Трампдан янги «шоу», ҲАМАСда янги тактика, АҚШни «синдирган» Хитой – ҳафта дайжести
Aссалому алайкум. Бугун февралнинг иккинчи куни. Охирги йилларда дунё феврални яхши хотиралар билан эсламайди, лекин аслида бу умид ойи, табиат бойчечакларни гуллатиб, одамларни баҳор билан табриклайдиган ой. Кино қаҳрамонлар феврал қишнинг охирги ойи бўлгани учун қордан, қаҳратондан баҳра олиб қолишга шошилишади. Лекин қиш кинолардагина романтик фасл, аслида кўпчилигимиз баҳорни интизор кутамиз. Балки февралнинг ўзи ҳам баҳор тезроқ келишини истагани учун бирпасда тугаб қолар.

Мана шундай ажойиб ойнинг илк кунларида биргаликда ҳафта давомида дунёда содир бўлган баъзи муҳим воқеаларда ёдга оламиз. Илтимос, YouTube саҳифамизда эълон қилинган видеога like босинг, изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Шу орқали сиз меҳнатимизни қўллаб-қувватлаган бўласиз.
Ғазода келишув давом этмоқда
Бу ҳафтада Ғазода ҲAМAС ва Исроил ўртасидаги келишув давом эттирилди. ҲAМAС Исроилга яна 4 асирни қайтарди. Гуруҳ аста-секин эркак асирларни ҳам озод қилишни бошлади. Исроил ҳам келишувга кўра ҳар бир асир учун 30 фаластинликни қамоқдан чиқаряпти. Орада тушунмовчиликлар ҳам бўлиб турибди. Масалан, Ғазода икки исроиллик асирни оломон қуршаб олгани Бинямин Нетаняҳуга ёқмагани учун у фаластинликларни қамоқдан чиқаришни тўхтатиб қўйганди. Лекин воситачилар барча муаммоларни бартараф этиб боришяпти.
Келишувнинг биринчи босқичи тугай деб қолди. Бу босқичда 33 асир қўйиб юборилиши керак. Исроил эса келишилган миқдорда фаластинликларни. Сулҳ амалга кирар экан ғазоликларга шаҳар шимолига боришга рухсат этилди. Улар вайронага айланган уйларига қайтмоқда. Табиийки, уларни уй деб ҳам бўлмайди. Баъзи нисбатан омон қолган квартираларга эгалари кўчиб киришди. Фаластинликлар дунёдаги энг катта очиқ қамоқхона деб аталадиган Ғазо жанубидан шимолга яёв кетаётгани бутун дунёда ёритилмоқда. Виждони бор ҳар қандай инсон бу даҳшатли кадрларни эти жунжикиб томоша қилади. Сиз ҳам видеога ўтиб, бироз муддат шу кадрларни кўришингиз мумкин.
Трампдан навбатдаги шоу
Ҳафта давомида AҚШ президенти Трамп яна бир давлатга таҳдид қилди. Aввалроқ ҳали президент бўлганига икки ҳафта бўлмаган Трамп Канада, Мексика, Дания ва Панамага таҳдид қилишга улгурганди. Энди бу рўйхатга Колумбия ҳам қўшилди. Гап шундаки, Трамп катта пиар билан AҚШга ноқонуний кириб келган мигрантларни қувиб солмоқда. Бу орқали аввало сайлов кампанияси давомида берган ваъдасини бажариб, бундан ташқари, америкаликлар олдида яхшигина очко ишлаяпти.
Давлатлар одатда депортация учун фуқаролик самолётларидан фойдаланишади. Ўша давлатдан ҳайдалган бечора муҳожир оддий самолётга чиқади, ундан ҳам барча йўловчилар каби стюардесса келиб ҳол-аҳвол сўрайди, мол гўштли ёки товуқ гўштидан қилинган овқат таклиф қилади, кейин барча қатори аэропортга қўнгач, ўз давлати полицияси уни сўроққа олиб кетади. Бироқ жаноб Трамп муҳожирларга бундай мулозамат қилиш ярамайди деб ҳисобламоқда. У ноқонуний мигрантларнинг қўл-оёғини кишанлаб, ҳарбий самолётда олиб боришга буйруқ берган. Биласиз, ҳарбий самолётда курси бўлмайди, одамлар кичик ҳарбий ўриндиқларда тиқилиб кетишга мажбур.
AҚШ колумбиялик муҳожирларни ҳам худди шундай ҳолатда ҳарбий самолёт билан олиб бормоқчи бўлганида Колумбия президенти Франсиско Петро бунга рухсат бермаслигини айтди. У агар колумбияликлар Боготага AҚШ ҳарбий самолётида олиб келинса, учоқларга қўнишга рухсат берилмаслигини айтди. Трампнинг бу гапдан жаҳли чиқиб, Колумбиядан кирадиган ҳар қандай маҳсулотга 25 фоиз бож қўйиш билан таҳдид қилди. Президент Петро эса биз ҳам AҚШ молларига шундай бож белгилаймиз, деди. Хуллас, даҳанаки уруш кечга бориб келишув билан тугади. Оқ уй Колумбия барча шартларга рози бўлганини айтди. Колумбия президенти эса AҚШдан унинг фуқароларига инсон каби муносабатда бўлишни талаб қилди.
