Ўзбекистон | 13:20 / 11.10.2017
282606
14 дақиқада ўқилади

«Грин кард» анкетасини мустақил ва тўғри тўлдириш учун тўлиқ қўлланма

Ҳар йили 3 октябрдан бошлаб навбатдаги Green Card учун лотереядан рўйхатдан ўтиш бошланади ва бу жорий йилнинг 7 ноябригача давом этади.

Рўйхатдан ўтиш фақатгина www.dvlottery.state.gov сайти орқали амалга оширилади. Рўйхатдан ўтиш мутлақо бепул.

Аслида лоторея учун рўйхатдан ўтишда воситачилар хизматидан фойдаланмаганингиз маъқул. Биринчидан, орада турган воситачилар сиз ўзингиз шундоқ ҳам тўлдиришингиз мумкин бўлган, кишидан инглиз тилини энг оддий даражада билиш талаб этиладиган анкетани 60-150 минг сўмга тўлдириб беришади. Иккинчидан, орада турувчи воситачилар лотереяда ютиш учун ҳеч қандай роль ўйнамайдилар, буни компьютернинг ўзи бажаради. Учинчидан, кейинчалик воситачи сизнинг номингиздан кейинги йилларда ҳам анкетани тўлдириши ва ундан бехабар сиз ўзингиз ҳам тўлдирганда иккала аризани умумий базадан ўчириб ташланишига сабаб бўлади. Тўртинчидан, воситачилар анкета тўлдираётганда сизнинг почтангизни эмас, балки ўзи очган почтани ёзади ва одатда сизга натижани текшириш учун бериладиган кодни беришмайди, бу билан улар сизга ютуқ чиққанда тасдиқлаш кодини тақдим этиш эвазига тўлов олишдан умидвор бўлишади.

Биз сизга диверсификацион лотерея (DV) да ўзингиз анкетани тўлдириш учун тўлиқ қўлланмани таклиф этамиз.

Гринкард анкетаси қандай тўғри тўлдирилади?

Сизга бунинг учун 30 дақиқа вақт берилади. Ушбу вақт ичида, анкетани тўлдириб бўлганингиздан сўнг, сизга уни яна бир маротаба текшириб олиш имкони берилади. Анкета фақат лотин алифбосидан фойдаланган ҳолда тўлдирилади.

Анкета бир неча қисмлардан ташкил топган. Биринчи қисми анкета тўлдирувчининг шахсий маълумотлари учун мўлжалланган бўлиб, 14та банддан иборат. Агар сиз турмуш ўртоғингиз ёки фарзандларингизни кўрсатган бўлсангиз, у ҳолда уларнинг маълумотларини киритиш учун иккинчи қисм очилади.

1. Исм

Last/Family Name – фамилия, First Name – исм, Middle Nameпастга қаранг.

Исм ва фамилия деган жойига амалдаги паспортингизнинг инглиз тилида ёзилган саҳифасидаги исм-шарифингизни ёзасиз.

Middle Name қисмига нима ёзиш керак – кўпчилик бу ерга отасининг исмини ёзиш керак деб хато ўйлайди. Ваҳоланки, Middle Name ва отасининг исми бу икки турли тушунчалар ҳисобланади. Ғарбда кўпчиликда иккинчи (ўрта) исм мавжуд, бу эса бизда деярли учрамайди. Лекин ҳозирда анкета ёзиш қоидалари бироз ўзгарган ва ушбу жойда отасининг исмини ёзса бўлади, қачонки у паспортнинг инглизча қисмида мавжуд бўлса. Лекин, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспортида бундай жой мавжуд эмас. Демак, ушбу жойнинг танидаги No middle name деган катакчани белгилаб қўямиз, холос.

2. Жинси

Male – эркак, Female – аёл.

3. Туғилган вақти

Month – ой, Day – кун, Year – йил. Буларнинг барчаси рақамлар билан кўрсатилади.

4. Сиз туғилган шаҳар

Туғилган жойингизнинг ҳозирги номини ёзинг. Одатда паспортингизда бу жой кўрсатилган бўлади. Лекин шунисига эътибор бериш лозимки, одатда паспортнинг ўзбекча саҳифасида сиз туғилган туман, инглизча саҳифасида эса сиз туғилган вилоят номи ёзилган бўлади. Шу боис инглизча саҳифада ёзилган жой жомини кўрсатган маъқул. Жой номини кўрсатишда битта шаҳар номини кўрсатиш кифоя, туман, шаҳар, вилоят тарзида кўрсатиш шарт ЭМАС. Яшаш жойингиз замонавий номининг расмий манбасидан излаб кўринг. Жой номи лотин ҳарфлари билан ёзилиши керак.

Жой номлари замонавий номларининг манбаси сифатида ушбу лотереяни ўтказадиган АҚШ давлат департаменти сайтининг калит сўзларидан фойдаланган ҳолда Google дан излаб кўрсангиз бўлади. Бунинг учун излаётган жой номига site:state.gov сўзлари қўшиб изланади. Бундай қидирув икки хил номланишга эга жой номларини аниқлаштириш учун қулай ҳисобланади. Фарғона шаҳрининг номланишини худди мана шундай қилиб қидириб кўрамиз. Ferghana ёки Fergana? Қидирувимиз қуйидаги натижани берди:

Ferghana сўзи state.gov доменида 287 марта, Fergana сўзи эса 212 марта учрамоқда. Аслида уларнинг иккиси ҳам тўғри, лекин Ferghana сўзи кўпроқ тушмоқда.

Агар сиз қидираётган шаҳар номи state.gov доменидан чиқмаса, у ҳолда АҚШнинг бошқа давлат сайтларидан site:gov калит сўзлари ёрдамида қидириб кўришингиз мумкин. Агар бунда ҳам натижа чиқмаса Wikipedia.org ва maps.google.com дан фойдаланиш мумкин, тўғри, улар расмий сайтлар эмас, лекин жуда кўпчилик фойдаланадиган манба ҳисобланади.

Агар туғилган шаҳрингиз номаълум бўлса, ушбу жой остидаги Birth City Unknown (туғилган шаҳри маълум эмас) катакчасини белгилаб қўясиз.

5. Сиз туғилган давлат

Ушбу ердаги рўйхатдан ўзингиз туғилган давлатни белгилайсиз. Масалан, Uzbekistan, Kyrgyzstan, Tajikistan ва ҳоказо.

6. ДВ дастурида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган давлат

Агар сиз лотореяда қатнашадиган давлатларнинг бирортасида туғилган бўлсангиз, ушбу банддаги майдонларга тегмасдан кейинги бандга ўтиб кетаверасиз. Қайси давлатларнинг ушбу рўйхатга киришини ушбу манзилдан аниқласа бўлади.

7. Қатнашувчининг сурати

“Choose New Photo” тугмасини босинг ва компьютерингиздаги расмни белгиланг. DV виза лотореясида қатнашувчи иштирокчиларнинг расмлари қуйидаги оддий ва қатъий қоидалар бўйича тайёрланган бўлиши керак:

  • Расмга тушувчи одам камерага тўғри қараб турган бўлиши;
  • Одамнинг боши тепага, пастга ёки ёнга қараб турган бўлиши керак эмас;
  • Бошнинг баландлиги умумий кадр узунлигининг 50% - 69% оралиғида бўлиши керак;
  • Орқа фон нейтрал рангда бўлиши (оқ бўлгани мақсадга мувофиқ). Тўқ ёки гулли фонга эга расмлар қабул қилинмайди;
  • Расм аниқ олинган бўлиши;
  • Расмга тушувчи киши қора кўзойнак ёки юзни тўсиб турувчи бошқа турли аксессуарларда бўлмаслиги;
  • Агар бошининг юқори қисми ўраб турадиган кийими бўлса ва у киши диний эътиқоди билан боғлиқ бўлса, унинг бирор қисми ҳам юзни тўсиб турмаслиги;
  • Расмга соя тушиб турмаган бўлиши шарт.

Техник кўрсаткичлари:

  • Расм JPEG формати бўлиши керак;
  • Тасвирнинг максимал ҳажми 240 килобайт (240 KB);
  • Тасвир ўлчами: узунасига ва энига 600х600 ва 1200х1200 пиксел оралиғида бўлиши лозим;
  • Ранг чуқурлиги: 24 бит

8. Почта манзили

Бу сизнинг, яқин кишингиз, қариндошингиз ёки шунчаки танишингизнинг манзили бўлиши мумкин. Манзил сифатида истаган давлатингизни белгилашингиз мумкин.

