Ўзбекистон | 17:57 / 14.01.2026
8925
2 дақиқада ўқилади

Хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар рўйхати тасдиқланди

Рўйхат ҳукуматнинг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унга 20 та касаллик киритилган.

Фото: Shutterstock

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан хавфсизлик камарини тақиш имкони бўлмаган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати тасдиқланди.

Рўйхат ҳукуматнинг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда белгиланган касалликларга эга ва тиббий маълумотномаси мавжуд фуқароларга хавфсизлик камаридан фойдаланмасликка рухсат берилади.

Ҳужжатга кўра, рўйхатга суяк синишлари, оғир юрак-қон томир ва ўпка касалликлари, нафас олиш йўллари касалликлари, паст бўйлик, айрим жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолатлар, шунингдек, жисмоний чекловлар билан боғлиқ касалликлар киритилган.

Рўйхат соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 24 декабрдаги 29-сон буйруғи билан тасдиқланган.

Мазкур касалликлар мавжудлигини тасдиқловчи электрон тиббий маълумотнома QR-код билан расмийлаштирилади ва «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали берилади. Маълумотнома бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси ёки у даволанган тиббиёт ташкилоти томонидан расмийлаштирилади.

Тиббий маълумотнома касаллик турига қараб 1 йилгача бўлган муддатга ёки доимий (муддатсиз) тарзда берилиши мумкин.

Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳаракат бошлашдан олдин автомобил хавфсизлик камари билан жиҳозланган бўлса, камарни мажбурий тарзда тақиши лозим.

Ҳайдовчи, шунингдек, йўловчиларни хавфсизлик камари тақишга огоҳлантириш мажбуриятига эга. Орқа ўриндиқдаги йўловчилар учун эса бу талаб шартли бўлиб, 12 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар ва соғлиги сабаб камар тақолмаган шахслар бундан мустасно.

Хавфсизлик камарини тақмаганлик ҳолатида ҳайдовчига БҲМ ярим баробари миқдорида жарима (206 минг сўм) қўлланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид