Ўзбекистон | 21:50 / 10.12.2018
12375
2 дақиқада ўқилади

2020 йилдан барча ҳудудларда пуллик магистрал йўллар босқичма-босқич жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Пуллик автомобиль йўллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда инвесторлар ва/ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўллари бўйидаги ҳудудларни ободонлаштириш мажбуриятлари олинган ҳолда йўл бўйи инфратузилма объектларини қуриш учун уларга ер участкалари беришнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлайди;

2019 йил 1 июнгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш дастурларига киритиш учун мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич пуллик магистрал йўлларни жорий этиш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги таклифларни тайёрлайди ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

2020 йил 1 январдан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик доирасида пуллик магистрал йўлларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошланишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда йўл бўйида пуллик автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш учун йўл участкаларини белгилайди.