Жамият | 18:11 / 03.07.2020
72607
9 дақиқада ўқилади

Тўйтепа, Паркент, Чиноз, Чотқол... — Тошкент вилоятидаги жой номлари маъносини биласизми?

Ҳар бир жой номининг ўзига хос тарихи ва англатадиган маъноси бор. Улар маълум даврга бориб тақалади ва ўша даврдаги воқеа-ҳодисалар, анъаналар ҳақида ҳикоя қилади.

Фанда географик жой номлари топонимлар, уларни тадқиқ қилувчи йўналиш эса топонимика дейилади. Kun.uz мухбири Фанлар академияси Миллий археология маркази катта илмий ходими Андрей Кубатин билан боғланиб, Тошкент воҳасидаги қадимий жой номлари ҳақида қизиқарли маълумотларни олди.

Топонимларни ўрганиш нима учун муҳим?

Жой номлари ёзма ва археологик манбалар каби ҳар бир ўлка учун муҳим тарихий манба ҳисобланади. Топонимик маълумотлар ҳудуднинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёти ҳақида тарихий тасаввурлар бериш билан бирга қадимда ҳар бир ҳудудда қандай этнослар яшаганини аниқлашга ҳам катта ёрдам беради. Ўзбекистон ҳудудида минг йилдан зиёд тарихга эга жой номлари жуда кўп, жумладан, Тошкент вилоятида ҳам.

Тошкент воҳаси қадимдан Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин тутган. Чоч воҳасида қадим ва илк ўрта асрларда мавжуд бўлган жой номларига оид маълумотлар асосан хитой ва араб-форс манбаларида сақланиб қолган. Воҳага тааллуқли баъзи бир жой номлари эса қисман суғдий ва бошқа тиллардаги манбаларда учрайди.

Чинончкат – Чиноз, Фаранкат – Паркент

IX-X асрларнинг араб географлари ўз асарларида Тошкент шаҳри – Бинкет номи билан бирга Тошкент воҳасидаги ўнлаб шаҳарлар номларини тилга олишган. Бу номлар худди ўшандай, қисман ёки сал ўзгарган шаклда вилоятдаги шаҳар ва қишлоқларнинг номи сифатида шу кунгача сақланиб келгани билан аҳамиятлидир.

Масалан, Х аср географи Мақдисийнинг «Аҳсан ут-тақосим фи маърифат ул-ақолим» («Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма») асарида Чинончкат, Кабарна, Номадвонак, Баркуш, Фаранкат, Заранкат, Навкат, Хос, Бискат каби шаҳарлари номлари тилга олинган.

Чинончкат Чиноз шаклида ҳозир Чиноз тумани маркази ва туман номида, Кабарна Кавардан шаклида Юқори Чирчиқ туманидаги қишлоқ номида, Баркуш Паргос шаклида Бўстонлиқ туманидаги қишлоқ номида, Фаранкат Паркент тумани маркази ва туман номида, Заранкат Заркент, Намадвонак Номданак шаклида Паркент туманидаги қишлоқлар номида, Хос ўз ҳолича Бекобод туманидаги қишлоқ номида, Бискат Пискент шаклида Пискент тумани маркази ва туман номида ҳозиргача сақланиб қолган.

«Чинликлар шаҳри» – Чиноз

Чинончкат (ҳозирги Чиноз) номининг маъноси тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, «Чинликлар шаҳри» деган маъно англатади.

Ўша даврда Чин топоними Шарқий Туркистонга нисбатан ишлатилганини ҳисобга олсак, ушбу топонимни «Шарқий туркистонликлар шаҳри» деб тушуниш мумкин бўлади.

Паркент – юқоридаги шаҳар

Ҳозирги кунда Паркент тумани номига айланган Фаранкат шаҳри номини кўплаб тадқиқотчилар эроний тиллардаги «фарн» – «қут-барака, шон-шараф (шуҳрат)» сўзи билан боғлашади. Шундан келиб чиқиб, бу топонимни «қут-барака, шон-шараф (шуҳрат) шаҳри» деб талқин қилса бўлади.

Ўзбекистонлик суғдшунос олим Мирсодиқ Исҳоқов эса бу топонимни суғдча «упар» – «юқори, баланд» сўзи билан боғлаб, бу топонимни «юқоридаги, баланддаги шаҳар» деб талқин қилган.

«Йигирма уйлик шаҳар» топоними

Заранкат – Заркент шаҳри номини кўпчилик олимлар зар, зарин «олтин, олтиндан бўлган» сўзи билан боғлашмоқда.

Пискент номи эса форсча «бис» – «йигирма» ёки суғдий «пиш-пис» – «нари (томон)» сўзлари билан боғланади, яъни «йигирма уйлик шаҳар» ёки «нари(томон)даги шаҳар» деб талқин этишади.

Номи бир неча бор ўзгарган вилоят маркази – Нурафшон тарихи ҳақида

Тошкент воҳасида яна бир қадимий топоним: Навкат шаҳри мавжуд бўлган. Ушбу шаҳар номи эроний тилларда учрайдиган нав «янги» сўзи билан боғлиқ бўлиб, «янги шаҳар» деган маънони англатади.

