Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистонга келган Эрон бош дипломати, Туркияда ижтимоий тармоқларга чеклов ва Ғазода сулҳни бузган Исроил – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон бош дипломати Покистонда
Жума куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ билан тинчлик музокараларини қайта бошлаш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун Покистонга келди.
Аммо ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эрон расмийлари АҚШ вакиллари билан учрашишни режалаштирмаётганини айтди. Котибнинг сўзларига кўра, Эроннинг таклиф ва хавотирлари Покистон орқали етказилади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эрон уларнинг талабларини қондиришга қаратилган таклиф беришини айтди. Бироқ таклиф айнан нимадан иборат эканини ҳали билмаслигини билдирди.
АҚШ ким билан музокара олиб боряпти деган саволга Трамп: «Буни айтмоқчи эмасман, лекин биз ҳозирда раҳбарлик қилаётган одамлар билан иш олиб боряпмиз», деб жавоб берди.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит АҚШ Эрон томонидан ижобий силжишларни кўраётганини ва бу дам олиш кунларида янада кўпроқ натижалар кутаётганини билдирди. Шунингдек, у АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнc ҳам Уиткофф ва Кушнерга қўшилиб Покистонга боришга тайёрлигини қўшимча қилди.
Ҳукуматдаги икки манбага кўра, Ароқчи келиши билан Покистон ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар билан учрашувга йўл олган. Шунингдек, Ароқчи икки томонлама масалаларни мувофиқлаштириш ва минтақавий ўзгаришларни маслаҳатлашиш учун Ўмон ва Россияга ҳам боради.
Трамп пайшанба куни Эрон билан «абадий» келишувга эришмоқчи эканини айтиб, муҳим энергия ташиш йўли Ҳўрмуз бўғозини очишга уринмоқда. Аммо АҚШ блокадаси тўхтамагунича Эрон бўғозни очмоқчи эмас.
Ижтимоий тармоқлар учун чекловлар
Чоршанба куни Туркия қонун чиқарувчилари узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлайди ва компаниялар зиммасига улар учун хавфсиз онлайн майдонлар яратиш вазифасини юклайди.
Туркияда мазкур қонун лойиҳаси анча вақтдан бери кун тартибида эди, бироқ шу ой бошида содир бўлган иккита мактабдаги отишма унинг қабул қилинишини тезлаштирди.
Ҳужжатга кўра, болаларнинг номақбул контентга киришининг олдини олиш учун ёшни текшириш тизими жорий этилади. Ижтимоий тармоқ компаниялари қуйидаги вазифаларни бажаришга мажбур бўлади:
- Фойдаланувчиларни чекловлар ҳақида хабардор қилиш;
- Тушунарли ва қулай ота-она назорати воситаларини тақдим этиш;
- Болалар ҳисобларини бошқариш, обуналар ёки харидлар учун ота-она рухсатини жорий этиш;
- Экран вақтини мониторинг қилиш ва чеклаш имкониятини яратиш;
- Алдамчи рекламаларнинг олдини олиш.
Шунингдек, Туркияда кунига 10 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кирадиган йирик компаниялар – расмий органларнинг буйруғи билан бир соат ичида тегишли аккаунтларга нисбатан чора кўришга мажбур бўлади.
Қонун лойиҳасининг алоҳида банди ўйин платформаларига тааллуқли бўлиб, рейтинги белгиланмаган ўйинларни сотишни тақиқлайди ёки уларни энг юқори ёш чегараси билан жойлаштиришни талаб қилади.
Жума куни Норвегия ҳукумати ҳам 2026 йил охиригача ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун ёш чекловини жорий этувчи лойиҳани парламентга тақдим этишини маълум қилди.
Режага кўра, чеклов бола 16 ёшга тўладиган йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинади. Норвегияда ҳам компаниялар ёшни текширишнинг самарали тизимини жорий этишлари ва «қонунга биринчи кундан бошлаб риоя қилишлари» шарт.
Ўтган йили Австралия болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклаган биринчи давлат бўлди. Кейинроқ Индонезия ҳам шу йўлдан борди. Ҳозирда Испания, Франция ва Буюк Британия ҳам шунга ўхшаш чоралар устида ишламоқда.
АҚШ AI технологиялар ҳимоясини кучайтиради
Оқ уй хорижий субъектлар томонидан технологик ютуқларни ўғирлашга қаратилган «саноат миқёсидаги кампанияларга» қарши курашмоқчи. Бунинг учун АҚШнинг сунъий интеллект компаниялари билан яқинроқ ҳамкорлик қилинади.
Фан ва технология сиёсати бўйича директор Майкл Крациос маъмуриятда «асосан Хитойда жойлашган хорижий тузилмалар» Америка компанияларидан ноқонуний фойдаланаётганини кўрсатувчи янги маълумотлар борлигини ёзди.
Унинг сўзларига кўра, бундай фирмалар АҚШ компаниялари томонидан ишлаб чиқилган AI технологиясини амалда нусхалаб олмоқда. Расмий ушбу ҳаракатлардан мақсад «Америка тадқиқотлари ва ишланмаларига тизимли равишда путур етказиш ҳамда махфий мулкий маълумотларга эга бўлиш» эканини таъкидлади.
Меморандумда «ўғирлик» билан шуғулланаётган хорижий тузилмаларга қарши аниқ жазо чоралари келтирилмаган. Оқ уй вакили ушбу ҳужжатдан ташқари бошқа изоҳ бермади.
Хитой элчихонаси вакили ушбу меморандум «АҚШ томонидан Хитой компанияларига асоссиз босим» ўтказилиши эканини айтган. «Хитой нафақат жаҳон фабрикаси, балки жаҳон инновацион лабораториясига ҳам айланмоқда. Хитойнинг ривожланиши ўзининг фидойилиги ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик натижасидир», дейилади хитойлик дипломатнинг жавобида.
Исроил Ғазода яна сулҳни бузди
Жума куни Ғазо сектори бўйлаб Исроилнинг ҳужумлари натижасида камида 12 киши, жумладан, олти нафар полиция ходими ҳалок бўлди.
Фаластин соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, Ғазо шаҳрида амалга оширилган зарба оқибатида уч киши, жумладан, икки полициячи ҳалок бўлган. Шунингдек, Байт-Лаҳияда 2 киши ва Хон Юнусда берилган зарбада етти киши ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари Ғазо шаҳрига зарба берилганини тасдиқлади ва у «Ҳамас аъзоларини нишонга олганини» билдирди. Ҳарбийлар бошқа хабар қилинган зарбалар бўйича изоҳ бермади.
Ғазо хавфсизлик кучларига кўра, Ғазо шаҳри ва Хон Юнусдаги ҳужумлар маҳаллий полиция кучларига қаратилган бўлган.
Reuters нашри аввалроқ Исроил – Ҳамас томонидан бошқариладиган полиция кучларига ҳужумларини кучайтиргани ҳақида хабар берганди.
2025 йил октябр ойида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Ғазода зўравонликлар тўхтамаяпти. Исроил фаластинликларга қарши деярли ҳар куни ҳужумлар уюштирмоқда.
Маҳаллий шифокорларга кўра, сулҳ келишуви кучга кирганидан бери камида 800 фаластинлик ҳалок бўлган.
АҚШда ўлим жазосига мораторий бекор қилинди
АҚШда собиқ президент Жо Байден даврида жорий этилган федерал қатлларга нисбатан мораторий бекор қилинмоқда. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.
«Бугун Адлия вазирлиги қонуний ўлим жазоларини талаб қилиш, олиш ва ижро этиш бўйича ўз мажбуриятини тиклаш чораларини кўрди. Бу эса ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар барча апелляция имкониятларини тугатганидан сўнг қатлларни амалга оширишга йўл очади», дейилади хабарда.
Адлия вазирлигига кўра, қабул қилинган чоралар қаторига қуйидагилар киради:
- ўлимга олиб келувчи инъекция протоколини қайта жорий этиш;
- отиб ўлдириш каби қўшимча қатл усулларини киритиш;
- бундай ишларни кўриб чиқишни тезлаштириш учун ички жараёнларни оптималлаштириш.
Вазирликнинг таъкидлашича, бундай қадамлар «энг шафқатсиз жиноятларни жиловлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга» бўлади.
2025 йилда Доналд Трамп федерал даражада ўлим жазосини қайта тиклаган ва барча штатларни етарли миқдорда инъекция дозалари билан таъминлашни буюрган эди.
2025 йилда АҚШда сўнгги 15 йил ичида илк бор ўлим жазоси отиб ўлдириш усули билан ижро этилди. Қатл этилган 67 ёшли маҳкум 2021 йилда қайнота-қайнонасини бейсбол таёғи билан уриб ўлдирганликда айбланган.
Бунгача ўлим жазосини ижро этишга мораторий 2021 йилда АҚШ бош прокурори томонидан жорий этилганди.
Мавзуга оид
17:02 / 24.04.2026
Ядровий қурол эҳтимолини рад этган Трамп, Украинага ажратилган миллиардлар ва интернет ўчирилишини оқлаган Путин – кун дайжести
14:35 / 23.04.2026
Пентагонда яна истеъфо, Британияда чекишга қарши қатъий чеклов ва қозоқ нефти транзитини тўхтатган Россия – кун дайжести
15:54 / 22.04.2026
Оташкесимни узайтирган Трамп, Болтиқ узра рус бомбардимончилари ва Япония қурол сиёсатида ўзгариш – кун дайжести
13:45 / 21.04.2026