Жамият | 20:54 / 19.06.2024
15958
2 дақиқада ўқилади

Навоийда том баравар тахланган ун қоплари аёлни босиб қолди

Воқеа 18 июн куни кечга яқин Навоий шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида содир бўлган. Тирик қолган аёл шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва бир кун ўтиб ўзига келган. Жабрланувчининг яқинлари ИИБ ходимлари ва бошқа масъуллар ҳолатга эътиборсиз бўлаётганидан норози.

Фото: Kun.uz

Навоий шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида сотиш учун том баравар тахлаб қўйилган ун қоплари 44 ёшли аёлни босиб қолди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Жабрланувчининг яқинларига кўра, савдо дўконида сотиш учун келтирилган ун қоплари баланд қилиб тахлаб қўйилган. Ушбу ҳолат бўйича савдо дўкони эгасига қўшни дўкон эгалари ва харидорлар томонидан бир неча бор эътироз билдирилган. Аммо дўкон эгаси барибир хавфсизлик талабларига риоя қилмаган.

“Ҳолат юзасидан ҳатто солиқ органларига, ИИБ ходимларига бир неча бор мурожаат қилинган, аммо натижа бўлмаган. Бозор бўлгач ўтиб қайтувчи ҳам кўп бўлади. Агар бирор ёш боланинг устига қулаганида нима бўларди?” дейди аёлнинг Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган қариндошларидан бири.

Манбага кўра, ун қоплари қўшни дўкон сотувчиси бўлган 44 ёшли аёлнинг устига қулаган. Зудлик билан қутқариб олиниб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган аёл бир кун ўтиб ўзига келган.

Аёлнинг яқинлари ИИБ ҳам, бошқа тегишли масъуллар ҳам ҳолатга эътиборсиз бўлаётганидан норози.

“102” қилдик, аммо ИИБ ходимлари ҳам, бошқа масъуллар ҳам хабар олмади. Булар ҳаракатга тушиши учун кимдир ўлиши керакми, ҳайронмиз. Ҳатто шу ҳолат бўлганидан кейин ҳам ун қоплари пасайтирилмади, яна том тенги қилиб қайта тахлаб қўйишди”, дейди жабрланувчининг яқинларидан бири.

Ҳозирда аёл ўзига келгани, аммо унинг жароҳати оғир экани айтилмоқда.

Мавзуга оид