Ассалому алайкум. Бугун 13 апрел, якшанба. Бундан роппа-роса 64 йил аввал бутун тамаддун учун тарихий воқеа содир бўлганди. Қўшни Қозоғистоннинг Қизилўрдасида жойлашган Бойқўнғир космодромида «Восток» ракета ташувчиси «Восток-1» кемасига қўшилган кўйи парвозга тайёрланади. Бир қарашда ҳаммаси оддий, АҚШ ва СССР коинот пойгасига зўр берган давр, космосга ракета учириш оддий ҳол. Лекин бу гал ҳаммаси бошқача эди: ҳаво кемаси доимгидек бўш эмас, бу сафар унинг ичида Смоленскдаги кичик қишлоқда туғилган, совет армиясининг 27 ёшли ҳарбий учувчиси бор эди.

Парвозни бутун дунёда диққат билан кузатишади, ахир ўшангача инсон боласи ракетада космосга чиқмаганди-да. Оператор «Восток» кемасига муваффақиятли парвоз тилагач бунга жавобан космонавт йигит ўша машҳур гапини айтади: «Поэхали!»

Инсон яралибдики учишни орзу қилади. Турли хил самолёт-у вертолётлар, ракета ясашдан мақсад ҳам шу аслида – учиш. 1961 йил 12 апрел куни Юрий Гагарин туйган ўша ҳиснинг номини парвоз завқи дейишади. Ҳа, у вақтлар инсоният анча яхши нарсалар устида, илм-фан, технология, космос борасида пойгалашарди. Чунки дунё жуда катта қирғинбаротни бошдан кечирган, ҳамма қайсидир маънода урушдан хулоса чиқарганди.

Лекин охирги йилларда давлатлар инсониятнинг асл вазифаси эзгулик эканини яна унутиб қўйишди, дунё қабиҳ ишларга, қонли урушларга тўлди. Мана шундай нотинч замонимизда ҳам ҳеч бўлмаса йилда бир марта дунёда парвоз завқи каби ажойиб туйғулар борлигини эслатиб тургани учун Юрий Гагариндан қанча миннатдор бўлсак арзийди. Раҳмат сенга, Юра!

Биз мана шу тарихий санада ортда қолган ҳафтада дунёда нималар бўлганини ёдга оламиз. Илтимос, YouTube-каналимизга жойланган видеога like босинг, изоҳларда фикрингизни қолдиринг. Шу орқали видеони имкон қадар кўпроқ одамлар кўришига ёрдам берган бўласиз.

Уиткофф яна Москвада

Ҳафта охирида Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф яна Москвага бориб Владимир Путин билан учрашув ўтказди. Бу Путин ва миллиардер Уиткоффнинг учинчи учрашуви бўлди. Ҳозирча Трампнинг дўсти Уиткофф Трампнинг яна бир дўсти Такер Карлсонга интервю бериб, аввалги учрашувдан кейин бўлганидек Путинни мақтовчи ҳикояларни айтиб беришга улгурмади.

Reuters чаққонлик қилиб Уиткофф учрашувдан кейин Трампга қўнғироқ қилиб нималар деганини аниқлади. Одатда ишончли хабар тарқатадиган агентликка кўра, миллиардер Уиткофф президент Трампга қўнғироқ қилиб, урушни тугатишнинг энг осон йўли Украинанинг тўртта области – Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжяни Россияга қўшқўллаб топшириш эканини айтган. Бироқ Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог Киев ҳеч қачон бунга рози бўлмаслигини тушунтирган.