Ўзбекистон | 17:03 / 15.12.2022
40832
3 дақиқада ўқилади

Президент сўнгги бир ҳафтадаги вазият учун Раматов ва бошқа раҳбарларни танқид қилди

Давлат раҳбари ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш масаласига тўхталди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари сўнгги кунларда аҳолини қийнаётган энергия таъминоти масаласига тўхталиб ўтди.

Охирги олти йилда соҳада катта ўзгаришлар бўлгани, жумладан:

  • 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қувватлари яратилгани (аввалги 25 йилда бор-йўғи 3,3 минг мегаватт қувватлар ишга тушган);
  • 45 минг километр электр тармоқлари ва 13 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгилангани (бу ҳам аввалги йилларга нисбатан 3-4 баравар кўп);
  • суюлтирилган газ ва кўмир ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошгани таъкидланди.

«Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдураҳманов, Д.Исақулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди. 

Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди.

Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади», деди президент.

Йиғилишда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғриликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ ва шерик бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилди.

Декабр ойи бошидан қарийб 3 мингта, сўнгги икки кунда эса 1,5 мингта бундай ҳолат аниқланди. Улар айниқса, Фарғона (617 та), Андижон (325 та), Самарқанд (252 та), Наманган (220 та), Сирдарё (218 та), Тошкент шаҳрида (269 та) кўп.

Мисол учун, электрдан 8 миллион киловатт ўғирланган, бу – куз-қиш мавсумида 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Шу билан бирга, 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланди.

Ўтган ҳафта Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилган.

«Бу вилоятлар ҳокими, прокурори, ички ишлар идоралари нима билан банд?» - дея савол қўйди президент.

Вилоят ҳокимлари қозонхона, газ ва кўмир тарқатиш шохобчалари, автопарк, электр тармоқларига бориб, ишларни кўзи билан кўрмагани, бу ишларни ташлаб қўйгани кескин танқид қилинди.

Мавзуга оид