Ўзбекистон | 21:00 / 07.02.2017
190645
2 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясини тасдиқлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» кўрсатувида хабар берилди.

Фармон лойиҳаси январь ойининг иккинчи ярмида норматив-ҳуқуқий актлар муҳокамаси порталига муҳокама учун жойлаштирилганди. Ҳужжат экспертлар ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамасидан ўтди.

Стратегия лойиҳаси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилган.

Ҳаракатлар стратегияси 5 босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири бўйича йил номланишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бир йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. Хусусан, 2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди.

Бугун имзоланган фармонда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг 5та устувор йўналиши келтирилган:
- Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш;
- Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
- Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;
- Ижтимоий соҳани ривожлантириш;
- Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар.

 

Мавзуга оид