Иқтисодиёт | 09:14 / 17.02.2020
5924
2 дақиқада ўқилади

Биржада 1,5 млн долларлик пахта толаси экспортга сотилди

Жорий йилнинг бошидан буён Республика товар-хом ашё биржасининг валюта савдо майдончаси орқали умумий қиймати 1,5 млн АҚШ долларлик 1 534 тонна пахта толаси экспортга сотилди

Фото: KUN.UZ

Бу биржа орқали амалга оширилган экспортининг умумий қийматидан 15 фоизни ташкил этади. 2019 йилнинг мос даври билан солиштирганда, пахтанинг биржа орқали экспорт қилиш ҳажми 36 фоизга ўсган.

Пахта толасининг сотувчиси сифатида “Ўзпахтасаноат” АЖ корхоналари иштирок этиб, улар томонидан биржа савдолари орқали пахта толасининг 1 ва 5 навлари Бирлашган Араб Амирлиги (БАА) ва Туркияга сотилган.

Ўтказилган савдо натижаларига кўра, бир тонна пахта толасининг ўртача экспорт нархи 973,17 АҚШ долларини ташкил этди. Шу жумладан 1-навли пахта толасининг бир тоннаси 1 752,79 АҚШ доллар ва 5-навли пахта толасининг ўртача нархи 859,61 АҚШ долларини ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврда пахта толаси учун жаҳон биржаларида шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир фунти учун 69,4 цент (бир тоннаси 1 530 АҚШ доллар)ни ташкил этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралидаги №106-сонли “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толаси ички бозор ва экспортга биржа савдолари орқали сотилади.

Мавзуга оид