Ушбу жой лотин алифбосидан фойдаланган ҳолда мазкур манзил почта ташувчиси тушунадиган ҳолатда ёзилиши керак.

In Care Of – бу ерга почта манзилидаги шахснинг исми ва фамилияси ёзилади. Бу ерга ўзингизнинг исм фамилиянгизни ёзсангиз ҳам бўлади.

Address Line 1 – ушбу бандда кўча номи, уй ва хонадон рақами кўрсатилади. Почта индекси кўрсатилмайди. Иккинчи (Address Line 2) қатор жой ёки кўча номи биринчи қаторга сиғмаганда ёзиш учун ишлатилади, агар сизда биринчи қаторга сиққан бўлса, бу қатор бўш қолдирилади.

City/Town – яшаш жойининг номи.

District/Country/Province/State – республика/ ўлка/ вилоят/ округ номи. Бу ердаги республика сўзи давлатдаги республикага тегишли эмас, бу ерда автоном республикалар назарда тутилмоқда. Агар сиз Тошкент шаҳрида яшасангиз, бундан олдинги бандда уни кўрсатган бўласиз, лекин бу катак бўш қолиши мумкин эмас, шу боис иккинчи марта Тошкент деб ёзиб қўясиз. Қолган барча шаҳар ва туманлар қайсидир бир вилоят таркибига киради.

District/Country/Province/State – почта индекси. Почта индексини ёзаётганда янги почта индексларини ёзишга ҳаракат қилинг, буни Google дан қидириб топсангиз бўлади. Агар ростдан ҳам сиз яшайдиган жойнинг почта индекси бўлмаса No Postal Code/Zip Code катакчасини белгилаб қўясиз.

Country – рўйхатдан давлатингизни белгилайсиз.

9. Айни вақтда яшаётган давлатингиз номи

Рўйхатдан айни вақтда яшаётган давлатингиз номини белгилайсиз. Фуқаролик ёки туғилган давлатингиз билан адаштириб юборманг. Масалан, сиз ўқиш билан Малайзияда ёки иш билан Россияда яшаб турган бўлсангиз ўша давлатларни кўрсатасиз.

10. Телефон номери

Бу ерга ўзингизнинг телефон рақамингизни халқаро форматда ёзасиз. Ушбу бандни тўлдириш шарт эмас, лекин тавсия қилинади. Бу ерга уй телефон рақами ёки қўл телефонининг рақамини ёзсангиз бўлади, энг муҳими у доим ишлаши ва сиз унга жавоб бера олишингиз кераклигини ҳисобга олинг.

Масалан, сизга АҚШдан қўнғироқ қиладиган бўлишса у ҳолда + 998-хх-ххх-хх-хх кўринишида ёзишингиз лозим.

11. Электрон почта манзили

Биринчи қаторга электрон почта манзилингизни ёзасиз, иккинчи қаторга эса уни худди ўзидек қилиб қайтадан кўчириб ёзасиз.

12. Маълумот даражаси

Анкета тўлдиралаётган вақтдаги маълумот даражаси ёзилиши лозим. Бу ерда сиз бир ой ёки 6 ойдан кейин диплом олишингиз муҳим эмас. АҚШдаги таълим тизими Ўзбекистондагидан бироз фарқ қилади, шу боис ушбу бандни тўлдираётганда эътиборлироқ бўлиш лозим:

Primary school only – фақат бошланғич мактаб;

High School, no degree – ўрта мактаб, лекин шаҳодатномаси йўқ;

High School, degree – ўрта мактаб, шаҳодатномага эга;

Vocational School – касб-ҳунар коллежи;

Some University Courses – тўлиқсиз олий;

University Degree – олий маълумот;

Some Graduate Level Courses – бир қанча магистратура даражасидаги курслар;

Master’s Degree – магистр даражаси;

Some Doctorate Level Courses – Тугалланмаган аспирантура/докторантура;

Doctorate Degree – докторантура.

13. Оилавий аҳволи

Оилавий аҳволи деган банд айни вақтдаги қонуний оилавий ҳолатингиз бўйича тўлдирилади.

Unmarried – ҳеч қачон турмуш қурмаган.

Married and my spouse is NOT a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR)  – уйланган/турмушга чиққан. Турмуш ўртоғи АҚШ фуқароси ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга эмас.

Married and my spouse IS a U.S. citizen or U.S. Lawful Permanent Resident (LPR) – уйланган/турмушга чиққан. Турмуш ўртоғи АҚШ фуқароси ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга. Ушбу икки банддан бирини сиз турмуш ўртоғингиз билан анчадан бери яшамаётган бўлсангизу, лекин қонуний никоҳ мавжуд бўлганда ҳам белгилайсиз, ҳаттоки никоҳингиз бекор қилиниш босқичидаю, лекин ариза тўлдираётган вақтингизда никоҳ ўз кучида бўлса ҳам.

Divorced – ажрашган.

Widowed – турмуш ўртоғи вафот этган.

Legally Separated – МДҲ давлатларида Legally Separated ҳолатининг юридик асоси мавжуд эмас, шу боис бу бандни белгилаш суҳбат жараёнида аризани рад этишга сабаб бўлади.

Агар сиз шаръий никоҳ билан яшаётган бўлсангизу, лекин ҳали қонуний никоҳдан ўтишга улгурмаган бўлсангиз, married бандини танлай олмайсиз. 

14. Фарзандлар сони

Бу ерга сиз ўзингизнинг барча 21 ёшгача бўлган фарзандларингизни (никоҳдаги фарзандингиз бўлиши шарт эмас) Қаерда яшашидан қатъи назар кўрсатасиз. Фақатгина АҚШ фуқароси ёки у ерда доимий яшовчи фарзандингиз ёзилмайди. Ушбу бандга фарзандларингиз сони рақам билан ёзасиз, агар фарзандингиз бўлмаса нол ёзасиз.

Ушбу бандда хотинингиз/эрингизнинг аввалги никоҳидаги фарзандларини (21 ёшгача) ҳам ёзасиз. Хотинингиз/эрингизнинг ўзи боқиб олган фарзандини кўрсатиш шарт эмас, уни ўша аризачининг ўзи кўрсатади.

Шундан сўнг ёзганларингизни бир қатор текшириб чиқинг ва Continue (Давом этиш) тугмасини босинг.

Агар сиз хотинингиз/эрингиз ва фарзандларингизни кўрсатган бўлсангиз, аризанинг иккинчи қисми очилади. Иккинчи қисмга уларнинг маълумотларини ўзингизникига ўхшатиб тўлдириб чиқасиз. Ҳар ким учун ўзининг расми бўлиши шарт.

Агар турмуш ўртоғингизнинг ўзи ҳам лотореяда қатнашишни истаса алоҳида анкета тўлдиради. Иккинчи қисмга эса сизнинг маълумотларингизни ёзади. Бундай ҳолатда ютиш эҳтимоли ортади.

Барча жараёнлар тугаганидан сўнг, Continue тугмаси босилади. Шундан сўнг очилган саҳифа орқали сиз анкетани бир қатор кўздан кечириб чиқишингиз лозим, хатоликлар бўлса ортга қайтиб тўғирлаш мумкин. Ушбу саҳифа қуйидагича кўринишда бўлади:

Шундан сўнг Submit тугмасини босасиз, ойнада сизнинг анкетани муваффақиятли тўлдирганингиз ҳақидаги саҳифа пайдо бўлади. Ушбу саҳифада сизнинг исм шарифингиз, анкета тўлдирилган сана, натижани текшириш коди (16 белгидан иборат) бўлади. Саҳифа юқорисида Print (Чоп этиш) тугмаси орқали чоп этишингиз мумкин бўлади. Натижани 1 май 2018 йил кунидан бошлаб 2019 йил сентабргача текшириш мумкин бўлади.

Юқоридаги маълумотлар асосида ўзингиз воситачи ёрдамисиз бемалол анкетани тўлдира оласиз. Омад ёр булсин!

Бахтиёр ШЕРАЛИЕВ

Мавзуга оид