Жаҳон | 08:44 / 17.06.2024
9475
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Германия афғонларни Ўзбекистон орқали уйларига жўнатмоқчи

Берлин афғонларни Ўзбекистонга, у ердан эса - ўз ватанларига KamAir рейсларида жўнатмоқчи, деб ёзади Der Spiegel. Германия делегацияси яқинда Тошкент билан ушбу режани муҳокама қилди.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия ҳукумати қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни ортга қайтариш учун Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 16 июн, якшанба куни Der Spiegel журнали ёзади

Нашрнинг ёзишича, май ойи охирида Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғига биноан Германия делегацияси Тошкентга ташриф буюриб, у ерда Ўзбекистон ҳукумати билан тегишли режани муҳокама қилган. «Немислар Ўзбекистон ҳукуматига махсус режа таклиф қилишган, – деб ёзади нашр. - Унга кўра, Германия афғонистонлик номзодларни чартер рейслар орқали Тошкентга етказиши мумкин, у ердан Афғонистон фуқаролари Кобулга KamAir хусусий авиакомпанияси самолётларида олиб кетилади. Бу йўналиш Берлин толиблар ҳукумати билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бормасдан туриб афғонларни чиқариб юбориш имкониятига эга бўлишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган».

Журналистларнинг таъкидлашича, Германия ИИВ делегацияси Тошкентдан қайтгач, музокаралар «конструктив» ўтганини маълум қилган ва Ўзбекистон ҳукумати ёрдам ҳақида ваъда берган. Ўз навбатида, KamAir авиакомпанияси вакиллари ҳам худди шундай тарзда фуқароларни Афғонистонга олиб бориш мумкин, деган фикрни билдирдилар, дейилади мақолада. 

Аввалги йиллар давомида бу фирма Швецияга худди шундай депортация миссияларида ёрдам берган ва компания раҳбарияти Афғонистондаги толиблар ҳукумати билан ишончли алоқаларга эга, деб ёзади Der Spiegel. 

Ўзбекистон шартлари 

Тошкентнинг шарти эса Германия билан Ўзбекистондан Германияга малакали мутахассислар юборилишини тартибга солувчи расмий миграция шартномасини имзолашдир. Нашрнинг хабар беришича, бундай келишувни тайёрлаш бир неча ойдан бери давом этмоқда. 

Der Spiegel нашрига кўра, федерал ҳукуматнинг миграция келишувлари бўйича махсус вакили Йоахим Штамп келаси ҳафта музокараларни давом эттириш учун Ўзбекистонга келади. 

Германиядан муҳожирларни чиқариб юбориш масаласи

Бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни Германиядан чиқариб юбориш зарурлиги ҳақидаги баҳслар афғон фуқароси май ойи охирида Мангеймда Pax Europa ташкилоти митинги иштирокчиларига ҳужум қилиб, ёш полициячининг ўлимига сабабчи бўлганидан кейин яна кучайди. 

«Бундай жиноятчилар Сурия ёки Афғонистондан келган бўлса ҳам, депортация қилиниши керак», деди Германия канцлери Олаф Шолц бундестагда ушбу фожиали воқеадан кейин. 

Ҳозирда Германияда бўлган қанча афғон фуқароси депортация қилиниши мумкинлиги аниқ эмас, дейди журналистлар. Нашрнинг ёзишича, Германияда яшовчи 13 мингга яқин афғон мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Бироқ, уларнинг кўпчилиги ҳозирда депортация қилиш мумкин бўлмаган мақомга эга, масалан, бу оиланинг ажралишига олиб келиши ёки мигрантнинг ватанидаги вазият хавфли деб ҳисобланиши мумкин.

Мавзуга оид