Гарчи бу топоним ҳозирги кунгача сақланмаган бўлса ҳам, ўша шаҳар ҳозир ҳам мавжуд ва бошқа ном билан аталади. Қорахонийлар даврида Илоқ вилоятининг маркази бўлган ва ўз зарбхонасига эга бўлган Навкат шаҳри кейинчалик Тўйтепа номи билан аталган.

Тўйтепа ҳам Тошкент вилоятининг қадимги туркий топонимларидан бири ва кўпчилик ўйлагани каби унинг маросим маъносидаги «тўй» сўзига алоқаси йўқ.

Тўйтепадаги «тўй» сўзи қадимги туркий «қалъа, қўрғон» маъносидаги, Маҳмуд Кошғарий асарларида тилга олинган «тўй» сўзи билан боғлиқ. Тўйтепа эса «қўрғонтепа», деган маънони англатган.

Ҳозир бу шаҳар Тошкент вилояти маркази саналади ва «нур таратувчи», «нур сочувчи» маносидаги Нурафшон номини олди. Демак, Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳри минг йилдан зиёд тарихга эга қадимий шаҳарларимиздан бири, деб ҳисоблашга асос бор.

Тошкент вилоятимиздаги Паркент, Пискент ва Чиноз шаҳарлари ҳам худди шундай узоқ тарихга эга.

«Соблиқ», «Софлиқ», «Сойлиқ»

Шаҳарлардан ташқари ҳам Тошкент воҳасида яна бир неча машҳур турк топонимлари бор. Шундай топонимлардан бири ҳозирги кунда Сойлиқ қишлоғи номида сақланиб қолган. Бу топоним «Соблиқ» шаклида араб манбаларда зикр этилади. Ибн Ҳавқал асарида Шош воҳасининг шимоли-шарқида жойлашган Соблиқ тоғлари тилга олинган. Ушбу ном Иштахрийнинг «Масолик ал-мамалик» асарида «Софлиғ» тарзида қайд этилади. Туркшунос В.В. Бартольд эса Соблиқни «Сойлиқ» шаклида ўқиш лозим, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонлик олим Ғайбулла Бобоёров фикрига кўра, бу ном дастлабки манбаларда учраганидек, Соблиқ шаклида бўлиб, сўнгра Софлиқ, кейинчалик эса Сойлиқ шаклини олган: Соблиқ-Софлиқ-Сойлиқ.

Қадимги турк тилида б-в-й алмашуви ҳодисаси бўлган. Масалан, қадимги туркча эб–эв–уй — «уй» маъносида, суб–сув–суй — «сув», теба–тева–туя — «туя» каби.

Бундан ташқари, Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Еттисувдаги тухси ва чигил туркий қабилалари яшаган шаҳарлардан бири «Соблығ» шаклида учрайди. Бу эса Шош воҳасидаги «Соблиқ» ва Еттисувдаги «Соблиғ» топонимларининг адаш ном бўлганини кўрсатади.

«Сув» сўзи билан боғлиқ топонимлар

Тошкент вилояти Тошкент тумани маркази ва Тошкент воҳасида оқиб ўтаётган дарё номи – Келес ҳам қадимий номлардан бири.

Араб манбаларида ушбу топоним Қалас (Келес) шаклида Сирдарёнинг ўнг ирмоғи ва дашт номи сифатида зикр этилади. Иштахрий, Ибн Ҳавқал асарларида Шошнинг шимолий чегарасида Қалас дашти тилга олинган. Қозоқ топонимисти Е.Қўйчубаев фикрича, туркийча «келе» – «тил», «-с» – «сув» сўзининг қисқарган вариантидан иборат, бу топоним англатадиган маъно эса Келес «тил сув» ёки «Тилга ўхшаш дарё» дея талқин қилинади.

Ғайбулла Бобоёровнинг фикрига кўра, Калас номининг пайдо бўлиши қадимги туркий гидронимлар – Талас, Иртис (Иртиш), Арыс номларига ўхшаш. Яъни, Калас – «Кала+су», Талас – «Тала+су», Арыс – «Ары+су» каби ясалган.

Чотқол – Чирчиқ дарёсининг энг йирик ирмоғи ва тоғ. Иштахрий, Ибн Ҳавқал, Муқаддасий асарларида Жадғал дарёси ва вилояти тилга олинган. Шайх Сулаймон Бухорийнинг чиғатойча-усмонли туркча луғатида эса чатқол «нотекис ер, дара» деб изоҳланган.

Ҳозирги замон қирғиз тилида чатқал – «икки тоғ орасидаги ботиқ, дара» деган маъно англатади. Ғайбулла Бобоёров Чатқол топонимини «дара, тоғ орасидаги сойлик» дея аташ мумкин, деб ҳисоблайди. Бу сўз ўз навбатида икки компонентдан иборат: «чат» – «икки дарё бир-бирига қўшиладиган жойдаги оралиқ»; «қал» (қол) эса – қандайдир қадимий сўз, эҳтимол, «сой, жилға» маъносидаги «қол» (қўл) сўзининг фонетик ўзгаришидир. Чатқол топонимининг туркий эканини Мўғулистоннинг ғарбий ҳудудларида туркий Чатқалтоғ номи учраши ҳам тасдиқлайди.

Тарихчи Андрей Кубатин маълумотлари асосида
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид