Жаҳон | 13:50 / 05.11.2024
1776
3 дақиқада ўқилади

Исроил БМТга UNRWA фаолияти тақиқлангани ҳақида расман хабар берди

Исроилга кўра, Ҳамас БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлигига кириб борган. Халқаро ҳамжамиятнинг тақиқни олиб ташлашга қаратилган барча уринишлари бесамар кетди.

Фото: Getty Images

Исроил БМТни фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқлаш бўйича илгари қабул қилинган қарорнинг амалга оширилиши ҳақида расман маълум қилди. Тегишли билдиришнома 4 ноябр, душанба куни Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Денни Данон томонидан Х платформасида чоп этилган постда келтирилган. Постга Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг мактуби илова қилинган.

Хабарда айтилишича, UNRWA'ни тақиқловчи қонун лойиҳаси уч ойдан сўнг кучга киради ва шу вақтгача Исроил «Ғазо секторидаги тинч аҳолига Исроил хавфсизлиги учун таҳдид келтирмайдиган тарзда гуманитар ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамкорлар, жумладан, БМТ ташкилотлари билан ҳамкорликни давом эттиради».

Исроил Ғарбий соҳилдаги UNRWA марказини бутунлай вайрон қилди

Исроил армияси ишғол остидаги Ғарбий соҳилда БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) марказини бутунлай вайрон қилди.

Нур Шамс қочқинлар лагери жамоат қўмитаси раиси Ниҳод Чавушнинг «Анадолу» нашрига айтишича, Исроил армияси лагерга ҳужум қилишда давом этмоқда.

«Исроил ҳарбий булдозерлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) лагер марказини бузиб ташлади. 200 квадрат метр майдонда барпо этилган марказ минтақа аҳолисининг эҳтиёжлари кўзга ташланадиган масканга айланганди», – деди у.

Чавушнинг сўзларига кўра, Исроил аввалроқ UNRWA марказига ҳужум қилишга уринган. «UNRWA маркази Исроилнинг олдинги ҳужумларида қисман вайрон қилинган эди, бугун эса Исроил армияси бинони бутунлай вайрон этди», деди у.

Чавушнинг эслатишича, марказ Нур Шамс қочқинлар лагерини бошқариш ва тиббий хизматлар билан шуғулланувчи бўлимларни ўз ичига олади. Марказ яроқсиз ҳолга келди, деди у.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Нур Шамс қочқинлар лагерида 1536 нафар бола таълим олаётган иккита UNRWA мактаби ва турли соҳаларда хизмат кўрсатувчи соғлиқни сақлаш маркази ҳам жойлашган.

Аввалроқ Кнессет (Исроил парламенти) мамлакатда UNRWA фаолиятини тақиқлашга қарор қилган эди.

Мавзуга оид