Ўзбекистон | 09:50 / 06.10.2023
7782
5 дақиқада ўқилади

Жанубий Устюртда очилаётган газ конлари: UzbekNeftGaz истиқболли конларни жадал ўзлаштирмоқда

Жанубий Устюртда табиий газ конларини ўзлаштираётган «UzbekNeftGaz» акциядорлик жамияти кетма-кет муваффақиятларга эриша бошлади. Айни пайтда бу ҳудудда 200 дан ортиқ газ қудуқларидан газ қазиб олинмоқда.

Қайд этиш лозимки, Устюртдаги қуйи юра қатламларини ўрганиш, юқори натижада геологик маълумотларни олиш, янги истиқболли маҳсулдор қатламларни аниқлаш, мавжуд углеводород захираларини ўстириш, мақсадида бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистондаги Қуйи Шарқий Бердақ конида бурғиланган 5-қудуқдан 28 сентябр куни 4200 метр чуқурликдан газ отилиб чиқди. Бахтни қарангки, биз ана шундай муҳим жараённинг устига бориб қолдик.

Қуйи Шарқий Бердақ конида бурғиланган 5-қудуқдан отилиб чиқаётган газ.

Геология разведка ишлари амалга оширилгач, 5-қудуқда шу йилнинг январида қудуқ бурғилай бошланган эди. Устюртда меҳнат қилаётган газчиларимиз қисқа фурсатда кўзланган натижага эришишди.

«Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» МЧЖ Бош муҳандиси Мақсуд Жумаевнинг айтишича, ҳали бу газ жиловланмаган, босими аниқ ҳисобланмаган. Айни пайтда тахминларга кўра суткасига 1,2–1,5 миллион метр куб ҳажмида отилиб чиқаётган газ жиловланиб, газ тозалаш заводига уланади. («UzbekNeftGaz» АЖ кейинроқ ушбу қудуқдан чиқаётган суткалик газ ҳажми 1,3 млн метр куб эканлигини маълум қилди — таҳ).

Газни комплекс тайёрлаш қурилмасида конлардан етказилаётган газ қўшимчалардан тозаланиб, маҳаллий истеъмолчиларга жўнатилади.

«Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» МЧЖ Бош муҳандиси Мақсуд Жумаев

Энг ҳайратланарлиси, Хитойда ишлаб чиқарилган бурғилаш техникаларини маҳаллий мутахассислар чапдастлик билан ишлатишмоқда.

Қуйи Шарқий Бердақ конида бурғиланган 5-қудуқ

Мақсуд Жумаев бизга газ конига қазилган қудуқ қандай қилиб мустаҳкамланиб борилиши ва туширилишини ҳам қисқача ҳикоя қилиб берди.

Биз «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмасида ҳам бўлдик. Бу ерда Устюртдаги қудуқларда қазиб олинаётган қайноқ газлар тортиб келиниб, тозаланади ва совитилади ҳамда UzTransGaz магистрал қувурлари орқали истеъмолчиларга узатилар экан.

«Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмаси

«Арслон» газ комплекс тайёрлаш қурилмаси бошлиғи Агзам Жугунисовнинг ҳикоя қилиб беришича, газни комплекс тайёрлаш қурилмасида «Арслон», «Қуйи Сургил», «Ғарбий Қуйи Сургил» конларидан қазиб олинаётган газни паст ҳароратда сепарациялаш билан газ таркибидан қатлам суви, механик бирикмалар ҳамда суюқ углеводородлар ажратиб олиниб, тозаланган табиий газ давлат стандарти талабларигача етказилади ва «Ўзтрансгаз» АЖ магитрал газ қувурларига узатилади. Қурилмада табиий газни минус 15 даража ҳароратгача совутилади.

«Арслон» газ комплекс тайёрлаш қурилмаси бошлиғи Агзам Жугунисов

Қайд этиб ўтиш керак, кунига 6 миллион метр куб газни қайта ишловчи мажмуа янада кенгайтирилмоқда ва яқинда унинг қуввати суткасига 9 миллион метр кубга етказилади.

Газ қазиб чиқариш бўлими бошлиғи Латифжон Жумамуродов.

Мажмуада қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишга ҳам ката эътибор берилмоқда. «Арслон» газ комплекс тайёрлаш қурилмаси атрофидаги катта майдонларда қуёш панеллари ҳам ўрнатиб чиқилмоқда. Бу ерда генерация қилинган электр энергияси мажмуа ишига йўнатилтирилади.

Мажмуа яқинида ўрнатилаётган қуёш панеллари.

2017 йилда ишга туширилган «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станциясида 3 та газ ҳайдаш агрегати бўлиб, умумий қуввати 54 MW ни ташкил қилади. Лойиҳа бўйича кунлик 6 млн метр куб, йилига 2 млрд метр куб паст босимли табиий газни босимини ошириб беришга мўлжалланган.

«Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси

Бугунги кунда мазкур сиқув компрессор станцияси «Шарқий Бердақ», «Шимолий Бердақ», «Арслон», «Ином» ва «Қуйи Сургил» каби конлардаги 200 дан ортиқ қудуқдан кунлик қазиб олинаётган 5,9 млн куб метр паст босимли табиий газ босимини ошириб, «Шарқий Бердақ» комплексининг паст ҳароратда газни комплекс тозалаш қурилмасига етказиб бермоқда.

Устюртдаги янги ўзлаштирилаётган газ конларининг аксарияти 4500 метр чуқурликда жойлашган. Бироқ, 6000 метр чуқурликдаги истиқболли конларни ўзлаштириш учун ҳам ҳаракатлар бошланган. Биз ана шундай чуқур қудуқ қазилаётган конларнинг бирида ҳам бўлдик.

Истиқболли конларни аниқлаш, газ қазиб олиш, конларлардаги захиралар миқдори қандай аниқланиши ва очилган конлар неча йил фаолият кўрсатиши жуда қизиқарли мавзу, албатта. Бу жараённи «UzbekNeftGaz» мутахассислари бажонидил ипидан игнасигача ҳам ҳикоя қилиб беришди. Бу ҳақда алоҳида кўрсатув қилишга қарор қилдик.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш