Жаҳон | 19:00 / 07.07.2022
42342
8 дақиқада ўқилади

Жонсон Британия бош вазирлигидан кетди. Асосий маълумотлар

Борис Жонсон Консерватив партия раҳбарлиги ва Буюк Британия бош вазирлигидан кетишини эълон қилди, аммо у партиянинг янги етакчиси сайланмагунча бош вазирлик лавозимида ишлашда давом этади.

Фото: Getty Images

Даунинг-стритдаги бош вазир қароргоҳи биноси олдида журналистлар қаршисига чиққан Жонсон ўз тарафдорлари ва Британия халқига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ҳамда «дунёдаги энг яхши иш»дан кетаётганидан ниҳоятда хафа эканини, «аммо шундай бўлиб қолгани»ни айтган.

У Украина халқига ҳам мурожаат қилиб, британ ҳукумати унинг истеъфосидан кейин ҳам Украинага ёрдам кўрсатишда давом этишини билдирган.

Партия етакчилиги учун кураш шу йил ёзда бўлиб ўтади ва янги бош вазир октябр ойида бўлиб ўтадиган партия конференциясида лавозимга киришиши мумкин бўлади.

Пайшанба куни консерваторлар партиясида ҳам, мухолифатчилар томонидан ҳам Жонсонни зудлик билан кетишга чақириқлар янгради. Улар мамлакат бошқарувини ҳукмрон партиянинг янги раҳбари сайлангунига қадар бош вазир ўринбосари Доминик Рааб ўз зиммасига олиши керак деб ҳисоблашди.

«Ўз нутқида Жонсон бизга ўзининг асосий ютуқлари ҳақида эслатди - брекситдан тортиб ковидга қарши вакцинация дастуригача», дея қайд этади BBC’нинг сиёсий корреспонденти Иен Уотсон.

Шунингдек, Жонсон истар-истамас кетаётгани, лекин ўз партиядошлари чақириқларига қулоқ солишини айтган. Жонсон уларнинг можароларга норозилик сифатида истеъфо беришини «эксцентрик» деб атаган, лекин ўз хатоларини тилга олмаган. У шунчаки ҳамкасбларини ўзини қўллаб-қувватлашда давом этишга кўндира олмагани учун афсусдалигини билдирган.

«Афсуски, менинг аргументларим натижа бермади ва мен энди жуда кўп ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошира олмаслигимдан ранжидим», дея қўшимча қилган Жонсон.

Ҳукумат инқирози

Британия ҳукуматида бош вазирга ишончсизлик билан боғлиқ жиддий инқироз бир неча ойдан буён ривожланиб, шу ҳафтада авжига чиқди.

Жонсоннинг кетиши унинг ҳукумати аъзолари томонидан кўрсатилган мисли кўрилмаган даражадаги босим натижаси бўлди. Сўнгги кунларда 50 дан ортиқ вазирлар ва вазирликларнинг юқори мартабали амалдорлари, шу жумладан Жонсоннинг айрим яқин тарафдорлари - молия вазири Риши Сунак ва соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам ўз лавозимини тарк этишди.

Ўз карьераси учун Борис Жонсондан миннатдор бўлса арзийдиган ички ишлар вазири Прити Пател ва транспорт вазири Грант Шаппс ҳам бош вазирни истеъфога чиқишга чақирган.

Пайшанба куни тонгида Риши Сунак ўрнига тайинланган янги канцлер Надим Заҳави, бу лавозимни эгаллаганига 48 соат бўлмай туриб Жонсонни ваколатларини топширишга чақирди ва «мавжуд вазиятга тоқат қилиб бўлмаслиги, вақт ўтиб вазият фақат ёмонлашиши»ни айтди.

Партия вакиллари йил давомида Жонсонни четлаштиришга уриниб келаётганди.

Июн ойи бошида парламентда Жонсонга ишончсизлик вотуми эълон қилиш бўйича овоз бериш жараёни ўтказилган ва ўшанда у кичик фарқ билан устун келганди. Бу жараён 2020-2021 йилларда, мамлакатда қатъий локдаун амалда бўлган маҳалда Даунинг-стритда ўтказилган зиёфат тўғрисидаги ҳисоботдан ғазабланган Консерваторлар партиясининг 54 нафар депутати томонидан ташаббус қилинганди.

Сўнгги кунларда Борис Жонсоннинг собиқ тарафдорлари унга ортиқ ишона олмасликларини айтишди. Фото: Getty Images

Жонсон ҳукумати аъзоси Крис Пинчер билан боғлиқ можаро сўнгги зарба вазифасини ўтади - у эркакларга жинсий тегажоғлик қилишда айбланган.

Бу иш ҳақида шу ҳафтада маълум бўлди, икки киши ёпиқ клубдаги зиёфат вақтида Пинчер томонидан ўзларига тегажоғлик қилингани ҳақида шикоят қилишган. Крис Пинчер парламентда консерваторлар интизоми учун бевосита жавобгар ҳисобланарди.

Парламентарийларни Жонсон ушбу депутат аввал ҳам шу каби ишларда айблангани, ички текширувда эса айбловлар асосли бўлгани ҳақида хулосага келинганига қарамай уни юқори лавозимга тайинлаганидан қаттиқ норози бўлишган.

Жонсон аввалига бундай ҳолатни эслай олмаслигини айтган, кейин эса барибир узр сўраган - аммо бу унга ўша воқеа ҳақида шахсан ҳисоб берилганига оид рад этиб бўлмас далиллар пайдо бўлганидан кейин рўй берди, агар унинг ўзи буни унутган тақдирда ҳам котиби ўша учрашув тўғрисидаги протоколни очиб, унга эслатиши мумкин эди.

Таҳлил. Жонсоннинг ўрнини ким эгаллайди? Кураш аллақачон бошланган

 

Сажид Жавид (чапда) ва Риши Сунак (ўртада) ўз баёнотларида Жонсондан масофа сақлашга ҳаракат қилишди. Фото: Getty Images

BBC сиёсий бўлими мухбири Иэн Уотсоннинг ёзишича, Консерватив партия раҳбарлиги учун кураш аллақачон бошланиб кетган.

Собиқ-канцлер Риши Сунак истеъфога чиқиш тўғрисидаги баёнотида лавозимдан кетаётган бош вазирдан масофа сақлашга ҳаракат қилиб, у ва Жонсон ўртасида иқтисодиёт борасида «фундаментал келишмовчиликлар» бўлганини айтган.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам истеъфога чиқишини эълон қилар экан, у бошқача эканини таъкидлаганди. Хусусан, Жавид сиёсатнинг юқори поғоналарига кўтарилиш учун қандай ҳаётий тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келгани ҳақида гапирган.

Жонсон - имтиёзларга эга зодагонлар оиласига мансуб бўлган ва у каби сиёсатдонлар кўпинча улар электоратнинг ҳақиқий ҳаётидан бехабарликда айбланади. Жавид тез-тез келиб чиқиши оддий оиладан эканини, у хусусий мактабга эмас, оддий мактабга боргани ва туғилганидан бошлаб элита давраларда «сайр қилмагани»ни таъкидлайди.

Сешанба куни Жонсон томонидан Сунак ўрнига молия вазири этиб тайинланган Надҳим Заҳави эса пайшанба тонгига келиб Жонсонга «ортдан пичоқ урди» ва Борис Жонсон томонида қолиш - ўзини бадном қилиш ва Консерватив партия етакчилиги учун имкониятларини пасайтириш ҳисобланишини айтди.

Бош прокурор Суэлла Браверман ҳам ҳукуматдаги юқори лавозимга қизиқиш билдирган ва у катта эҳтимол билан бош вазирликка номзодини қўймоқчи бўлганлар сафига қўшилади.

Жонсоннинг можароли бошқаруви

Жонсоннинг 2019 йил охирида бошланган бошқаруви қатор можаролар билан кечди. Уларнинг барчаси шунинг учун ҳам қизиқарли тус олдики, Жонсон аввалига барчасини рад этар, кейин тан олар ва кечирим сўрарди. Уни мунтазам ёлғончиликда ва нима қилиб бўлса ҳам ҳокимиятда қолишни исташда айблашди.

Энг шов-шувли можаро Даунинг-стрит 10 - бош вазир идораси жойлашган бинода бўлиб ўтган байрам зиёфатлари эди.

Пандемия чоғида, Жонсон ва унинг сафдошлари телевидение экранлари орқали миллатдан қатъий локдаун талабларига риоя этишни сўраётганида унинг офиси ходимлари Даунинг-стритда доимий равишда спиртли ичимликлар билан базмлар ўтказиб келгани ва улардан бирида бош вазирнинг ўзи ҳам иштирок этгани маълум бўлди. Жорий йил бошида полиция бу ҳолатларни карантин чораларини бузиш сифатида тергов қилди ва бош вазирнинг ўзи ҳам жаримага тортилди.

Ҳукмрон партия ва мухолиф партиялар депутатларини ғазаблантирган нарса шу бўлдики, терговга қадар Жонсон парламентдагиларни базмлар ҳақида унга ҳеч нарса маълум эмаслигини айтиб келганди.

Борис Жонсон 2019 йил Тереза Мэй истеъфосидан кейин мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаб келаётганди. У Мэй эплолмаган Brexit жараёнини муваффақиятли амалга оширди. Жонсон вақтида Британия коронавирус пандемиясини бошдан кечирди, Украинага бостириб кирган Россияга қарши санкция киритиш ва Украинага ёрдам бериш борасида етакчилик қилди.

Жонсон 2008-16 йилларда Лондон шаҳри мэри, 2016-18 йиллар оралиғида Британия ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид