“Эшиклар ҳар доим очилади, фақат уларни тақиллатиш керак” – Apple тажрибаси ўзбек аёли талқинида
Навбатдаги қаҳрамонимиз рекрутингдан рақамли маҳсулот дизайнигача бўлган йўлни босиб ўтган 37 ёшли Садоқат Казиева. Дунёнинг топ компаниялари ҳисобланадиган Samsung ва Apple'да ишлаб тажриба орттирган Садоқат бугун ўзбек жамиятига технологик ечимлар бера оладиган лойиҳалар устида ишламоқда. Унинг мақсади одамлар ҳаётини енгиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиш.
Садоқат Казиева Тошкентда туғилган. 16 ёшида таълимини Англияда давом эттирган. У ерда бизнес бошқаруви бўйича бакалавр даражасини олиб, оилавий Америкага кўчиб ўтади. Карерасини дастлаб Samsung`да, кейин Apple'да давом эттирган. Бугунги кунда жамиятимизда инсонлар ҳаётини енгиллаштириш учун инноватив технологик лойиҳалар муаллифи ва дизайнери. 3 нафар фарзанднинг онаси.
Дастлабки карьера
Қаҳрамонимиз одамларни ўрганиш, уларни хоҳиш-истакларини тушунишга ҳамиша қизиққани учун дастлаб HR – Human Recourses (Инсон ресурслари билан ишлаш) соҳасини танлаб, Америка компанияларида ишлашни бошлайди. Шу тариқа шу соҳа бўйича дастлаб Samsung’да, кейин эса Apple'да ўз фаолиятини давом эттиради.
Рақамли маҳсулот дизайни соҳасига кириб келиш
Янги билимларни ўрганиш ва чўққиларни забт этишга иштиёқманд қаҳрамонимиз ўз соҳасида яхши мутахассис бўлиш ва жараёнларни яхшироқ тушуниш учун ўзи ишлаётган компанияларида ўз позициясидан ташқари инсон ресурслари билан ишлаш бўлимидаги барча лавозимларда тақлидчи ходим (shadow worker) сифатида ишлаб кўради. Ва соҳанинг умумий портретини ўрганиб, сезиларли ютуқларга эришгандан кейин, ўзини саволга тута бошлайди. Бу ҳолатни у қуйидагича изоҳлайди.
“Кунларнинг бирида топ компаниялардан бири – Samsung’да, ўзим хоҳлаган ишимда ишлаётган бўлсам ҳам, нимадир етишмаётгандек туюла бошлади. Ва ичимда “бу нима” деган саволга ҳар куни дуч келардим”, – дейди Садоқат Казиева.
Шу тариқа янги билимларни янгича ресурслардан қидиришни, ўрганишни бошлайди. Ва ўзи учун янги дунёни кашф этади. Бундан қарийб 12 йил илгари Америкада рақамлаштириш жараёнига мутахассисларни аввалгига қараганда кўпроқ жалб этиш бошланади: дастурчидан тортиб, маҳсулот дизайнериги қадар. Айнан шу каби ишчиларни ишга олиш жараёнида у ўзи учун қизиқ соҳани топиб, уни турли мустақил ресурслардан ўрганишни бошлайди.
“Ўша вақтларда UX/UI (фойдаланувчи тажрибаси дизайни) дизайнерларини ёппасига ишга олишни бошладик. Ва мен шунақа соҳа борлигини, улар нима иш қилишларини суҳбат жараёнида ўргана бошладим. Бўлажак ходимлар билан суҳбатлашганим сари, уларни ишлаш жараёни, соҳавий принциплари мени қизиқтира бошлади. Ва мен бу соҳани турли ресурслардан мустақил ўрганишни бошладим, чунки у пайтда курслар ҳозиргидек оммалашган эмасди” – дейди у.
Sumsung’дан Apple'га
Бир жойда ўсиш ва ривожланишсиз туролмайдиган қаҳрамонимиз ўзи мусиқачилар оиласидан бўлгани учун, ҳамиша санъатга хос туйғулар оғусида яшаганлигини айтади. Шунинг учун ичидаги креативлик ҳиссини тўлиқ намоён эта оладиган компания қидира бошлайди. Натижада, Apple'га ишлаш учун ариза топширишга қарор қилади.
“Техасда уйимизга жуда яқин жойлашган Apple офиси бўларди. Кунларнинг бирида Samsung’дан кетиб, Apple'га ишга топшираймикан деган фикр келиб қолди”. – дейди у.
Apple'га ишга кириш Садоқат Казиева учун осон бўлмаган. Бу жараёнда 6 босқичли интервюдан ўтганлигини, жараён худди терговдек кечганлигини айтади. Интервю жараёнидаги саволларга алоҳида тўхталиб, Apple одамларнинг киришувчанлигини қадрлашини айтиди.
“Жараён нега бунчалик мураккаб эканлигини кейинчалик тушундим: Apple одамнинг ички иқтидорини кашф этишни хоҳлайди. Очилмасак ким эканлигимизни била олмаймиз”.
Apple'даги бошқарув
“Apple'да ишлаганимда бошлиғим тўсатдан “айтилган муаммоларнинг ечими қани” деб сўраб қолган. Жуда ҳайратланганман очиғи. Сабаби Samsung’да муаммони ҳар доим бошлиқлар беришига ўрганиб қолган эканман. Мени ноқулай вазиятга солиб қўйган менежердан бироз ранжиганман ҳам. Кейинчалик иш жараёнида ҳамкасбларимдан билганманки, Apple'да одам одамни бошқармайди. Ва жараёндаги муаммоларга нисбатан фақат бошлиқлар қарор қабул қилмайди. Улар тушунишади – камчилик топиш исталган одамнинг қўлидан келади, аммо бор муаммога ечим таклиф қилиш ҳар ким учун ҳам мўлжалланмаган” – дейди у.
Дизайн бу – санъат ва мантиқнинг жамланмаси
“Дизайнер бўлиш осон эмас – дейди у – дизайн шунчаки иш эмас, сабр ва тинимсиз меҳнатнинг меваси. Яхши дизайнер бўлиш учун ҳар куни янги нарсаларни ўрганиш ва илҳомланиш учун сабаб топа олиш керак. Энг муҳими, ўрганганларни ишлата олиш ҳам дизайннинг муҳим принципларидан бири”.
“Дизайнда визуал кутубхонага эга бўлиш энг кераклиси. Визуал кутубхона эса мавжуд гўзалликлардан олиш мумкин. Масалан: табиат, мусиқа ва музейлардан ёки бирон веб-саҳифа ва ресурслардан”.
Визуал кутубхона – мавжуд предметларнинг аслида қандай бўлиши кераклиги хусусида кўриб, унинг шакли ва хусусиятлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш.
“Дизайнда асосийси, битта манба билан чекланиб қолмаслик, 5 эмас 25 та манбадан қидириш. Сабаби дизайнда иш жараёни айлана диаграммага ўхшайди ва топдинг дегани якун дегани эмас. Аксинча, қидиришни бошлашинг керак дегани. Ва бу жараён ҳеч қачон якунланмайди” – дейди Садоқат Казиева.
Эшиклар ҳар доим очилади, фақат уларни тақиллатиш керак
“Карьерада иккиланиш бу – нормал ҳолат. 20 ёшда маълум бир ишни қилиш, бутун умр шу ишни қилиш керак дегани эмас. Шундай фикр билан жуда кўпчилик ўсишдан тўхтаб қолади. Эрта-кеч деган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар ким ички интуициясига қулоқ тутиб, қарорлар қабул қилиши керак”.
“Ҳаётимда жуда кўп интервюлардан ўтганман, ўзим интервю ҳам олганман. Ва жуда кўп рад жавобини ҳам олганман. Қаердандир рад жавобини олиш – ҳаёт тугади дегани эмас. Шунчаки сиз бу жойга ёки бу жой сизга мос келмаган бўлиши мумкин. Буни оддий қабул қилиш ва давом этиш керак. Эшиклар жуда кўп ва улар ҳар доим очилади, фақат уларни тақиллатиш керак”.
Нега ўзбеклар эмас?
Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи билан вақт ўтиб Америка ва Англия тажрибаларини жамиятимиздаги рақамлаштириш жараёнларида қўллашни истаб, Ўзбекистонга қайтишди. Ва одамларнинг ҳаётини енгиллаштириш учун у ердаги лойиҳалардан бизга мосларини, жамоа йиғиб аҳоли орасида тадбиқ этишни бошлашади. Шулардан бири – Ўзбекистондаги спорт комплекслари ва фитнес индустриясидаги барча жараёнларни рақамлаштириш:
“Бу лойиҳага қўл урганимизнинг иккита сабаби бор. Биринчиси, бир кун келиб, ўзим мустақил 0 дан муаллифлик лойиҳамни қиламан. Одамлар ундан фойдаланишади деган орзуйим бўлган. Иккинчиси, турмуш ўртоғим ва жамоамиз билан бир саволни ўзимиз учун шиор қилиб олганмиз: “нега ўзбеклар эмас?” Нега ўзбеклар қила олмаслиги керак, нега фақат четдан маҳсулот кутишимиз ва четдан келган маҳсулотлар сифатли бўлади деб ўйлашимиз керак деган саволни ўзимизга берганмиз. Айнан шу стеротипни бузиш учун шу лойиҳага қўл урганмиз” – дея изоҳлайди муаллифлик лойиҳасини Садоқат Казиева.
Гавҳар Зиёдуллаева тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж усталари : Шерзод Эгамбердиев, Жавоҳир Ғайратов
Мавзуга оид
00:31 / 26.12.2024
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
00:31 / 18.12.2024
Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади
18:44 / 17.12.2024
iPhone ва Samsung фойдаланувчиларининг аксарияти сунъий интеллектни фойдали деб ҳисобламайди
20:50 / 16.12.2024