Ўзбекистон | 17:17 / 03.03.2022
29466
4 дақиқада ўқилади

2050 йилга бориб Ўзбекистонда табиий газ, кўмир, нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланиш тўхтатилади

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев / Фото: Kun.uz

2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтга ва шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Халқаро пресс-клубда ўтказилган “Муқобил энергия манбалари – тараққиёт пойдевори” мавзусидаги анжуманда маълум қилди.

“Ўзбекистон дунёнинг энг илғор мамлакатлари томонидан қабул қилинган углеводород нейтраллиги дастурига қўшилган. 2050 йилга келиб, мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳаларида, шу жумладан, энергетикада углеводород нейтраллигига эришиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Бу – табиий газ, кўмир, нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечиш деганидир. Бир қарашда бу узоқ муддатдай кўринади, лекин бугунги кундаги энергетика соҳасида бўлаётган ўтиш жараёнини ўзининг кўлами ва аҳамияти жиҳатидан бир вақтлар қазилма бойликлар, нефть ва газ қоплагандай ўзгаришлар билан солиштириш мумкин. Инсоният ҳаёти кескин ўзгарди. Айниқса саноат ва транспорт логистика соҳасига жуда катта таъсир кўрсатди. 

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда электр энергияга бўлган талаб ғарб мамлакатлари билан солиштирилганда, кескин фарқ қилади. Чунки иқтисодиётимиз ҳали электр энергияси билан тўйинган эмас. Талабнинг ўсиш суратлари энг камида йиллик 11-12 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Бу 2030 йилга бориб эришиладиган натижалардир. Бу дегани биз ҳозирги кундаги анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтишимиз жуда қийин. Биринчи навбатда, ўсиб бораётган талабни тўйинтириш зарур. Шунга асосан 2030 йилга қадар Президентимиз томонидан белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичлар бор. Яъни, бу даврга қадар камида 5 минг мегаваттли шамол электр станциялари ва 7 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ишга тушириш лозим.

2022 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича йирик ишлар амалга оширилади. Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 700 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш учун лойиҳа битимлари имзоланиши кўзда тутилган. 

2023 йилда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1 097 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро (Ғиждувон ва Пешку) ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1600 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси “яшил энергия” ишлаб чиқаришни бошлайди. 

2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтга ва шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади. Бунинг натижасида йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 1 миллион хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин. 

Бугунги кунда аҳоли хонадонига қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатиш борасида ҳам дастлабки қадамлар бошланган. Масалан, қурилмаларни хонадонларга ўрнатиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. 

Қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатганда фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар жорий этилмайди. Ушбу энергосамарадор қурилмаларни ўрнатиш ҳисобига хонадонни текин ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз хонадонларига ўрнатган қуёш панеллар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишлари ҳам мумкин”, – деди Шерзод Хўжаев тадбир иштирокчиларига қарата.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида 24 февраль куни Беруний туманида қуввати 100 МВт бўлган шамол электрстанцияси қурилишига тамал тоши қўйганди.

Мавзуга оид