Ўзбекистон | 11:55 / 04.11.2022
35490
7 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тирбандликлар қандай камайтирилади? Вазирлик вакили режаларни маълум қилди

Автомобиллар оқимини камайтиришнинг йўли – пулли «парковка».

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида катта ҳажмли жамоат транспортлари кўпайтирилиб, марказга келувчи шахсий транспортлар оқими анча қиммат бўлган пулли тураргоҳлар орқали чекланади. Транспорт вазирлиги вакили Мурод Обидов 2 ноябр куни соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган конференцияда пойтахтда транспорт ҳаракатини яхшилаш, тизимни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган макромодел ҳақида маълумот берди.

Тошкент давлат транспорт университетида ўтган тадбирдан сурат / Фото: Kun.uz

Таъкидланишича, макромоделда Тошкентга қайси транспорт йўналиши бўйича қандай турдаги ва сиғимдаги ҳаракат таркиби кераклиги акс эттирилади, кейинчалик эса бу модел соҳада қабул қилинадиган ҳужжатларни олдиндан баҳолаш воситаси сифатида қўлланади.

«Олдимизда турган 3 та тадқиқот ишларимизни амалга оширишимиз керак. Дастлаб, қисқа вақт ичида пойтахтнинг тахминан 300 та нуқтасидаги транспорт оқимларини, 40 та энг катта юклама бор бўлган ва йўналишлар кесишган нуқталарда йўловчилар айланмасини, кейин эса 140 та автобус йўналишларидаги йўловчилар оқимини ўрганишимиз керак.

Учинчи асосий тадқиқотимизда ижтимоий сўровномалар ўтказиш орқали аҳолининг йўлларга сарфлайдиган вақти, кунлик фойдаланадиган транспорт турлари ва шу каби 40 дан ортиқ саволларга жавоб олиб, натижаларни моделга киритамиз. Шундан кейин бизда аҳолининг ҳаракатланиш траекторияси пайдо бўлади, буни илмий тилда «матрица» десак ҳам бўлади. Яъни тизим бизга қайси кўча ва участкаларда қанча ҳажмдаги ҳаракатланишга эҳтиёж борлигини ҳисоблаб беради. Бу ҳисоб-китобга асосан биз жамоат транспорти йўналишларини шакллантиришни бошлаймиз», – деди Мурод Обидов. 

Шунингдек, лойиҳа офиси раҳбари Kun.uz мухбирига берган интервьюсида бугунги кунда жамоат транспортининг жозибадорлиги кескин камайганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бунга автобуслар интервали анча узоқлиги ва аҳоли талабига нисбатан сони камлиги сабаб бўлмоқда.

Мурод Обидов, Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори / Фото: Kun.uz

«Биз шу оралиқ вақтни қисқартирган ҳолда, ҳозирда автобусларнинг ярмини ташкил этаётган SAZ NP 37 кичик автобусларини чиқариб ташламоқчимиз. Ўрнига камида SAZ LE 60 бўлган Isuzu, электробуслар ҳамда MAN русумли 12 метрли автобуслар харид қилинади. Бунда ҳаракат таркибининг фақатгина сони эмас, ҳажми ҳам ошади. Бу орқали эса йўловчиларнинг кафолатланган вақт бирлиги ичида манзилга етиб боришини таъминлаймиз», дейди у.

Тошкент шаҳрининг жамоат транспортини ошириш режаси рақамларда / Фото: «Тошкентшаҳартрансхизмат» АЖ

Маълумотларга кўра, 2026 йилгача Тошкентда ҳаракатланувчи автобусларни 1 минг 363 тага етказиш кўзда тутилган. Бугунги кунда уларнинг сони 410 та. Хўш, булар қаторида трамвай ҳам бўладими?

«Тошкентда 400 километрдан ортиқ магистрал йўллар бор. Мазкур йўлларда эндиликда автобуслар учун устуворликни таъминлайдиган тизим жорий этилиб, дастлаб 12 метрли, йўловчи оқими ошганидан кейин 18 метрли автобуслар олиб келинади. Ҳаммаси тўғри келгач, ундан кейин навбатдаги транспорт турини режалаштириш бошланади. Бу трамвай бўлиши ҳам мумкин.

18 метрли автобус 120-130 нафаргача йўловчиларни сиғдиролса, айни вақт жорий этиладиган трамвай лойиҳаси ичида 280 та йўловчини олиш қувватига эга трамвай тизими кўриб чиқилмоқда. Бу 3 ёки 5 секционга эга катта ҳажмдаги трамвай бўлиб, уни лойиҳалаштириш, қуриш ва жорий этиш жуда узоқ муддатни талаб қилади. Ҳозир бу тўғрисида гапиришимиз барвақт деб ҳисоблайман, чунки дастлаб асосий магистрал йўлларимизда ҳеч бўлмаганда аҳоли учун қулай бўлган автобус тизимини йўлга қўйиб олишимиз керак», – деди Мурод Обидов.

Қолаверса, унинг айтишича, трамвайни жорий этиш моддий маблағга ҳам бориб тақалади, чунки бу транспорт воситаси анча қиммат туради.

«Масалан, 2 та трамвай тизимини қуриш учун кетадиган маблағга биз 800 та электробус сотиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, трамвайни узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш муаммоси ҳам бор. Маълумки, Ўзбекистонда электр энергия истеъмолининг “пик” даври кечки соат 5-6 лардан кейин бўлиб, ўша вақтдан электр энергияси етишмовчилиги бошланади. Трамвай тизимини жорий этадиган бўлсак, биз доимий равишда электр билан таъминлаш манбасини яратиб қўйишимиз керак. Бунақа лойиҳа ҳам кўриб чиқилмоқда, лекин уни яқин бир йил ичида амалга ошириш жуда мураккаб», деган у.

Тошкент шаҳри аҳолиси 2 млн 900 минг нафарни ташкил этади. Аммо норасмий маълумотларга кўра, ҳақиқий рақамлар бундан каттароқ. Пойтахтда транспорт воситасидан фойдаланаётган аҳолининг 80 фоизи, яъни 4 млн нафари шахсий, қолган 20 фоизи, 2,7 млн нафар инсон эса жамоат транспортидан фойдаланади. 

Сентябрдаги статистикага кўра, Тошкентда доимий рўйхатдан ўтган автомобиллар сони 711 мингтани, қўшимча равишда ҳар куни вилоятлардан шаҳарга келиб-кетувчи автомобиллар эса 260 мингтани ташкил этади. Бу – жами ҳисобда айни вақт пойтахтда 900 мингтадан ортиқ автотранспорт ҳаракатланяпти дегани. 

Лойиҳа офиси раҳбарининг айтишича, бу муаммо пулли паркоматлар орқали ҳал қилиниши мумкин.

«Айтиш мумкинки, пулли парковкалар анча қимматроқ бўлади. Бу йил сўнгига қадар 10 та кўчада эксперимент тарзида пулли парковкаларни йўлга қўйиш режалаштирилган эди. Бу бўйича ҳужжат лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилганди.

 Аммо афсуски, лойиҳанинг қабул қилиш процедураси чўзилиб кетмоқда. Чунки бу тажриба ҳали янги, ҳужжатни қабул қилиш жараёни ҳамда босқичларида давлат ташкилотлари вакилларида саволлар туғиляпти. Яъни бунақа ечимнинг давлат тизимидан ўтиб, амалиётга қўлланиши учун режалаштирганимиздан-да кўпроқ вақт кетар экан.

Бошида ноябрда йўлга қўямиз деб ўйлаган эдик, лекин кўриб турганингиздек, улгурмадик. Бу бир тарафдан бюрократик тўсиқлар сабаб, иккинчи томондан эса тажрибада бу амалиёт ҳали қўлланмагани билан боғлиқ бўлиб қоляпти», – деди Обидов.

Ҳозирча пулли автомобил тўхташ жойларининг нархлари ва қачон жорий этилиши бўйича маълумотлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, тўлов қиймати Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан белгиланади. Бунда аҳолининг зичлик даражаси ва шаҳар кўчаларининг қатнов қисмларининг ўтказиш қобилияти ҳисобга олиниши керак.

Мавзуга оид