Ўзбекистон | 10:00 / 12.01.2019
63293
7 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ушбу Қонуннинг мақсади ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ ифодалашни, унинг касбий фаолияти, ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя кафолатларини жорий этишни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Ўқитувчи педагогик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардир:

  • ўқув ва таълимнинг инсонпарварлик характер касб этганлиги, таълим олувчининг ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий маданий анъаналарга ҳурмат билан қараш;
  • қонун талабларининг устуворлиги;
  • ўқувчиларни тайёрлаш, ўқитиш, тарбиялашга шахсан йўналтирилган ёндашув;
  • умуминсоний ва ахлоқий қадриятларга риоя қилиш;
  • ватанга муҳаббат, юқори фуқаролик позицияси, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар руҳида ўқувчиларни тарбиялаш;
  • таълимнинг узлуксизлиги;
  • педагогик фаолият усуллари ва шаклларини танлаш эркинлиги;
  • таълим принципларининг ягоналиги;
  • илм-фан, техника ва маданиятнинг энг сўнгги ютуқлари асосида ўз билимларини такомиллаштириб бориш;
  • болалар ва ёшлар бирлашмалари, меҳнат жамоалари, шунингдек фаолиятлари амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган манфаатдор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик.

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми жамият томонидан тан олинади ва уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш учун шароитлар яратилади, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади ҳамда ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш учун ҳуқуқ ва эркинликлар берилади.

Педагогик ишларнинг шартлари ва хусусияти ўқитувчи мақомини, ўқитувчининг ҳуқуқларини, мажбуриятларини ва жавобгарлигини ўз ичига олган шунингдек уларни амалга ошириш кафолатларини белгилайди.

Ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан мустаҳкамланган фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларига эга.

Мактаб тизимининг ташкил этилиши бутунлай ёки қисман ўзгартирилган бўлса ҳам, ўқитувчининг расмий мақомининг барқарорлиги давлат томонидан кафолатланади.

Ўқитувчи мақомига давлат ва нодавлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ишлайдиган зарур касбий таълим ва тегишли малакага эга бўлган фуқаролар эга бўлади.

Тегишли маълумоти, касбий тайёргарлиги бор ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар ўқитувчи сифатида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагогик таълим ва малакага эга бўлмаган шахсларга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи тегишли фан йўналиши бўйича педагогик қайта тайёрлаш ўтганидан сўнг берилади.

Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суд ҳукмига кўра ёки тиббий хулосага асосан маҳрум қилинган шахсларнинг давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ўқитувчи мақомига эга бўлишига ва педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Етарли малакага эга бўлмаганлиги сабабли, шунингдек таълим фаолияти принципларига зид бўлган ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар ўқитувчилик мақомидан маҳрум қилиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқитувчилар якка тартибда педагогик фаолият (репетиторлик) билан шуғулланиши мумкин.

Асосий иш жойи сифатида муайян давлат таълим муассасасида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар якка тартибда педагогик фаолият (репетиторлик) билан асосий ишидан бўш вақтида шуғулланиши мумкин.

Якка тартибда педагогик фаолиятни амалга ошириш юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари сирасига киради ҳамда лицензия олиш талаб этилмайди.

Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи ўқитувчилар, шу фаолият бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига олган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиш орқали солиқ тўлайди.

Якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланувчи ўқитувчи пуллик таълим хизматини кўрсатишни бошлашдан олдин таълим олувчиларга, уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)га ўзининг касбий маълумоти, умумий педагогик иш стажи ва индивидуал педагогик фаолият билан шуғулланаётган муддати ва лозим бўлса ўзи амалда қўллайдиган педагогик услуб ва технологиялари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Ўқитувчи сифатида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи миллати, жинси, ижтимоий келиб чиқиши ёки диний эътиқодидан қатъи назар, қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган зарур касбий таълим ва тегишли педагогик кадрларга эга бўлган шахсларга берилади.

Ўқитувчи ўз касбига доир фаолиятини амалга ошириш чоғида:

  • таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан тасдиқланган давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув режалари, ўқитиш методлари ва усулларини, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини танлаш эркинлиги;
  • янги муаллифлик дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини яратишда иштирок этиш;
  • янги илғор услублар ва методларни яратиш, улардан фойдаланиш, илмий-педагогик тажрибалар ўтказиш, амалиётда илғор педагогик тажрибаларни жорий қилиш;
  • педагогик фаолиятда янги илғор услублар ва методларни яратганлик, улардан фойдаланганлик ва жорий қилганлик учун рағбатлантирилиш;
  • касбий фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитларнинг яратилишини талаб қилиш;
  • таълим ташкилотининг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқув, методик ва илмий йўналишлардаги хизматлардан бепул фойдаланиш;
  • амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш;
  • малака тоифасини ошириш мақсадида аттестациядан ўтиш;
  • қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ўриндошлик асосида ишлаш;
  • ўқувчилар билан ишлашда уларнинг ота-оналари, қонуний вакиллари ёки васийлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда ишлаш;
  • таълим муассасасининг устави (таъсис ҳужжати)да белгиланган тартибда уни бошқаришда, шу жумладан, коллегиал бошқарув органларида иштирок этиш;
  • таълим муассасаси фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишда, шу жумладан, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали иштирок этиш;
  • шаъни ва қадр-қиммати, одоб-ахлоқ меъёрлари бузилишини текширишда холисона ва адолатли ёндашувни талаб қилиш;
  • ўз фикрини баён этиш ва касбий дахлсизлик;
  • педагогик асосланган шакллар, воситалар, ўқитиш ва тарбиялаш усулларини танлаш ва улардан фойдаланиш;
  • ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бевосита ёки билвосита иштирок этиш ҳуқуқларига эга.

Ўқитувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ўқитувчининг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади.

Давлат ўқитувчига ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Ўқитувчининг касбий фаолиятига ота-оналар, тегишли ваколатга эга бўлмаган идора ва ташкилотлар бевосита аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Ўқитувчиларнинг этика (касбга оид одоб-ахлоқ) қоидалари ўқитувчининг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир.

Ўқитувчиларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органлари, ўқитувчиларнинг касаба уюшмалари томонидан белгиланади.

Ўқитувчиларнинг кийинишига қўйиладиган талаблар таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши мумкин.

Мавзуга оид