Жаҳон | 22:00 / 03.06.2024
32241
11 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Харкив атрофида олдинга юришдан тўхтади. Жанг майдонида нималар бўлмоқда?

Фото: Getty Images

Харкив области шимолида Россия қўшини уч ҳафта олдин анча муваффақиятли бошлаган юриш Украина қуролли кучлари шошилинч тарзда захира кучларини олиб келиши туфайли сустлашди — ва июн ойи бошига келиб амалда тўхтаб қолди. Икки йўналишда ҳаракатланган Россия бўлинмалари Липци ҳудудидаги мустаҳкамланган истеҳкомларда ҳамда Вовчанск (русча Волчанск) шаҳридаги кварталларда қотди. Жанглар давом этмоқда, аммо кун сайин позицион характерга эга бўлиб бормоқда. Россия нимага эришди ва воқеалар ривожи қандай кечиши мумкин?

Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида украинларнинг Харкив областидаги мудофаасига ичкарилашда давом этилаётганини айтмоқда, аммо Z-блогерлар ҳам, бошқа мустақил манбалар ҳам қандайдир жиддий ҳудудий ютуқлар ҳақида маълумот бермай қўйган.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) сўнгги ҳисоботларидан бирида Россия қўшини Липцидан шимолдаги Глубокое ва Вовчанскдан ғарбдаги Старици қишлоқлари ҳудудларида бироз олдинга силжигани ҳақида ёзган. Украинанинг DeepState портали янгилаган харитасига кўра, гап юриш қилувчи томон бир неча кун ичида бир неча юз метр масофани босиб ўтгани ҳақида бормоқда.

«Яқин ҳафталар ичида биз томонимиздан катта миқёсдаги ютуқларни кутиш қийин, — деб ҳисоблайди россиялик „военкор“ Александр Коц. — Биз рақибни Волчанскдаги дарё ортига чекинтиришда давом этяпмиз, аммо энди эгалланган марраларда мустаҳкамлаб олиш ва қарши зарбаларга тайёрланиш лозим. Қарши зарбалар бўлишига эса шубҳа йўқ. Рақиб бу ерга катта гуруҳ олиб келгани бежиз эмас».

Фронт чизиғи Вовчанск марказидан ўтмоқда, урушгача 18 минг киши яшаган шаҳар вайронага айланган
Libkos / Getty Images

Россия шимолдан ҳужум қилиши билан нимага эришди?

Ўз-ўзидан маълумки, ҳозир фақат оралиқ натижалар ҳақида гапириш мумкин.

Май ойи бошидан буён Россия қўшини Украинанинг 280 кв. км ҳудудини эгаллаб олди, шундан 200 кв. км қисми — айнан Харкив области ҳудудида. Бир томондан, кўп эмас. Бошқа томондан, позицион уруш шароитида бунча ҳудудни қайтариб олиш — осон вазифа эмас.

Россия қўмондонлиги биринчи босқичдаги тактик муваффақиятни ривожлантиришга ҳаракат қилмади ёки буни уддалай олмади, ҳолбуки деярли жангсиз ва минимал йўқотишлар билан биринчи таъминот чизиғи ортда қолдирилган ҳамда украин мудофаасининг асосий чизиғига таҳдид юзага келтириш имконияти юзага келганди.

Фронтда кенглиги 50 километрдан ортиқ, икки томондан ҳам катта ресурсларни талаб этувчи янги участка пайдо бўлди. Украина қуролли кучлари хавфли участкага жанговар шайлиги юқори бўлган бир қанча бўлинмаларни шу йўналишга ўтказишга мажбур бўлди, бу эса кремлпараст блогерларга кучларни муваффақиятли чалғитишга муваффақ бўлингани ҳақида гапиришга имкон берди.

Аммо кучлари Россиянинг бунгача Брянск, Курск ва Белгород областларида Украина билан чегарани ҳимоя қилиш учун базўр етиб турган «Север» гуруҳида ҳам ҳужумкорлик қобилияти ҳаводан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Унинг зарбдор қисмини бошқа муҳим йўналишлар, биринчи навбатда қўшни Купянск йўналишидан тортиб келинган захира кучлари ташкил этади.

Ҳарбий тўқнашув чизиғи кенгайиши бошқа участкаларда қандайдир жиддий ўзгаришларга олиб келмади. Бу ажабланарли эмас — Украина қуролли кучлари бошқа позицияларни кучсизлантирмасдан, Харкив области шимолига стратегик захираларни олиб келди.

Россия Бош штаби режалари қандай бўлиши мумкин?

Бу борадаги тахминлар турлича. Кўпчилик Россиянинг чегара ҳудудларини зарбалардан ҳимоя қилишга қаратилган «санитар» (ёки буфер) зона яратиш ҳақида гапирган.

Аммо Белгород ўққа тутилиши тўхтамаяпти, гарчи Россия амалиёти бошланишидан олдинги даражада бўлмаса-да, чегарадаги аҳоли яшаш пунктлари ўққа тутилиши эса кучайтирилган — бу можаро кескинлашган вазиятлар учун мантиқий ҳолат. Буфер зона ташкил этиш учун Россия қўшинининг илгарилаши етарли бўлмагани кўриниб турибди, рақиб мудофааси ичкарисига кириб боришда ҳам, кенг фронт бўйлаб ҳаракатланишда ҳам.

Россия армияси янги йўналишда ҳужумга ўтишидан мақсад Украина қуролли кучларини ёйиб юбориш экани ҳақидаги фикрлар ҳам бор. Бу қисман тўғри, аммо шундай савол туғилади: кимнинг кучлари кўпроқ ёйилди.

«Украина Волчанск атрофида катта гуруҳ тўплади — 14 та бригададан. Улардан кўпчилиги фақат алоҳида баталёнларни юборган бўлса-да, йиғилган кучлар улкан — 20 минггача аскар ва офицерлар олиб келинган. Бу бугунги кунда юришда иштирок этаётган кучларимиздан бир ярим баравар кўпроқ», — дейди Z-блогер «Рамзай».

Аммо Россиянинг Белгород атрофида тўплаган гуруҳи ҳам кам эмас — очиқ манбаларга кўра, 35 минг кишилик қўшин.

Россияликлар Белгород атрофига Курск области томондан шахсий таркибни ҳам, техникаларни ҳам олиб келган, деган Украина қуролли кучлари «Север» оператив қўмондонлиги спикери Вадим Мисник. «Бизнинг маълумотларга кўра, россиялик аскарлар миқдори камайди», — деган у.

Бугунги кун ҳарбий можароларининг асосий хусусиятларидан бири — уруш тумани йўқлигидир. Замонавий разведка воситалари эвазига икки томон ҳам бир-бирининг ҳаракатлари ва қўшинлари сонидан яхши хабардор бўлиб туради.

Вазият кескин ёмонлашган тақдирда қўмондонлик хавфли участкага нисбатан жанговар захираларни ташлаши мумкин. Аммо маълумки, бундай «ўт ўчириш жамоалари» миқдори кўп бўлмайди ва тўқнашув чизиғида вазият барқарорлашгач, «элита» қисмлар оддийроғига алмаштирилиши мумкин.

Украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовецнинг ҳисоблашича, Россия қўмондонлигининг Харкив областидаги мақсадлари каттароқ бўлган. Унинг версиясига кўра, Россия армияси Липци йўналишида, балки Суми областида ҳам чалғитувчи зарбалар йўллаб, тезда Волчя дарёсини кечиб ўтишни, Вовчанскни ўраб олиш ва эгаллашни, шундан кейин жануби-шарқ томон тезлик билан илгарилашни — чегарадан жами 80 км масофага кириб келишни режалаштирганди.

«Россиянинг „Харкивга“ юришининг ҳақиқий мақсади, афтидан, Харкивнинг ўзига зарба беришда давом этиш эмас, балки бизнинг Купянск гуруҳимиз ортидан чиқиш бўлган. Ёки тушунарлироқ айтадиган бўлсак — Харкив областининг Сиверский Донец сув омбори каскадидан шарқда жойлашган барча қисми», — дея ёзади Машовец.

Унинг фикрича, Харкив операцион йўналишидаги амалиёт ҳали давом эттирилмоқда ва Россия қўмондонлиги уни давом эттиришдан тўла воз кечиш ҳақида сира ўйламаяпти.

Украина қуролли кучлари қарши ҳужум амалиётини ўтказа оладими?

Украина қўмондонлиги Харкив йўналишига тортиб келган қўшин миқдори ҳисобга олинса, бунинг учун имконият бор. Қолаверса, Россиянинг илғор бўлинмаларида эгалланган позицияларда мустаҳкам ўрнашиб олиш учун етарли вақт бўлмади.

Агар ҳарб илмига риоя этилса, юришни ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини иҳоталашдан бошлаш лозим — қанотлардан зарбалар йўллаш, рақибнинг олдинги чизиқдаги қисмларига таъминот етказиб беришда фойдаланадиган йўлларини кесиб қўйиш ёки олов назорати остига олиш, фронт ортидаги инфратузилмаларга ҳужум қилиш.

Аммо харитага бир қарашдаёқ Россия қўшини кирган икки ҳудуд ҳам чегара чизиғида жойлашгани, рус армиясининг асосий ўт очиш воситалари, таъминот базалари ва бошқа муҳим ҳарбий объектлари Белгород областида жойлашгани кўзга ташланади. Шу боис, жавоб амалиёти барча қоидалар бўйича ўтказилса, Россия ҳудудларини эгаллаш ёки камида бу ҳудудлар бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаш талаб этилади.

Шу билан бирга, Россиянинг «Север» гуруҳи Белгород области томондан юриш қилиш учун ўз бўлинмаларининг фақат бир қисмини ташлаган, унда мудофаа амалиёти учун етарли куч ва воситалар мавжуд. Россия армияси ҳамон авиация ва артиллерияда сезиларли устунликка эга.

Киевга қурол етказиб бераётган ғарбнинг кўплаб мамлакатлари эса яқин-яқингача Россия ҳудудлари бўйлаб уларнинг қуролларидан зарбалар берилишига қатъиян қарши эди.

Воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

Маълум маънода Харкив областидаги вазият ва Днипронинг чап соҳилидаги Кринки атрофидаги вазият ўртасида параллел ўтказиш мумкин, у ерда Россиянинг «Днепр» гуруҳи кўп ойлардан буён украинларнинг кам сонли десантини дарё ортига суриб ташлай олмаяпти.

Гап шундаки, украинларнинг чап соҳилдаги кичик бўлинмаси тузоқ вазифасини ўтайди, уларга яқинлашган рус бўлинмалари нариги соҳилда жойлаштирилган артиллериядан ва осмондан учиб келувчи дронлар билан ўққа тутилади. Днипрони кечиб ўтиш ва Украина қуролли кучларининг ўт очиш воситаларини яксон этиш имкони йўқ, аммо десантни эътиборсиз қолдириб ҳам бўлмайди, йўқса улар янгидан янги ҳудудларни эгаллаб, муаммоли зонани кенгайтириши мумкин.

Шунингдек, чап соҳилда Украина қуролли кучларининг бошқа кичик бўлинмалари ташланиши мумкин бўлган бошқа участкаларни доимий назорат остида ушлаб туриш лозим.

Украина шимолида ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келмоқда, аммо бу ерда сувайирғич вазифасини Россия билан давлат чегараси ўтайди, ташаббус эса Россия армияси томонида. У чегара ҳудудидаги бошқа участкаларда ҳам плацдармлар ташкил этишга уриниб кўришини истисно этиб бўлмайди.

Россиянинг «Днепр» қўшинлар гуруҳи украинларнинг плацдармлари муаммосини десантчилар эгаллаган ҳудудларни ёппасига ўққа тутиш, таъминот йўлларида ов уюштириш ва мунтазам рейдлар билан ҳал қилишга уринмоқда — бу баъзида самарали чиқмоқда, аммо умуман олганда муваффақиятга эришилмаяпти.

Катта эҳтимол билан, энди Украина қуролли кучлари ҳам шимолий чегарада шунга ўхшаш вазифани ҳал қилишига тўғри келади. Улар ғарб етказиб берган қуролларни Харкив областига бостириб кирган Россия қисмларига қарши қўллаши ва бу ҳудудда йўллар кўп эмаслиги инобатга олинса, Россия логистикасини издан чиқаришга ҳаракат қилиши мумкин. Қолаверса, сўнгги кунларда Вашингтон ўзи етказиб берган қуролларни Белгород областидаги ҳарбий нишонларга қарши ҳам қўллашга рухсат бергани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, табиий сув тўсиғи — Днипро дарёси — ва давлат чегара чизиғи ўртасида ўтказилган параллел ўта шартлидир, шу туфайли бошқа вариантлар бўлиши ҳамда томонларнинг исталган бири вазиятни кескинлаштиришга қўл уриши мумкин.

Мавзуга оид