Тошкент туманида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 30 октябр куни соат 8:00 дан туман ҳудудидаги 42 948 та аҳоли хонадони, 610 та улгуржи ташкилот, 41 та ижтимоий соҳа объектида газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади. Бунга сабаб сифатида газ тармоқларида ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.
Хабарда табиий газ таъминоти “ишлар якунлангунга қадар” тўхтатилиши айтилган. Бироқ иш қачон якунига етиб, газ таъминоти тикланишига аниқлик киритилмаган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлимининг бу иши “соғлом ақлга сиғмаслиги”ни айтди.
“Қайси соғлом ақл ҳарорат нолга яқинлашган аёзли кунларда қишга тайёргарлик кўриш баҳонаси билан бутун бошли туманда газни ўчиради?
Хўп, ёзги диафрагмани қишкисига алмаштирмоқчи экансизлар, шу пайтгача, масалан, ўтган ҳафта, ҳарорат +20 даражадан юқори кунларда нима қилдинглар? Нега айнан кузнинг энг совуқ кунини танладинглар?
Хўп, майли, улгурмади, деб яхши гумон қилсак, шу ишни ҳарорат +20 даражадан юқорига кўтариладиган шанба ё якшанбага қолдирса бўлмасмиди?” дея ёзди иқтисодчи ўз саҳифасида.
Бундан ташқари, 30 октябр куни туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилиши маълум қилинди.
Тошкент тумани электр таъминоти корхонасининг билдиришича, туманнинг Дийдор, Кўксарой, Қорабўрик, Захариқ, Бўғизилол, Зарбдор, Эъзоз, Кўҳинур, Янги ҳаёт, Ўрикзор, Олтинтепа ва Оқтош (қисман) маҳаллаларида, ушбу ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда соат 8:00 дан 18:00 гача электр таъминотида узилишлар бўлади. Бунга сабаб сифатида Боғор подстанциясидан чиқувчи трансформаторда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.
Отабек Бакиров “свет” бўлмаса сув ҳам бўлмаслигига эътибор қаратди.
















