилади хабарда.

Киевга эълон қилинмаган ташриф билан келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга Киевда бўлиб ўтган учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларига фақат Харкивни ҳимоя қилиш учун иккита Patriot тизими кераклигини айтган.

Янги Patriot тизими учун маблағлар, Конгресс томонидан яқинда маъқулланган 61 миллиард долларлик ёрдам пакетидан ажратилиши ҳам мумкин, деб ёзади агентлик.

Оқ уй Хавфсизлик кенгаши ва Пентагон бу маълумотга хабар эълон қилинган вақтда изоҳ бермаган.

Ғарб ва мигрантлар

2040 йилга бориб Америкада ўлим даражаси туғилиш даражасидан ошиб кетади ва бу қисқариш ўрни мигрантлар оқими билан қопланмаса, мамлакат аҳолиси камайишни бошлайди.

АҚШда мигрантларга кенг йўл очиш муҳокама қилинган бўлса, Европа қоидаларни қатъийлаштирмоқда.

Европа Иттифоқи давлатлари Европарламентнинг бошпана бериш қоидаларини сезиларли даражада кучайтириш ҳақидаги қарорини тасдиқлади.

Тахминан ўн йиллик мунозаралардан сўнг, Европа Иттифоқи ниҳоят миграция қонунчилигининг кенг қамровли ислоҳотини маъқуллади. 14 май, сешанба куни ЕИ давлатлари Европарламент томонидан қабул қилинган умумий Европа қонунчилигини (Geas) сезиларли даражада қатъийлаштиришни назарда тутувчи ўнта регламент пакетини тасдиқловчи расмий қарор қабул қилди.

Европа Иттифоқи давлатлари икки йил ичида миллий қонунчилигини мувофиқлаштиришга мажбур бўлади. Ислоҳот нисбатан хавфсиз мамлакатлардан келган мигрантлар учун қоидаларни қатъийлаштиради. У Европа Иттифоқига ноқонуний иммиграцияни чеклаши ҳамда ноқонуний миграциянинг асосий оқимини қабул қиладиган Италия, Греция ва бошқа мамлакатлар юкини енгиллаштириши керак.

Европа бошпана тақдим этиш масалалари бўйича агентлиги 2023 йилда тахминан 1,1 миллион аризани қайд этди, бу 2016 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Германияда бошпана изловчилардан 330 мингга яқин ариза топширилган.

Тожикистонда дабдабага тақиқ

Қўшни Тожикистонда ҳожиларни тантанали кутиб олиш, ҳашаматли тадбирлар ўтказиш тақиқланди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси — Намояндалар мажлиси «Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини муҳокама қилди. Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Сулаймон Давлатзода қонуннинг янги таҳрири замон талабларига жавоб беришини таъкидлади.

Қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, Рамазон ва Қурбон ҳайитида болалар иштирокидаги анъанавий «Ийдгардак» тадбири тақиқланади. Унда болалар қариндошлари ва қўни-қўшниларининг уйларига бориб, уларни табриклайди, совғалар олади.

Сўнгги йилларда зиёратчилар сони кўпайган, айрим фуқаролар Ҳаждан кейин зиёратчиларни кутиб олишда исрофгарчиликка йўл қўймоқда. Энди бундай тадбирлар фақат оила даврасида ўтказилади. Ҳаж ёки умра зиёратига борганларни кутиб олишда ҳовлилар, кўчалар, маҳаллалар ва автомашиналарни байрамона безаш, совғалар тарқатиш тақиқланади.

Бундан ташқари, тўй билан боғлиқ иккитадан ортиқ маросим ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган ва тўй билан боғлиқ бошқа тадбирлар тақиқланган.

Фуқароларга маблағларни тўйхона ва ресторанлардаги тўй дастурхони ўрнига хайрия ишларига, масалан, йўлларни таъмирлаш, сув қувурларини ётқизиш ва ижтимоий объектларни қуриш учун сарфлаш таклиф қилинган.

Келин-куёвга ҳамроҳлик қилишда кўп сонли автомашиналардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Шу боис 4 тадан ортиқ машинадан фойдаланишга рухсат этилмайди. 

Мавзуга оид