Нукусдан Amazon'гача: Канадада ишлаётган нукуслик дастурчи
Ўз соҳаси бўйича хориждаги нуфузли ташкилотларда ишлаётган ҳамюртларимизнинг тажрибаси ва фаолияти кўпчиликка қизиқ бўлса керак. Ана шундай ёшлардан бири нукуслик Бекназар Абдикамалов. У ҳозирда АҚШнинг Амазон компаниясида дастурчи муҳандис бўлиб ишламоқда. Қаҳрамонимиз Amazon’гача босиб ўтилган йўл, фаолият ва ўқишдаги қийинчиликлар, Канадада ишлашнинг ўзига хослиги ҳақида Kun.uz’га интервью берди.
Бекназар Абдикамалов ўзи ким?
Бекназар Абдикамалов 1993 йили Нукус шаҳрида туғилган. ТАТУда ўқишнинг биринчи семестрини тугатиб, 18 ёшида Жанубий Кореяга ўқишга кетган. Ҳозирда Amazon компаниясининг Канададаги офисида дастурчи бўлиб ишламоқда.
Ресурсларнинг чекланганлиги унчалик ёмон ҳолатмас
Мактабимиз биринчи марта интернетга қўшилганида мен умуман шокка тушгандим. Унинг тезлиги, бир маълумотни дунёнинг нариги бурчагига катта тезликда етиб бориши мени ҳайрон қолдирган. 6-7-синфдалигимда мен аниқ дастурчи бўлишимни билардим. Шунинг учун ўзимга менторларни топиб, улар билан email орқали гаплашардим. Атабек Муртазаев (Австралиядаги нукуслик дастурчи), Азиз Муртазаев (Facebook собиқ дастурчиси) ва Саламат Авезов (Полиглот дастурчи)лар менинг биринчи менторларим эди. Улар менга кўп вақт ажрата олмасди. Оддийгина почта орқали улардан кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилардим. Дадамнинг иш компютери бор, аммо интернети йўқ эди. Компютер устахонасига бориб ишлардим. Эвазига эса бир соат интернетдан фойдаланишга рухсат олганман. Шу вақт ичида менторларим билан мулоқот қилиб, керакли дарсларни флешкамга юклаб олардим. Уйга бориб видеоларни қайта-қайта кўрганман. Шу тариқа дастурлашни ўргандим. Шунинг учун менинг фикримча, ресурсларнинг чекланганлиги унчалик ёмон ҳолатмас. Озгина имкониятдан ҳам максимал даражада фойдаланса бўлади.
Нима учун ТАТУдаги ўқиш ташлаб кетилди?
Лицейда ўқиб юрганимда хорижда ўқийман деган якуний қарорга келгандим. ТАТУга эса шунчаки, ота-онам учун топширганман. ТАТУ билан бирга Жанубий Кореядаги олийгоҳга ҳам ҳужжат топширдим. Лекин буни уйдагиларга айтмадим. Ота-онам қарши эди. Тан олиш керак, бизда кўпчилик ота-оналар ва ёшлар ўқишга кирилса бўлди, деб ўйлашади. Аммо ундай эмас. ТАТУга грант асосида қабул қилиндим. Лекин ичимда Кореядан жавоб кутардим. У ердан ҳам ижобий жавоб келди. Унда ҳам уйдагиларга айтмадим. Виза билет ва бошқа ҳужжатларни тўғрилаганимдан кейингина уларга айтдим. Ота-онамнинг маҳаллада изза бўлмаслиги учунгина Тошкентдаги университетга киргандим. Сабаби маҳалладагилар август-сентябр ойида боланг қаерга ўқишга кирди, деб сўрашган. Кореяга топширди деган жавобдан кўра ўқишга кирди, деган жавоб бу ердагиларни қониқтиришини тушунгандим. Бундай стереотиплар бизда афсуски, ҳозир ҳам бор.
Хорижга кетишимга ноҳақликлар сабаб бўлган
Мактабда инглиз тили ва математикага қизиқишим ўзгача эди. Фан олимпиадалари, турли хил танловларда анча ноҳақликларни кўрдим. Шундан кейин ўзимнинг кучимни бу ерда (Ўзбекистонда) кўрсатиш қийинлигини тушундим. Хориж тажрибасини эгаллаб, ким аслида кимлигини кўрсатишга қарор қилгандим ўшанда. Шундан кейин ўқиш ёки фаолиятдаги ҳар қандай қийинчилик мен учун мисоли ўғит сифатида хизмат қилди.
Бекназар Абдикамаловнинг Кореядаги қийинчиликлари, Amazon’га кириш тарихи ва Канада ҳаёти, энг қиммат шаҳарлардан бири Ванкуверда яшаш машаққати ҳамда ҳаётий миссиялари ҳақида интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиб билиб олишингиз мумкин.
Шуҳрат Саидаҳмадов суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Ҳаким Эржанов, Элбурс Ўтемуратов.
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
20:31 / 13.11.2024
Volkswagen Tesla’нинг рақобатчиси билан 5,8 млрд долларлик битим имзолади
22:52 / 11.11.2024
Amazon ўз ҳайдовчи ва курерлари учун навигацияга эга ақлли кўзойнакларни яратмоқда
23:26 / 17.09.2024
Amazon ўз ходимларини офисдан туриб ишлашга қайтармоқчи
10:33 / 08.09.2024