Ўзбекистон | 21:08 / 28.10.2025
3914
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий нафақа ва ёрдам пулларидан кредит қарзини ундириш тақиқланади

Давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган пулларни кредит қарздорлиги учун ундириш тақиқланади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар янгиланади. Марказий банкнинг тегишли қарори 28 октябр куни давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжат 3 ойдан кейин – 2026 йил 29 январдан кучга киради ва шу санадан эътиборан:

  • давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган пулларни кредит қарздорлиги учун ундириш тақиқланади;
  • кредитларни онлайн расмийлаштиришда мижоз розилигини ифодаловчи майдончаларни (✅ шаклидаги тасдиқ белгисини) ёки кредит параметрларини олдиндан белгилаб қўйиш тақиқланади;
  • мижознинг кредит олиш бўйича аризасида (сўровида) кўрсатилган миқдордан ортиқча суммада кредит таклиф этган ҳолда уни олишга ундаш тақиқланади.

Шунингдек, қарор кучга кирганидан кейин банкларда молиявий қийинчилик ёки мураккаб ҳаётий вазиятга тушган фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш тизими жорий қилинган бўлиши ва бу ҳақда ўз веб-сайтида эълон қилиши керак бўлади. Бунда, кредитларни реструктуризация қилиш, масалан, кредит тўлови муддатларини узайтириш, фоизларни қайта кўриб чиқиш, жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлларнинг кредит тўлови муддатларини ўн ойгача узайтириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш назарда тутилиши лозим.

Бундан ташқари:

  • банклар кредит ажратиш вақтида истеъмолчиларга кредит олиш билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида чеклист тақдим этиши керак;
  • банк омонати (депозити) шартномаси ёки банк ҳисобварағи шартномасини тузиш жараёнларида банклар омонатчиларни омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги ахборот билан таништириши керак.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид