Ўзбекистон | 11:46 / 23.03.2021
52996
4 дақиқада ўқилади

«Охирги 10 кунда беморларимиз кўпайди» – Зангиотадаги махсус шифохонадан репортаж

Зангиотадаги 1-сонли юқумли касалликлар махсус шифохонасига коронавирусга қайта чалинган беморлар ҳам ётқизилгани маълум бўлди.

2021 йилнинг 15 март санасидан бошлаб Ўзбекистонда карантин қоидалари қатъийлаштирилди. Бу ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ турли хабарлар тарқалишига сабаб бўлди. Kun.uz мухбири Зангиотадаги 1-сонли юқумли касалликлар махсус шифохонасидан репортаж тайёрлади.

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган ушбу касалхона 2та блокдан иборат бўлиб, айни пайтда фақат битта блок беморларга хизмат кўрсатмоқда. Иккинчи блок эса консервация қилинган.

Мазкур юқумли касалликлар шифохонасида 2000та даволаш ўрни мавжуд. Ҳозирда бу ерда 720 нафар коронавирусга чалинган беморлар даволанишмоқда.

Шифохона директори Анвар Ҳусановнинг айтишича, шифохона қамровининг 30-35 фоизи беморлар билан банд. «Охирги 10 кун мобайнида беморларимиз сони кўпайди. Сўнгги 2 ойларда бир кунда 30-35 нафар бемор мурожаат қилган бўлса, улардан 20-25 нафари Covid-19’дан даволаниш учун ётқизилаётган эди.

Ҳозирги вақтда кунига 50-60 нафаргача бемор қабул қиляпмиз. 1400га яқин захира ўринларимиз шай ҳолатда турибди, агар коронавирус инфекциясининг янги тўлқини бошлангудек бўлса, улардан фойдаланамиз. Шу билан бирга, дори-дармонлар ҳам захира қилинган. «Ремдесивир», «фавипиравир» каби дорилар билан ҳам таъминланганмиз. 3 ойлик дори-дармон захирасига эгамиз», дейди у.

Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, сўнгги мурожаатлар орасида болаларнинг касалланиш ҳолатлари бирмунча кўпайган.

«Аввалги тўлқинда болаларнинг коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари жуда кам эди. Ҳозирда кунлик мурожаатларнинг 7-8 фоизи ушбу касалликка чалинган болалардан тушмоқда. Буни британча штамм билан боғласак ҳам бўлади, навбатдаги тўлқин билан боғласак ҳам бўлади.

Болаларда касаллик кўпайишини яна бир ҳолат билан боғлиқ дейиш мумкин: бу касаллик юртимизга кириб келганда карантин жорий қилиниб мактаб, боғча каби муассасалар ёпилган эди. Шу сабаб болалар орасида бу касаллик кам кузатилган эди. Ҳозир бу масканлар фаолият юритмоқда, шунинг учун касалланиш ҳолатлари болалар орасида ҳам кўпроқ кузатиляпти», деди шифохона директори.

Шифохонадаги 5-бўлим 80 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, шу кунларда бу бўлимда 36 нафар бемор даволаняпти. Директор ўринбосари Олимжон Исхаков коронавирусга қайта чалиниб мурожаат қилган ва даволанаётган беморлар ҳам борлигини айтди.

«Коронавирусга чалиниб, тузалиб чиқиб кетган беморларда яна шу ҳолат кузатилган ҳолатлар бор. Лекин бунинг аниқ сонини белгилаш жуда мушкул. Кўп ҳолатларда бу белгиларсиз ўтиб кетади. Лекин бунақа ҳолатлар бор. Қайта чалинмаслик учун аввало, хотиржамликка берилиш керакмас. Чунки ҳали пандемия тугамади. Бу касалдан тузалдим, бошқа чалинмайман, деган фикр нотўғри. Карантин қоидаларига риоя қилиш керак», дейди у.

Шифохонада 200дан ортиқ реанимация ўринлари бор. Шундан бугунги кунда 125 нафар оғир ва ўрта оғир аҳволдаги беморлар учун жойлар банд қилинган. Бўлимда 50-60та захира ўринлари мавжуд.

Шифохонада беморлар кўпайгани рост. 2021 йил ҳисобига илк бор шундай ҳолат кузатилмоқда. Аммо ҳолат ҳозирча 2020 йил ёзидаги каби эмас. Ўшандаги каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун эса тиббий ниқоб, ижтимоий масофа, антисептик воситалар каби чораларни унутмаслик лозим.

Мавзуга оид