Хитой ва Ҳиндистон Россия нефтини олмаяпти
Reutersʼнинг ёзишича дунёдаги икки энг кўп одам яшайдиган давлат – Хитой ва Ҳиндистон Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатган. Нашрнинг аниқлашича, март ойида етказиб бериш бўйича бирорта таклиф тушмаган. Бу AҚШ Россиянинг нефт компанияларига ва яширин фаолият юритувчи соядаги флотига таъсир этувчи санкциялар жорий қилгани билан боғланяпти. AҚШ санкциялари сабаб Россия нефтини ташийдиган кемалар тақиққа тушади.
Бутун дунёдаги нефт танкерлари флотининг 10 фоизига санкция таъсир қилгани айтилмоқда. Оқибатда Россия нефтининг бир баррели импортёр учун 3-5 долларгача қимматлашади. Маълумот учун, Ҳиндистон ўтган йилда ўз эҳтиёжи учун нефтнинг 36 фоизини, Хитой эса 20 фоизини Россиядан олган.
ҲAМAСнинг янги тактикаси
Исроил ҳукумати гаровдагиларни озод қилиш учун ҲAМAС билан сулҳ имзолаганидан кейин Нетаняҳу ҳукумати исроиллик миллатчилар танқидига учрагани ҳақида хабар бергандик. Улар ҳукуматдан урушни тиклашни талаб қиляпти. Лекин ҲAМAСда ҳаммаси жойида кўринади. Ғазода 50 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлганига қарамай, ҳаракат сулҳни ўз ғалабасидек кўрсатишга уринмоқда. ҲАМАС шу кунларда янги медиа тактикага ўтиб, Ғазо харобаларини бутун дунёга кўрсатмоқда. Al Jazeera ёрдамида ғазоликлар култепага айланган шаҳар шимолига қайтаётгани тун-у кун кўрсатиб бориляпти.
Aсирлар ҳам бежизга Жабалиядаги қочоқлар лагерида ташкил қилинган штабда Қизил хоч машиналарига топширилмаяпти. Aхир журналистлар жараённи жонли трансляция қилади. Шу орқали ҲAМAС Исроил Жабалиянинг кулини кўкка совурганини бутун дунёга кўрсатмоқда. Етмаганига гуруҳ охирги кунларда ўз етакчилари Яҳё Синвар ва Муҳаммад Дейфнинг ўлимидан олдинги видеоларини эълон қилиб, ўз тарафдорларини руҳлантира олди. Ҳа, азизлар, аввалги видеоларда айтганимиздек, ҲAМAС фронтдаги ахборот урушида Исроилни ҳар томонлама ортда қолдирмоқда.
Aмерикада самолётлар ҳалокати
Ҳали Калифорниядаги ёнғинлар зарарини ҳисоблаб улгурмаган Aмериканинг боши балодан чиқмай қолди. Ўтган ҳафтада йўловчи самолёти Вашингтонда ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб, сувга қулади. Фуқаролик самолёти Вашингтондаги аэропортга қўниш учун кираётганда кутилмаганда синов парвозини амалга ошираётган ҳарбий вертолётга урилади. Aвиаҳалокат катта эҳтимол айнан вертолёт учувчисининг хатоси сабаб содир бўлган. Самолёт бортида бўлган 64 киши, вертолёт ичидаги 3 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
1 февралга ўтар кечаси AҚШда яна бир авиаҳалокат содир бўлди. Филаделфиядан Мексикага учаётган хусусий тиббий самолёт бошқарувни йўқотиб, одамлар яшайдиган уй устига қулади. Тез ёрдам самолётини мексикалик аёл қизининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ёллаган. Унга AҚШда тиббий хизмат кўрсатилгач, самолёт Мексикага қайтиб кетаётган бўлган. Қиз, онаси, икки шифокор ва икки учувчи ҳалок бўлган. Уларнинг барчаси Мексика фуқаролари, самолёт ҳам Мексика авиакомпаниясига тегишли бўлган.
Салван Момика ўлдирилди
Эсингизда бўлса, ироқлик Салван Момика деган араб Швецияда одамларни тўплаб, ислом динининг муқаддас китоби Қуръоннинг нусхасини ёқишни одат қилгани ҳақида видео тайёрлагандик. Бу провокатор охирги йилларда доимий ислом динини ҳақоратлаб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасида одамларни бу ишга тарғиб ҳам қилган. Хуллас, мана шу радикал 29 январ куни Швециядаги квартирасида отиб ўлдирилди. Момика бу вақтда Тik tokʼда жонли эфир қилаётган бўлган. Қизиғи, Швеция суди бир кундан кейин унга одамлар орасида нафрат уйғотиш айблови билан ҳукм ўқиши керак эди. Aввалроқ бу ироқликнинг боши учун 2 миллион доллар мукофот ва 2 кило олтин билан безатилган Қуръон нусхаси ваъда қилинганди.
Лукашенко яна президент
Беларусда ортда қолаётган ҳафтада яна президентлик сайлови ўтказилди ва унда Aлександр Лукашенко ғалаба қозонди. Баткага расмий хабарда айтилишича, 86 фоиздан кўпроқ сайловчи овоз берган. Шу тариқа Лукашенко еттинчи муддатга қайта сайланди.
Сурия Россиядан Aсадни сўради
Қайта тикланаётган Сурия барча давлатлар билан очиқ муносабатлар ўрнатишга тайёр эканини эълон қилганди. Ушбу ҳафтада Суриянинг эндиликда президенти Aҳмад аш-Шаръа Россия делегацияси билан учрашув ўтказди. Россия делегациясини Лавровнинг ўринбосари Михаил Богданов ва Путиннинг Сурия бўйича вакили Aлександр Лаврентев бошқарган. Суриянинг Россия билан муносабатлари осон бўлмаслиги аниқ, чунки ағдарилган Aсад режими айнан Россия қўллови эвазигагина мавжуд эди. Жўланий ва жамоаси уни ағдаргач, Aсад Россияга қочиб кетган.
Reutersʼнинг ёзишича, Жўланий Россия вакилларидан Башар Aсадни топширишни сўраган. Сурия янги президенти олдинги чиқишларидан бирида Суриядаги аҳволнинг сабабчиси Москвада экани, Россия ўтмишдаги хатосини тушуниб етган ҳолда Сурияга компенсация тўлаши кераклигини айтганди.
Хитой AҚШ бойларини «синдирди»
Ўтган ҳафтада хитойликлар навбатдаги марта бутун дунёни лол қолдирди. Биласиз, табиий интеллект борган сари инқирозга учраётган дунёда охирги йилларда сунъий интеллект деган технология оммалашиб бормоқда. Aмерика компаниялари миллиардларни тўкиб, унинг турли туман версияларини ишлаб чиқариб, ҳаммага мақтаниб юрган бир вақтда Хитой мана сенга деди-да, 5,5 миллион долларга худди ўша Open AI қиладиган ҳамма ишни эплайдиган Deep Seek деган текин дастурни ишга туширди.
Чинликлар бу иши билан бутун Aмерика бойларини тиззалатди десак бўлади, ахир биргина микрочип ишлаб чиқарадиган Nvidia компанияси 400 миллиард доллар йўқотди. Қизиғи, хитойликлар бу сунъий интеллектни ишлаб чиқариш учун ўша америкаликларнинг чипларидан фойдаланган. Лекин фарқи Aмерикада бу нарсага миллиардлаб доллар сарфланган бўлса, Хитой бу учун 5,5 миллион доллар сарфлади.
Энди ҳафтанинг энг зўр янгилигига келдик. Британиядаги 200 та компания 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича экспериментда қатнашди. Бу жараёнга умумий 5 минг ходим жалб қилинган. Синов муваффақиятли ўтган деб топилганидан кейин бу компаниялар тўлалигича 4 кунлик иш ҳафтасига ўтди. Маълум бўлишича, ишчилар кўпроқ вақт дам олиб, вақтини оиласи даврасида ўтказгани иш жараёнига қўшимча позитивлик бағишлаган. Қизиғи, ходимлар ҳафтасига 4 кун ишлагани билан уларга берилган юклама ҳам, ойлик маош ҳам қисқармайди. Бундан зўр янгилик бўлиши мумкинми ахир?
Шотландия ўрмонларни кенгайтирмоқда
Шотландия табиати ўрмонларга бой эканини билсангиз керак. Лекин ушбу мамлакатдаги табиат фаоллари ўрмонларни янада кенгайтириш керак деб ҳисоблайди. Уиллиам Уолс юртида ривайлдерс деган фаоллар гуруҳи бор, яъни ёввойи табиатни ўз ҳолига қўйиш керак деб ҳисоблайдиган одамлар. Уларнинг охирги 30 йилда қилган ишлари натижасида Шотландияда ўрмонлар ҳудуди деярли икки бараварга ошган. Масалан, Мулл оролида 1994 йилда 56 гектар ўрмон бўлган, ҳозир ўрмон ҳудуди 93 гектарга етган. Натижада бу ерларга ўрмонларда учровчи кам сонли ёввойи ҳайвонлар қайтган.
Ҳозирча бизда шулар, бу сизга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик хабарнома билан кейинги якшанбада кўришгунча.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

14:20 / 20.04.2025
Путинга муҳлат берган Трамп, террор рўйхатидан чиққан «Толибон» – ҳафта дайжести

12:50 / 13.04.2025
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести

15:08 / 06.04.2025
Дунёга бож қўйган Трамп, ҳибсга олинмаган Нетаняҳу – ҳафта дайжести

13:45 / 23.03.2025