Ўзбекистон | 22:11 / 26.04.2026
9765
2 дақиқада ўқилади

“10 минг доллар таклиф қилишди, лекин рад этдим” — Нилуфар Умрзоқова пул, принцип ва танловлар ҳақида

“Пулни ҳамма яхши кўради. Лекин пул деб ўзлигимни йўқотмасликка ҳаракат қиламан. Пул бизнинг хўжайинимиз эмас”: журналист Нилуфар Умрзоқова ҳаётида пул ва принцип тўқнаш келган вазиятлар ҳақида гапирди.

Turtki подкастида халқ орасида танилган шахслар билан суҳбатлар давом этади. Бу гал подкаст меҳмони журналист Нилуфар Умрзоқова журналистикада ҳалоллик, қўшимча даромад қилишга мажбур бўлган даврлар, оила ва касб ўртасидаги танловлар ҳақида очиқ гапирди. Айтишича, бир вақтлар фақат маош билан фарзанд таълими ва кундалик эҳтиёжларни қоплаш қийин бўлган ва шу сабаб тадбиркорликка ҳам қадам қўйган.

У шунингдек, пул ва қадриятлар масаласида ўз позициясини ҳам очиқ билдирди — инсон пулни бошқариши керак, аксинча эмас.

Катта пулнинг жозибаси бор

“Яқинда мана шунақа воқеа бўлди. Жазони ижро этиш муассасасида кўп кўрсатувлар тайёрлаяпмиз. Кириб-чиқиб юрибман. Бир маҳкумнинг онаси қаттиқ касал бўлиб қолибди. Яқинлари чиқишди менга: ‘Илтимос, бир кечага олиб чиқиб беринг, оналари ўлим тўшагида ётибди’, деб.

Катта пул таклиф қилишди. 10 000 доллар, биттa машина. Бу қонунга зид. Мен ҳатто илтимос ҳам қилмадим. Айтмадим ҳам ҳеч кимга. Ҳаётда шунақа воқеалар бўлади. Катта пулнинг жозибаси бор. Лекин онг билан билиб турибсиз - бу нотўғри. Бу қонунга зид. Ҳалол эмас. Шу ерда тўхтатасиз. Бўлди.”

Подкаст давомида Нилуфар Умрзоқованинг кучли аёлларга нисбатан фикрлари, фарзандини ўқитиш учун бизнесга қўл ургани ва журналистик фаолиятидаги муҳим бурилишлар каби мавзуларда ҳам фикр билдирди.

Суҳбатда экран ортидаги инсон, ўз кўрсатувлари билан ҳар бир оилага кириб борган журналистнинг танловлари, босимлар ва англаганлари ҳақида эксклюзив маълумотлар билан танишинг.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш