Ўзбекистон | 14:25 / 17.05.2024
7558
2 дақиқада ўқилади

Ўрта Чирчиқда сотиш учун 5 туп чинорни кесганлар озодликдан маҳрум этилди

Жиноий шериклар ярим тунда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидаги фермер хўжалик даласига бориб, 5 туп кўп йиллик чинорни кесиб олишган ҳамда табиатга қарийб 250 млн сўмлик зарар етказишган. Улар мазкур дарахтларни Тошкент шаҳридаги тахта бозорга олиб бориб пуллашни мақсад қилишган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятида дарахтларни кесганлар озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 4 нафар жиноий шерик 2023 йилнинг 5 декабр куни ярим тунда Ўрта Чирчиқ тумани Машъал маҳалласи ҳудудидаги “Маъруфхон” фермер хўжалигига қарашли дала майдонига боришган. Улар ўзлари билан олиб келган моторли арра ва бошқа иш қуроллари ёрдамида жами нархи 247 млн 180 минг сўм бўлган 5 туп кўп йиллик шарқ чинорини таг қисмидан кесиб олишади.

Сўнгра чинорларни бўлакларга бўлиб, ўзлари ёллаган юк машинасига ортишган ва сотиш учун Тошкент шаҳрида жойлашган тахта бозорига йўл олишган. Аммо мўмай даромад топиш илинжидаги “ишбилармон” йўлда ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилади. Текширув жараёнида улар дарахтларни ноқонуний кесиб, табиатга 247 млн 180 минг сўм зарар етказишгани аниқланади.

Жиноий шерикларнинг қилмиши судда кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, ишга бошчилик қилган фуқаро Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, унинг шериклари ҳам айбли деб топилиб, биттаси 2 йил, қолганлари 1 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига кўра, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид