Жаҳон | 22:47 / 27.04.2024
16642
4 дақиқада ўқилади

Ғазо секторидаги шифохона ҳудудидан оммавий қабрлар топилди

Фаластин томонининг таъкидлашича, булар исроиллик ҳарбийлар томонидан қатл этилган ва кўмилганларнинг жасади. Исроил томони қабрлар ўз қўшинлари секторга киришидан олдин фаластинликлар томонидан қазилганини таъкидламоқда. 

Фото: AFP/Getty Images

Фаластиннинг Ғазо сектори маъмурияти Хон Юнисдаги «Носир» тиббиёт мажмуасида 392 жасад кўмилган қабрлар топилганини маълум қилди. Бу ҳақда The Insider ёзди. 

Фаластин томонининг таъкидлашича, булар исроиллик ҳарбийлар томонидан қатл этилган ва кўмилганларнинг жасади ва бу «Исроил геноцидидан далолат беради». 

Ўз навбатида Исроил Мудофаа армиясининг даъво қилишича, жасадларни фаластинликларнинг ўзи кўмган, ҳозир эса улар қазиб олинмоқда. Исроил январ-феврал ойларида тарқалган видеоларга ишора қилган, уларда худди шу жойда оммавий қабр қазилаётгани тасвирланган. 

Фаластин фуқаролик мудофааси вакили Муҳаммад ал-Миғайир 165 жасаднинг шахси аниқлангани ва қўшимча 227 жасад экспертизадан ўтказилаётганини айтди. 

«Биз учта оммавий қабрни топдик: биринчиси ўликхона олдида, иккинчиси ўликхона орқасида ва учинчиси диализ биносининг шимолида», деди у. 

Ал-Миғайир қабрлардан болалар жасади топилганини ҳам даъво қилмоқда. Шунингдек, «камида 20 нафар тинч аҳоли тириклайин кўмилган» деб гумон қилмоқда, лекин улар буни қаердан билишини айтмаган ёки далил келтирмаган. 

Ал-Миғайирнинг маълум қилишича, шифохонада даволанаётган беморларни ўлдириш ҳолатлари бўлган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси айрим одамлар ечинтирилгани ва уларнинг қўллари боғлиқ бўлганини қўшимча қилган

Ал-Миғайир сўзларига кўра, бошида ўқ жароҳатлари билан бир неча жасад топилган. Ҳодисани ўрганаётган CNN мухбири ушбу даъволарни текшириш ва ўлим сабабларини тасдиқлашнинг иложи йўқлигини ва бу одамларнинг ўлимига масъул бўлганлар ҳақида хулоса чиқара олмаслигини таъкидлаган. Мухбирнинг хабар беришича, у тиббиёт халати кийдирилган бир нечта чириган жасадларни кўрган. 

Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ўз ҳарбийлари фаластинликларнинг жасадини оммавий қабрга кўмгани ҳақидаги ҳар қандай тахмин ёлғон эканини ва «Носир» мажмуасидаги қабр бир неча ой олдин, Исроил қўшинлари секторга киришидан олдин фаластинликлар томонидан қазилганини таъкидлади. 

Бу ҳақда ЦАҲАЛ расмий вакили Надав Шошани баёнот берди. У, шунингдек, 28 январ куни фаластинликлар узун чуқур қазаётгани акс этган ва X ижтимоий тармоғида жойлаштирилган видеога ишора қилди. Унда: «Хон-Юнисдаги «Носир» тиббиёт мажмуаси ҳудудидаги янги оммавий қабрга ўттиз нафар шаҳид дафн қилинди», дейилади. 

«Хон Юнисдаги оммавий қабр ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда. Бу қабр бир неча ой олдин ғазоликлар томонидан қазилган. Бу фактни қуйидаги видеода кўриниб турганидек, дафн пайтида ғазоликлар томонидан ижтимоий тармоқларга юкланган видеолар тасдиқлайди. Исроилни тинч аҳолини оммавий қабрларга дафн этишда айблашга бўлган ҳар қандай уриниш мутлақо ёлғондир ва Исроилга қарши дезинформация кампаниясининг оддий намунасидир», деб ёзди Шошани. 

GeoConfirmed лойиҳаси фаластинликлар жасадларни қазиб олаётган янги видеони 2024 йил январ ва феврал ойларидаги эски видеолар билан таққослади. Бу худди шу жой экани маълум бўлди. 

Шошани изоҳига жавобан, Ғазо фуқаролик мудофааси ЦАҲАЛ операциясидан олдин «Носир» шифохонасидаги қабрларга 100 га яқин жасад кўмилганини тан олди, деб ёзди CNN. 

ЦАҲАЛ шунингдек, CNN телеканалига Исроил ҳарбийлари қабрларни ҳақиқатда кўрганини маълум қилди. 

«ЦАҲАЛ ҳарбийларининг «Носир» шифохонаси ҳудудидаги операцияси давомида гаровга олинганлар ва бедарак йўқолганларни топиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида фаластинликлар томонидан кўмилган жасадлар кўздан кечирилди. Экспертиза фақат разведка томонидан кўрсатилган жойларда ўтказилди. Жасадлар исроиллик гаровга олинганларники эмаслиги аниқлангач, улар жойларига қайтарилди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид