«Кириш имтиҳонида қатнашмоқчиман, лекин чегаралар ёпиқ». Хорижда қолган абитуриентлар тақдири нима бўлади?
Республикада 16 мартдан буён амал қилиб келаётган карантин чекловлари 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкил этишга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Пандемияни эътиборга олиб, бу йил абитуриентлардан ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда қабул қилиниши белгиланди.
Шунингдек, минглаб абитуриентларнинг пойтахтда жамланишига йўл қўймаслик мақсадида кириш имтиҳонларининг ҳудудларда ташкил этилиши, бунинг учун республика бўйлаб 64та бино танлаб олингани маълум қилинди. Абитуриент пойтахтдаги ОТМ учун ҳам ўз ҳудудида туриб имтиҳонда иштирок этиши мумкин.
Карантин шароитида кириш имтиҳонларини ташкиллаштиришнинг бир жиҳати очиқ қолмоқда – хориждан Ўзбекистонга қайта олмаётганлар.
“Ўқишга топширмоқчиман, лекин ҳозир Россиядаман. Ҳужжатларни онлайн топшириш мумкин экан, аммо имтиҳоннинг ўзи-чи? Ҳали-бери йўллар очилмайди. Чартер рейсга ёздирсам ҳам навбатим келмайди. Бундай вазиятда бизга қандай имконият бор?”
“3 ой олдин БААга келгандим, ҳозир ортга қайта олмаяпман. Олий ўқув юртига ҳужжат топширишим керак. Ҳужжатларни онлайн топширсам, имтиҳонгача етиб бора олмасам, имтиҳонлар ҳам онлайн бўладими?”
“Шу йили ўқишга топширмоқчи эдим. Лекин ўзим Россиядаман, йўллар ёпиқ. Менга ўхшаганлар нима қилиши керак?”
Kun.uz’га 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида иштирок этмоқчи бўлган, аммо чегаралар ёпиқлиги боис ватанга қайта олмаётган ўзбекистонликлардан юқоридаги каби мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хорижда қолаётганларнинг кириш имтиҳонларида иштироки қай тарзда таъминланиши мумкинлиги хусусида мутасадди ташкилотлар билан боғландик.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкиллаштиришда асосий ижрочи бўлган Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг маълум қилишича, мазкур масала бўйича ҳали шароит яратилган эмас.
“Чет элдан туриб онлайн шаклда ҳужжат топшириш мумкин. Аммо чегаралар ёпилгани туфайли хорижда қолган, кириш имтиҳонларида иштирок этиш истагида бўлганлар учун ҳали ҳеч қандай шароит яратилмаган. Айни вақтда 2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Давлат қабул комиссиясига навбатдаги таклифлар тайёрланмоқда. Шу жараёнда балки хориждаги абитуриентлар масаласида ҳам таклифлар берилиши мумкин”, дейди Бобоев.
Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматига кўра, кириш имтиҳонларида иштирок этиш истагида бўлганларни олиб келиш масаласи кўриб чиқилаётгани йўқ.
“Хорижда қолаётган ватандошларни қайтариш мақсадида ташкил қилинаётган чартер рейсларда аввало беморлар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болалар олиб келинади. Олий таълим муассасасига ҳужжат топшириб, имтиҳонда қатнашмоқчи бўлганларнинг асосий улуши ёшларга тўғри келади. Табиийки, ёшлар чартер рейслар билан қайтиши мумкин бўлганлар ичида энг охирги гуруҳни ташкил этади.
Бундан ташқари, кириш имтиҳонларида иштирок этмоқчи бўлганларни олиб келиш учун махсус рейслар ташкил этилганда ҳам тезроқ қайтиш илинжида ҳамма “абитуриентга айланиб олиши” эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Мазкур масала Бош вазир бошчилигидаги республика махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор билан ҳал қилиниши мумкин”, дейилади вазирликнинг Kun.uz мухбирига берган ахборотида.
2020-2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилган. Ўзбекистон аэропортлари халқаро парвозлар тикланишига тайёргарлик кўра бошлаганини инобатга олган ҳолда, имтиҳонларнинг бошланиш санасига қадар ватанга қайтиш имконияти пайдо бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Аммо бу сўроқ остида бўлгани боис, имтиҳонда иштирокни таъминлашнинг муқобил ечимлари кўриб чиқилиши зарур. Мисол учун:
– Суиистеъмоллик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўрган ҳолда кириш имтиҳонларини онлайн шаклда ташкил қилиш;
– Кириш имтиҳонлари бошлангунча халқаро парвозлар тикланмаган тақдирда, онлайн шаклда ҳужжат топширган, лекин имтиҳонда қатнаша олмаганлар учун алоҳида имтиҳон саналари ва шароитларини белгилаш;
– Хориждаги элчихона ва консулликлар орқали ўша давлатнинг ўзида кириш имтиҳонларини ташкиллаштириш.
Қандай ечим танланганда ҳам, ўқишга кириш истагида бўлган фуқароларнинг кириш имтиҳонларида иштироки таъминланиши зарур. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.
Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
19:14 / 23.11.2024
Полшалик фермерлар Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини тўсиб қўйди
09:30 / 28.10.2024
Брянск губернатори чегарани ёриб ўтишга уриниш ҳақида маълум қилди
08:10 / 24.10.2024
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз махсус савдо зонаси ташкил этилиши мумкин
13:50 / 12.10.2024