Жаҳон | 18:00 / 19.09.2023
20024
6 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги ҳарбий амалиёт: ҳозиргача нималар маълум?

Озарбойжоннинг арман айирмачилари назорати остидаги Қорабоғ ҳудудида вазият яна кескинлашди. Дастлабки қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида хабарлар келмоқда. Арманистон вазиятга аралашмаслиги ва Озарбойжон билан урушмаслигини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Сешанба куни Озарбойжон мудофаа вазирлиги конституциявий тизимни тиклаш учун Қорабоғда локал характерга эга бўлган «аксилтеррорчилик тадбирлари»ни бошлаганини эълон қилди.

«Учтомонлама баёнотнинг бандларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий туманида кенг кўламли провокацияларнинг олдини олиш, Арманистон қуролли кучлари бўлинмаларини қуролсизлантириш ва Озарбойжон ҳудудидан чиқариш, уларнинг ҳарбий ифнратузилмасини нейтраллаштириш, оккупациядан озод қилинган ҳудудларга қайтган тинч аҳоли вакиллари, қурилиш-тиклаш ишларига сафарбар қилинган фуқаролик хизматчилари ва ҳарбийларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек Озарбойжон конституциявий тизимини тиклаш учун ҳудудда локал характерга эга бўлган аксилтеррорчилик тадбирлари бошланди», — дейилади баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда Хонканди шаҳри узра пилотсиз учар қурилмалар учиб юргани тавсирлари, Озарбойжон қуролли кучлари томонидан турли ҳарбий объектларга, жумладан, Арманистоннинг «Тор» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига зарба берилгани акс этган видеолар тарқалди.

Шунингдек, Озарбойжон дронларида олинган, Озарбойжон артиллерияси арман ҳарбийларининг позициялари ва колонналарини ўққа тутаётгани акс этган тасвирлар ҳам пайдо бўлган.

Амалиёт бошлашдан олдин Озарбойжон Қорабоғ узра ҳаво кенгликларини Арманистон авиацияси учун ёпган.

Озарбойжон томони жанговар ҳаракатларни тугатиш учун ултиматум қўйди. Ташқи ишлар вазирлиги минтақада тинчликка эришишнинг ягона йўли — Арманистон қўшинларининг Қорабоғдан тўлиқ олиб чиқилиши ва Хонканди (Степанакерт)даги режим тарқатиб юборилиши эканини таъкидлади.

Аксилтеррорчилик операцияси бошланганидан кейин Озарбойжон мудофаа вазирлиги яна бир баёнот берди:

«Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари ўточар қуролларни яшаш жойларига яқин жойлаштирганини инобатга олиб, биз бу ҳудуддаги фуқароларни ҳарбий объектлардан узоқроқ туришга ва Арманистон ҚК бўлинмаларига ёрдам бермасликка чақирамиз. Бу ҳақдаги ахборот Озарбойжоннинг Қорабоғ региони аҳолисига СМС-хизмат орқали жўнатилган.

Аҳоли овоз кучайтирувчи техник воситалар ёрдамида огоҳлантирилмоқда ва информацион варақалар тарқатилмоқда. Фуқаролар, шунингдек, маъмурий, ижтимоий, тиббий, диний ва бошқа фуқаролик объектларини қўриқлаш ташкил этилади ва уларнинг хавфсизлиги Озарбойжон Республикаси қонунлари ҳамда халқаро ҳуманитар ҳуқуқ меъёрларига кўра кафолатланади. Ёш болали аёллар, қариялар, шунингдек чекланган жисмоний имкониятга эга шахсларга зарур тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатилади, улар ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминланади», — дейилади баёнотда.

Арманистон томони нималар демоқда?

Арманистон мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучлари Қорабоғ ҳудудидаги жангларда иштирок этмаётганини маълум қилди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса Ереван Қорабоғдаги вазият туфайли Озарбойжонга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошламаслигини билдирди.

«Арманистон бу ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаяпти, яна бир марта таъкидлашим керакки, Қорабоғда Арманистон Республикаси армияси йўқ. Айни пайтда биз ҳеч қандай ўйланмаган ҳаракатларни амалга оширмаймиз», — деган Пашинян.

У Озарбойжон «Тоғли Қорабоғдаги арманларни этник тозалаш бўйича қуруқлик амалиёти бошлагани»ни қўшимча қилган.

Арманистон ТИВ Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларини кенг кўламли агрессия деб атаган ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши ва РФ тинчликпарвар кучларини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун чора кўришга чақирган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси омбудсмани Гегам Степанян артиллерия зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари орасида камида икки киши ҳалок бўлиб, 23 киши яраланганини маълум қилди.

Гарчи Арманистон билан чегара тинч, Арманистон ҳудудига қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаётган бўлса ҳам, Никол Пашинян Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилиш учун мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирган.

Турли манбалар хабар қилишича, айни пайтда Қорабоғда интернет алоқаси узилган.

Россия ўзини қандай тутмоқда?

Қорабоғда жойлаштирилган Россия тинчликпарвар кучлари ҳозирча можарога аралашмаяпти.

Россия Қорабоғда «аксилтеррорчилик операцияси» эълон қилган Озарбойжонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирган.

РФ ТИВ расмийси Мария Захарова худди шундай чорлов билан Арманистонга ҳам мурожаат қилди. Захарованинг аниқлаштиришича, ўт очишни тўхтатиш учун россиялик тинчликпарвар кучлар Қорабоғ арманлари ва Озарбойжон ҳокимияти билан алоқа ўрнатган. Мария Захарова Россия минтақада вазият кескинлашганидан чуқур ташвишда эканини билдирди.

Шу билан бирга, Захарова Қорабоғ Озарбойжон ҳудуди экани Арманистон томонидан расман тан олингани ҳақида эслатди. РФ ТИВ вакили Арманистон дипломатик идорасининг БМТ Хавфсизлик кенгаши ва россиялик тинчликпарвар кучларни Озарбойжон томонидан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларга қарши чора кўриш бўйича чақириқларини шундай шарҳлаган.

Можаро тарихи ҳақида қисқача

Қорабоғда 2022 йилнинг декабрида озарбойжонлик активистлар Лочин йўлаги — Қорабоғ ва Арманистонни боғловчи ягона йўлни тўсиб қўйишганидан сўнг вазият ёмонлаша бошлади.

Ўтган йил баҳорида Озарбойжон томони у ерда расмий назорат ўтказиш пункти қурди, шундан сўнг қорабоғлик арманлар учун вазият янада қийинлашди. Қорабоғда яшовчи арманлар дўконларнинг бўшаб қолган пештахталари видеоларини қўя бошлашди.

Ҳудудга юк етказиш учун Лочин йўлаги вақтинчалик очиб берилди, шунингдек Озарбойжоннинг Ағдам тумани орқали ҳам машиналар қатнови йўлга қўйилган.

Қорабоғ можароси 1988 йилдан буён давом этиб келади, унда иккита асосий босқич бор – Арманистон ғалабаси билан якунланган Биринчи Қорабоғ уруши (1992-94) ва Озарбойжон ғалабага эришган Иккинчи Қорабоғ уруши (2020).

Арманистон ва Озарбойжон ушбу ҳудуд ўзига тегишли эканини даъво қилиб келади.

Нисбатан ҳаққоний баҳоларга кўра, икки уруш вақтида икки томондан жами 32 минг киши ҳалок бўлган. Яна минглаб кишилар бедарак йўқолган деб ҳисобланади.

Мавзуга оид