Жамият | 13:00 / 20.04.2020
9082
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси ва ишчи гуруҳ томонидан Устюртдаги корхоналар, кон ва қудуқлар ҳолати ўрганилди

Фото: Ўзбекнефтгаз

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқариш корхоналаридаги ислоҳотларнинг бориши, натижани ошириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар, кон ва қудуқлар ҳолатини ўрганди.

Дастлаб йилига 4,5 млрд. м³ газ қайта ишлаб, 400 минг тоннагача полиэтилен ва 100 минг тоннагача полипропилен ишлаб чиқариладиган Устюрт газ-кимё мажмуасида карантин даврида корхона томонидан ишчи-ходимларга яратилган шароитлар кўриб чиқилди.

Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги ва энг асосийси бу корхонада коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш вазифаси топширилди.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудидаги Мўйноқ тумани «Учсой» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Махсус штаб», конлар, қудуқлар фаолияти ва у ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга яратилган шароитлар, карантин даврида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишди.

Жумладан, 100 минг м³ саноат миқёсида табиий газ қазиб чиқарилидиган «Шимолий Бердақ» конидаги 86-сонли қудуқ ҳамда бурғулаш ишлари давом эттирилаётган 92-сонли қудуқда бўлган ишчи гуруҳ томонидан янги газ конларини излаш, конларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, унумли қатламларни очиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, «Арслон» газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида олиб борилаётган қурилиш ишлари ўрганилди ва табиий газ таркибидан қимматбаҳо компонентларни янада чуқур ажратиб олиш, қурилиш ишларини белгиланган муддатда якунлаш кераклиги айтилди.

Ўрганишлар жараёнида анчадан буён йиғилиб қолган масалалар ва камчиликларни тизимли ҳал этиш, зарур чоралар кўриш ва ишчи-ходимларга қулайлик яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, захираларни купайтириш ва белгиланган натижага эришиш борасида аниқ топшириқлар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид