Ўзбекистон | 12:35 / 29.04.2021
22545
6 дақиқада ўқилади

ХДП вакили тил қонуни масаласида партия позициясига қарши чиққанларни «онгсиз оломон» деб атади

ХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев

Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев «Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича партия тутган позицияга қарши бўлганларни «онгсиз оломон», деб атади. У бу ҳақдаги фикрларини ўзининг Facebook саҳифасида қолдирган.

«ХДПни тошбўрон қилишга бел боғлаган онгсиз оломонга тушунарли бўлиши учун соддароқ тушунтирдик», деб ёзган сиёсатчи партия медиа хизмати томонидан тайёрланган қуйидаги суратга изоҳ бериб.

Депутатнинг бу пости оммавий мулоқот тармоғи фойдаланувчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.

«Мен партиянинг бир овоздан қарши чиққанини қоралайман. Гарчи ўзим шу партия аъзоси бўлсам-да», – дейди фойдаланувчилар бири.

Бошқа бир тармоқ фойдаланувчиси эса партияни «қўғирчоқ коммунистлар» деб ёзади.

«Ўзбекистонда фуқаро сифатида муқим яшар экан, ҳеч бўлмаса, шундай оддий сўзлашув даражасида ҳамма ўзбек тилини билиши шарт деб ўйлайман. Аслида билади, фақат аниқ меъёр бўлмагани учун ишлатмайди ёки ишлатишни хоҳламайди», – дейди Мирзоҳид Қодиров исмли фойдаланувчи.

Эътибор Қурдошева номли фойдаланувчи эса партия вакиллари ва тармоқ фойдаланувчиларига қуйидаги мазмунда савол ташлайди:

«Ўз тилини ҳимоя қилган халқ оломон ҳисобланса, ХДП деган партия қайси юртнинг партияси экан? Ўз тилини ҳурмат қилмаган депутатлар миллатни ҳурмат қилади деб ким айта олади?»

Kun.uz мухбири Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоевнинг ўзи билан боғланди ва пост бўйича тўлиқроқ изоҳ беришни сўради.

«Бу фикр масаланинг моҳиятига етмай, тушунмай, ўрганмай туриб, фақат «деди-дедилар» билан фикр юритаётганларга айтилган. Айримлар бу гапни сайловчиларга, халққа айтилган деб ҳар томонга буришга ҳаракат қиляпти. Ўзи аслида масала шундан бошландики, ҳукумат томонидан «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳаси киритилган. Бу бир йил давомида Қонунчилик палатасида қўмита томонидан муҳокама қилинди. Депутатлар иштирокида бир йил давомида маромига етказилди. Бунда ХДП партияси ҳам иштирок этган.

Партия ҳукумат томонидан киритилган қонунни қўллаб-қувватлади, бирорта моддасига қарши бўлгани йўқ. Лекин ўртада «Миллий тикланиш» партияси лойиҳага ўз таклифларини бера бошлади. Бунда биз шу партия берган таклифларгагина қарши бўлганмиз. Одамлар буни бизнинг қонун лойиҳасига қаршилигимиз эмас, балки «Миллий тикланиш»нинг таклифларига қаршилигимиз деб тушуниши керак», – деди сиёсатчи.

Унга кўра, ҳукумат томонидан қуйи палатага киритилган қонун лойиҳасининг 12-моддасида «фуқаролар давлат органларига исталган тилда мурожаат қилишлари мумкин», – деб ёзилган бўлган.

Улуғбек Вафоевга кўра, «Миллий тикланиш» партияси мурожаат деган сўзни фақат ёзма деб тушуняпти.

«Лекин мурожаат оғзаки ҳам бўлиши мумкин. Бу – партия вакилларининг «хомлиги», – таъкидлади депутат.

У Kun.uz мухбири томонидан берилган «Ҳар қандай давлатда ҳам фуқаролар давлат органларига давлат тилида мурожаат қилади, нега Ўзбекистонда бундай бўлмаслиги керак?» мазмунидаги саволга «ҳамма жойда ҳам эмас», дея жавоб берди. Аммо у давлат органларига исталган тилда мурожаат қилинадиган мамлакат ёдида эмаслигини айтиб, бу бўйича қўмиталарда маълумот борлигини билдирди.

Гап нимада ўзи?

27 апрел куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ҳар доим ҳам бўлавермайдиган қарама-қаршиликлар кузатилди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар лойиҳанинг 12-моддаси бўйича иккита катта тарафга бўлинишди.

Натижада лойиҳа қабул қилинмай, муҳокамаси учинчи ўқишга қолди. Бунда Халқ демократик партияси депутатларининг «хизмати» катта бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Лойиҳанинг 12-моддасида нима дейилган?

Модданинг «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган таҳририда:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.

Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таклиф қилинаётган таҳририда эса:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.

12-модданинг «Миллий тикланиш» таклиф этган таҳририда давлат тили мавқейини кўтаришга қаратилган қоидалар белгиланган. Қўмита илгари сурган вариантда эса давлат тилини ривожлантириш эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган.

Мавзуга оид