АҚШ Давлат департаменти 2022 молия йили учун Турли миллат вакиллари дастурига (DV-2022) аризалар қабули 2020 йил 7 октябрдан бошланишини эълон қилди.
Аризалар 10 ноябрга қадар, dvlottery.state.gov портали орқали қабул қилинади. Лотереяда иштирок этиш учун ариза қолдириш мутлақо бепул.
Натижалар 2021 йил 8 май куни юқоридаги сайтда эълон қилинади.
Лотереяда ғолиб деб топилиб, кейинги жараёнлардан муваффақиятли ўтганлар 2022 йилда АҚШга кўчиб ўтиши мумкин бўлади.
Бу гал ҳам DV дастури орқали 55 мингтагача иммиграциявий виза берилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон фуқароларидан хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлиш ва анкета тўлдираётганда ушбу паспорт маълумотларини киритиш талаб этилади.
Барча номзодлар энг камида ўрта таълимни тамомлаган бўлиши ёхуд сўнгги 5 йил давомида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
Эслатма: Ҳар бир шахс томонидан ёки унинг номидан фақат битта ариза топширилишига рухсат берилган. Ариза тўлдирилгандан сўнг, тасдиқлов рақами (расмий номи – Аризачи Мақомини Текшириш Функцияси – Entrant Status Check)га оид маълумотни чоп этиб ёки сақлаб олишингиз зарур. Бу маълумотни зинҳор ташлаб юборманг! Бировга берманг! Зеро бу – дастур натижасини текшириб кўришнинг ягона имконияти. Сиз учун кимдир аризани тўлдириб берса, албатта бу маълумотни талаб қилинг. Йўқса, сизга ютуқ чиққан тақдирда товламачилик қилиб, сиздан пул ундириш ҳаракатига тушиб қолиши мумкин.
АҚШ Давлат департаменти биттадан ортиқ киритилган аризаларни аниқлаш учун мураккаб технологиялардан фойдаланади. Мурожаатчининг биттадан ортиқ топширган аризалари дастурдан четлатилади.
Ариза инглиз тилида бехато тўлдирилиши ва илова қилинаётган фотосурат белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда ариза лотереяга қўйилмайди.
Маълумот учун, Diversity Visa дастуридан кўзланган мақсад – АҚШга иммиграция кўрсаткичлари тарихан кам бўлган давлатлар фуқароларини Америкага келишга рағбатлантиришдан иборат. Охирги 5 йилда 50 мингдан кўп фуқароси АҚШга иммиграция қилган давлатлар фуқаролари дастурда қатнаша олмайди; улар қаторида Хитой, Канада, Буюк Британия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия каби мамлакатлар бор.

















