“Россиядаги ватандошлар тинчлиги учун дипломатик ишора” — Мирзиёевнинг Путинга орден бергани фаоллар нигоҳида
Шавкат Мирзиёев 70 ёшини қарши олаётган Россия президентига “Олий даражали дўстлик” орденини совға қилганига блогерлар учта эҳтимолий сабабни келтириб ўтди. Бу – аввалроқ Путин ҳадя қилган Невский орденига жавоб бўлгани, Россиядаги ўзбекларнинг тинчлигини ўйлаб шундай қарорга келингани айтиляпти. Қолаверса, Ўзбекистон етакчиси худди шундай орденни ўтган ойда Хитой раисига ҳам берганди: “Путинни қуруқ қолдириб бўлмасди”.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни «халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан шахсий ҳиссаси ҳамда 70 ёшга тўлгани муносабати билан» «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Ўзбек жамоатчилиги вакиллари томонидан бу янгиликка тезликда реакция берилди. Хусусан, ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев буни олдинроқ Ўзбекистон президентига берилган орденга жавоб сифатида баҳолади.
«Менимча, бу кўпроқ сал аввалги мукофотга жавоб сифатида берилган бўлса керак. Яъни жорий йил июл ойида Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни арафасида Путин давлатимиз раҳбарини Александр Невский ордени билан мукофотлаш ҳақидаги фармонни имзолаганди.
Бугунги орден ҳозирча энг катта иқтисодий ҳамкоримизга дипломатик «бор товоғим, кел товоғим» тарзида берилганга ўхшайди», дейди у.
Davletovuz канали муаллифи ҳам шу фикрни давом эттириб, буни Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари хавфсизлигини ҳам кўзлаб қилинган дипломатик ҳаракат деб ҳисоблашини ёзди.
«Президентга ҳам осон эмас. Бутун дунё юз ўгириб, «токсичный» сиёсатчига айланган одам билан, хоҳлаймизми-йўқми, Ўзбекистон муроса қилишга мажбур. Сиёсатчиларимиз тили билан айтганда, 3 миллионга яқин ўзбекистонлик Россияда ишлаяпти, ҳаёт кечиряпти. Шу маънода бу мукофотни ўша фуқароларимиз тақдири учун, тинчлиги, хавфсизлиги йўлида ҳадя, дипломатик ишора, деб тушуниш мумкин.
Қолаверса, яқинда Хитой раҳбари Си Жинпингга ҳам шу мукофот берилганди. Путинни қуруқ қолдириб бўлмасди», дея ёзади блогер.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон раҳбариятининг бу қарорини “анча вазмин ва нариги тарафни вазминлаштирадиган”, “чиройлигина шарқона дипломатия” деб таърифлади.
“Ўзбекистон президенти Мирзиёев бугун туғилган куни, яъни 70 йиллигини нишонлаётган В.Путинни Ўзбекистоннинг “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлабди. Июл ойида В.Путин Ўзбекистон президентини “Александр Невский” ордени билан мукофотлаган эди. Асимметрик жавоб: орден бериш, туғилган кун бўлса, туғилган кун-да!
Керак бўлса, анча вазмин ва нариги тарафни вазминлаштирадиган жавоб ҳам. Сабаби, ҳар бир давлатда, орденларнинг иерархияси бўлади. Масалан, Ўзбекистонда “Амир Темур ордени”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” ордени каби унвонлар энг юқорида турувчи олий мукофотлар ҳисобланади. Ушбу иерархияда “Олий Даражали Дўстлик” ордени, назаримда, энг юқоридан пастроқда, ёки ўртадан юқорироқда турувчи орденлардан.
Назаримда, Ўзбекистон тарафи вазмин ва мулоҳазали жавоб қайтарди. Орденни олишдан бош тортиш, бир томондан бошқаларнинг (Қозоғистон) ишини такрорлаш, иккинчи томондан конфликтли демарш бўларди. Биринчи савдо-иқтисодий ҳамкор билан теп-текис жойда зўриқишга бориш, кимга керак? Ўзбекистон тарафи орденни олиб, вақти келганда, ўзининг бошқаларга кенг бериладиган орденини бериб, муносиб жавоб қайтарди. Чиройлигина шарқона дипломатия!” – дея ёзди Раббимов.
“Amerika ovozi” мухбири Навбаҳор Имомова ҳам бу борада фикр билдириб, мазкур мукофот Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар қанчалик чуқурлигини кўрсатишини таъкидлади.
“Миллионлаб ўзбек муҳожирлари, миллиардлаб бизнес ва инвестиция лойиҳалари ҳамда хавфсизлик соҳасидаги алоқалар Россиянинг таъсир кучи демакдир.
Москва ва Путин ҳақида мен Тошкентдан кўп эшитаман: сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан Россиядан узоқлашиш Ўзбекистон учун имконсиз. Мустаҳкам алоқалардан кўрилаётган манфаат ҳақида кучли аргументлар бор. Кўпчилик эҳтиёткор бўлишга чақирса ҳам, Ўзбекистон нима учун Россия билан яқин бўлишга мажбур бўлаётганини тушунади.
Умуман олганда, ўзбек сиёсатчилари Ўзбекистон Россия билан алоқаларда мустақилликни хатарга қўйиши ҳақидаги фикрларни рад этади. Улар алоқаларнинг икки томонлама манфаатли экани, Россия энг катта иқтисодий ва ҳарбий куч сифатида ҳатто ҳозирги ҳолатида ҳам гигант ҳамкор эканини айтишади. Орден алмашишлар ана шу позицияни экс эттиради”, – дея ёзди Навбаҳор Имомова.
Маълумот учун, бу – Путинга берилган биринчи Ўзбекистон ордени эмас. У 2008 йил 20 февралда биринчи президент Ислом Каримов фармони билан «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Бундан ташқари, Путин – хорижий ва МДҲ давлатларининг бир қанча орденлари лауреати ҳамдир:
- «Олтин Қирон» ордени. Қозоғистон. 2004 йил 8 январ.
- I даражали Исмил Сомоний ордени. Тожикистон. 2007 йил 6 октябр
- Халқлар дўстлиги ордени. Беларус. 2013 йил 14 март
- Ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматлари учун ордени. Туркманистон. 2017 йил 1 октябр
- I даражали Манас ордени. Қирғизистон. 2017 йил 22 ноябр
- Дўстлик ордени. Хитой. 2018 йил 8 июн
- Қозоғистоннинг биринчи президенти — Нурсултон Назарбоев ордени. Қозоғистон. 2019 йил 27 май.
Мавзуга оид
18:52
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
17:53
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:37
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
16:33