Жаҳон | 22:52 / 11.11.2024
4053
3 дақиқада ўқилади

Amazon ўз ҳайдовчи ва курерлари учун навигацияга эга ақлли кўзойнакларни яратмоқда

АҚШда ҳар куни миллионлаб посилкалар етказилиши инобатга олинса, кўзойнаклардан фойдаланиш орқали иқтисод қилинган ҳар бир сония компания логистикаси учун кетадиган вақтни сезиларли даражада қисқартириши мумкин.

Фото: Reuters

Amazon компанияси ўзининг етказиб бериш хизматидаги ҳайдовчи ва курерлар учун навигация функциясига эга ақлли кўзойнакларини яратиш устида иш олиб бормоқда, деб хабар беради Reuters.

Қайд этилишича, Amazonʼнинг товарларни етказиб бериш борасидаги харажатлари 8 фоизга ошиб, жорий йилнинг учинчи чорагида 23,5 миллиард долларни ташкил этган. Компания ушбу ортиқча харажатларни қисқартириш йўлини қидирмоқда ва ақлли кўзойнаклар муаммонинг бир қисмини ҳал этишга ёрдам бериши мумкин.

Қайд этилишича, мазкур қурилма ҳайдовчи ва курерларга кичик экран орқали навигация ҳамда ҳар бир бекатни кўрсатиб боради. Гаджет йўналишларни кўрсатиш билан бирга йўлдаги тўсиқлар, етказиб бериш жойида ҳайвонлар бор-йўқлиги каби маълумотларни етказиб туради — бу ҳар бир етказиб беришда сонияларни тежашга хизмат қилади. АҚШда ҳар куни миллионлаб посилкалар етказилиши инобатга олинса, иқтисод қилинган ҳар бир сония компания логистикаси учун кетадиган вақтни сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.

Агентлик манбаларига кўра, лойиҳа ҳозирда дастлабки босқичда ва «барчаси ўзгариб кетиши мумкин». Агар Amazon эришилган натижадан қаноатланмаса, лойиҳа бекор қилинади ёки музлатиб қўйилади.

«Биз етказиб бориш жараёни ҳайдовчилар учун хавфсиз ва сифатли бўлиши учун мунтазам инновацияларни жорий этиб келамиз. Аммо янги маҳсулотларимиз йўл харитасига боғлиқ саволларга изоҳ бермаймиз», — дейди Amazon вакили.

Amazon томонидан келтирилган маълумотларга кўра, уларнинг етказиб берувчилари бир иш кунида 100 дан ортиқ манзилга ташриф буюради. Янги ақлли кўзойнаклар муомалага киритилса, Amazon ўз ҳайдовчиларидан кўпроқ иш талаб қилиши мумкин. «Аммо шу ерда бошқа бир масала пайдо бўлади — минглаб ҳайдовчи ва курерларни қандай қилиб ушбу кўзойнаклардан фойдаланишга кўндиради? Айрим етказиб берувчилар қурилмани ноқулай ва иш жараёнида халақит беради деб ҳисоблаши мумкин. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти кўриш қобилиятига боғлиқ кўзойнакларни шундоқ ҳам тақади», — дейилади хабарда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид