Ўзбекистон | 12:36 / 19.08.2022
97765
5 дақиқада ўқилади

Боболов ва прокурор воқеаси. Ҳоким ҳимоя қилгани айтилаётган шахс коррупционер бўлиб чиқди

Ангор тумани Бандлик марказининг собиқ директори 30 дан ортиқ камбағалнинг номига сохта ҳужжатлар билан субсидия ажратиб, жиноий шериклари билан пулларни “еб юборган”. Шунга қарамай, у тез орада янги лавозимга тайинланган: ҳозир туман ҳокимлигининг Маҳаллабай ишлаш маркази директори бўлиб ишлаяпти – бу эса суд ҳукмига зид.

Тўра Боболов / Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақорат қилгани акс этган аудиоёзув ҳақида хабар берган эдик. Kun.uz ихтиёрига Боболов ҳимоя қилгани айтилаётган ангорлик собиқ амалдорнинг жиноий қилмишларига оид суд ҳукми келиб тушди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 11 май куни жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори бўлиб ишлаган Азиз Йўлдошевга оид жиноят иши кўрилган.

Суд ҳужжатларига кўра, Йўлдошев директорлик вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўзига ишониб топширилган давлат мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. У “Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ раҳбари Ардашер Байиров ва “Angor Issiqxona Qurish” МЧЖ раҳбари Азамат Сатторов билан жиноий тил бириктирган.

Бандлик маркази бошлиғи “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, тумандаги ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилаларга субсидия ва грантлар асосида иссиқхона қуриб бериши керак бўлган. Бироқ у 30 дан ортиқ камбағал ва муҳтож одамлар номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, фуқароларнинг хабардорлигисиз юқоридаги МЧЖлар раҳбарлари билан уч томонлама шартномалар имзолайди.

Камбағалларга қайишиши керак бўлган раҳбар жами 210 388 572 сўмлик қурилиш ишлари бажарилмаганини билгани ҳолда расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритади. Натижада субсидия маблағларини МЧЖ ва хусусий корхона ҳисобрақамига ўтказиб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож қилади.

“Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ раҳбари Байиров 111 004 872 сўмлик ишларни қўшиб ёзиб, ўзганинг мулкини ўзлаштиради. “Angor Issiqxona Qurilish” МЧЖ раҳбари Сатторов эса 99 383 700 сўмлик қурилиш ишларини бажармасдан, ҳисобрақамини тўлдириб олади.

Бу ишда ўттиздан ортиқ жабрланганлар гувоҳлик берган.

Натижада Азиз Йўлдошев Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбланиб, бир ярим йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил-у 3 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланади.

“Тадбиркорлар” – икки МЧЖ раҳбарлари Байиров ва Сатторов ҳам жиноят содир этгани тасдиқланади. Уларга иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган.

Ҳукмни тайинлашда жиноятчилар қарийб 210,4 млн сўмлик зарарни тўлиқ қоплагани инобатга олинган.

Эътиборлиси, Азиз Йўлдошев айни пайтда Ангор туман ҳокимияти маҳаллабай ишлаш маркази раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда. Бу маълумотни туман ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz'га тасдиқлади. Бундан келиб чиқадики, у яна маҳаллалардаги эҳтиёжмандлар, тадбиркорлик қилмоқчи бўлганлар, камбағаллар, субсидиялар билан ишловчи ҳоким ёрдамчиларига бошлиқ.

Йўлдошевнинг бу лавозимда ишлаётгани суд ҳукмига зид. Юқорида қайд этилганидек, суд унга 1,5 йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларни эгаллашни тақиқлаган. Апелляция инстанцияси ҳам дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Вилоят прокуратурасидаги манбанинг тасдиқлашича, Тўра Боболов Ангор прокурорини айнан мазкур жиноят ишида айбланаётганларни назарда тутиб ҳақорат қилган. Ҳоким бунда Азиз Йўлдошевнинг ёнини олганми ёки икки тадбиркорнинг – манба буни очиқламади.

Маълумот учун, Боболов Ангор туманида туғилиб ўсган.

Мазкур ҳолатлар – “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилингани, кадрлар давлат ишига танлов асосида қабул қилиниши ҳақида жуда кўп мақтовлар айтилаётган кунларда маълум бўлмоқда.

Бу кейсга масъулларнинг реакцияси янги қонун амалиётда қанчалик ишлай олиши ёки амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган навбатдаги ҳужжатга айланиб қолишини кўрсатиб бериши мумкин.

Бу қонунга биноан, коррупционерлар қайтиб ҳеч қачон давлат ишига қабул қилинмаслиги шарт. Гарчи бу талаб ҳали кучга кирмаган бўлса-да, Ангордаги тайинлов қонунга зид бўлиб қолаверади: суд қарори оёқости қилинган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ҳоким прокурорни сўккани эшитилган аудио Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Мавзуга оид