Ўзбекистон | 13:48 / 10.03.2025
5289
2 дақиқада ўқилади

Истанбул шаҳридаги Бош консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси фуқароларни аэропортларда бегона юкларни олмасликка чақирди. Дипломатик ваколатхона бундай ҳолатлар ноқонуний юкларни олиб ўтиш билан боғлиқ хавф туғдиришини таъкидлаб, бир неча йил қамоқ жазосидан огоҳлантирди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси фуқароларни аэропортларда бегона шахсларнинг юкларини олишдан огоҳлантирди. Консулхона маълумотига кўра, айрим шахслар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) ўз юкларини Ўзбекистонга олиб бориб беришни сўраши мумкин.

Дипломатик ваколатхона бундай ваъдаларга ишонмасликни ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилмасликни тавсия қилмоқда. Сабаби, сўнгги йилларда шундай вазиятларга тушган бир неча Ўзбекистон фуқаролари ноқонуний юкларни — жумладан, наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмаган ҳолда олиб ўтишга уринганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Хусусан, 2023 йилда Истанбул аэропортида 27 ёшли ўзбекистонлик номаълум шахснинг илтимосига биноан юкни олиб ўтишга рози бўлган. Чегарадаги текширув вақтида унинг юкидан катта миқдорда наркотик моддалар топилган ва у 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2022 йилда эса Анталиядан Тошкентга қайтаётган фуқаро нотаниш одамнинг юкини олиб ўтмоқчи бўлган. Текширув натижасида унда сохта паспорт ва ноқонуний ҳужжатлар борлиги аниқланган ва фуқаро бир неча йилга қамоққа ҳукм қилинган.

Консулхона Ўзбекистон фуқароларидан эҳтиёткор бўлишни, бегона шахсларнинг илтимосларига алданмасликни ва ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишни сўради. Расмий огоҳлантиришда бу каби эҳтиётсизлик оғир жиноий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланган.

Мавзуга оид